Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:49

Мира Риттман: Қорақалпоғистонда ҳаддан ташқари куч қўллаганлар жазога тортилиши керак


Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон хавфсизлик кучларини шу йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган норозилик намойишларини бостириш чоғида "ҳаддан ташқари ва ҳалокатли" куч қўллаганликда айблаб чиқди.

Ташкилот Telegram, Instagram ва TikTok каби платформаларда жойлаштирилган видео ва фотосуратлар, шунингдек, бевосита юборилган ўнлаб тасвирларни таҳлил қилган ҳолда шундай хулосага келганини айтмоқда.

1-2 июль кунлари Нукусда минглаб намойишчи Ўзбекистон Конституциясидаги Қорақалпоғистон Республикаси мақомига оид бандларга таклиф этилган ўзгартиришларга норозилик билдириш учун кўчаларга чиққан.

Тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни бостириш чоғида, расмийларга кўра, тўрт нафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари дохил 21 одам ҳалок бўлган, 270 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Озодлик ҳисобот хулосалари ҳақида унинг муаллифларидан бири, Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттман билан суҳбатлашди.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттман.
Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттман.

-Сиз Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар чоғида Ўзбекистон хавфсизлик кучлари “асоссиз” ва ҳаддан ташқари куч ишлатгани, ҳалокатли қуроллардан фойдаланганини айтгансиз. Буларни тасдиқловчи қандай далилларингиз бор?

Мира Риттман: Гуруҳимиз Қорақалпоғистонда 1-2 июл кунлари бўлиб ўтган норозилик намойишлари чоғида олинган 80 дан ортиқ видео ва бир неча фотосуратни, аниқроғи 30 та фотосуратни таҳлил қилди. Визуал далилларни мустақил тиббий таҳлил қилиш орқали одамларнинг тўқималари портловчи моддалар келтириб чиқарадиган жароҳатга мос келадиган тарзда жиддий шикастланган, ва эҳтимол, улар ҳалок бўлган еттита ҳолатни аниқладик. Шунингдек, бир киши қуролдан отилган ўқдан яраланганини тасвирларда кўрдик. Шунингдек, норозилик намойишлари пайтида хавфсизлик кучлари Калашников автоматлари билан қуролланган бўлгани ҳақида далилларимиз бор. Барча визуал далиллар шуни кўрсатадики, ҳукумат ҳақиқатан ҳам ўлимга олиб келадиган қуроллар билан куч ишлатган ва бу намойишчиларнинг ўлимига сабаб бўлган.

-Фақат тармоқларда тарқалган ва сизга жўнатилган тасвирлар асосида шундай хулосага келинган бўлиб чиқяптими? Ташкилотингиз экспертлари воқеа рўй берган жойга бордими, жабрланганлар ва ўлганларни яқинлари билан суҳбатлашдими?

Мира Риттман: Биз Қорақалпоғистонга борганимиз йўқ. Июль ойидаги норозилик намойишларидан сўнг у ер ахборот қамали ичида эди. Аммо бизнинг жамоамиз текшириш ўтказди, улар бизда мавжуд бўлган видеолар ва фотосуратларни таҳлил қилди. Биз шу таҳлилларга асосланган хулосаларимизга қатъий ишонамиз.

-Ўша яраланган намойишчилар ёки уларнинг қариндошлари билан ҳеч бўлмаганда телефонда гаплаша олдингизми?

Мира Риттман: Биз улар билан гаплашишга ҳаракат қилдик, лекин афсуски, қўрқув муҳити кучли эди. Бизнинг хулосамиз ҳеч қандай суҳбатларга эмас, балки биз тўплаган фотосуратлар ва видео далилларга асосланган.

-Ўзбекистон Қорақалпоғистондаги норозиликларни текшириш учун ҳукумат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан ташкил топган парламент комиссиясини тузди. Омбудсман Феруза Эшматова комиссияга раислик қилмоқда. Ўзбек томонига ўзининг, ҳеч бўлмаса, дастлабки хулосаларини эълон қилишга фурсат бериш керак эди, деб ўйламайсизми?

Мира Риттман: Бундай комиссия ташкил этилгани муҳим қадам бўлди, мақсад инсон ҳуқуқлари бузилишини текшириш эди. Аммо аъзолар асосан, ҳукумат амалдорлари эканини ҳисобга олсак, хулосалар ҳақиқатан ҳам мустақил бўлишини кутиш қийин, деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, шаффофлик йўқ, ҳисобот учун вақт жадвали ҳам йўқ. Якуний хулоса қачон режалаштираётгани маълум эмас. Ҳисобот асосида нима содир бўлиши ҳам аниқ эмас. Содир бўлган ўлим ва жароҳатлар учун жавобгарлик масъулият кимга юкланиши маълум эмас. Шунинг учун HRW инсон ҳуқуқлари бузилиши учун ким масъул эканини аниқлаш учун ҳақиқий мустақил тергов ўтказишга чақирди, жумладан, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган 21 киши ҳалок бўлган ва ўта оғир жароҳатлар учун масъулларни аниқлашда бундай тергов жуда муҳим.

- Ўзбекистон расмийларидан ҳозирча ҳисоботингизга ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Менинг саволим ўз хулосаларингиз бўйича Ўзбекистон ҳукумати ёки ушбу воқеаларни текшираётган комиссия аъзолари билан боғлана олдингизми?

Мира Риттман: Ҳукумат қарашини излаш бизнинг тадқиқотимиз ва терговимизнинг муҳим қисмидир. Август ойи охирида Ўзбекистон Бош прокурорига хат жўнатдик. Қорақалпоғистон воқеаларини ўрганувчи комиссия раҳбари Феруза Эшматовага ҳам хат жўнатдик. Афсуски, ҳисобот чоп қилинишидан олдин жавоб олмадик. Биз хатларни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси орқали жўнатдик. Мактублар етиб боргани ҳақидаги тасдиқни олдик, аммо афсуски, жавоб олмадик. Шунингдек, биз Қорақалпоғистонда содир бўлган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини тузатиш бўйича ўз хулосаларимиз ва тавсияларимизни муҳокама қилиш умидидан воз кечмадик ва бунинг учун очиқмиз.

-Мирзиёев, агар нотўғри куч ишлатилган ҳолатлар аниқланса, айбдорлар жазоланишини айтди. Бу рўёбга чиқишига ишонасизми?

Мира Риттман: Тўғри, Ўзбекистоннинг юқори даражадаги амалдорлари ва президентнинг ўзи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатини текшириш кераклигини айтди. Аммо биз буни амалда кўрмадик. Ҳеч бир ҳуқуқ-тартибот ходими судга тортилганини кўрмадик. Ҳозирга қадар Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан бирон ҳокимият вакили ёки куч тизимлари ходимига чора кўрилгани ёки уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани гувоҳи бўлмадик. Охир-оқибат, президент томонидан айтилган бу баёнот қуруқ гап бўлиб қоляпти. Бу сўзлар ортида мазмунли ҳаракат борлигини кўрсатиш Ўзбекистон расмийлари зиммасида. Акс ҳолда, бу қуруқ гап бўлиб қолаверади. Мирзиёев Ўзбекистонни ишончли халқаро ҳамкорга айлантиришга ҳаракат қилмоқда, агар ҳукумат одамлар ўлимига сабабчи бўлган шахсларни жавобгарликка торта олмаса, президентнинг бу уринишлари беҳуда бўлиб қолаверади.

Қорақалпоғистон: Қонли намойишлардан бир ой ўтиб кўплаб саволлар очиқ қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:58 0:00

1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликдир.

Ўзбекистон расмийлари ҳозирча HRW ҳисоботига муносабат билдиргани йўқ.

Аввалроқ куч тизимлари вакиллари Қорақалпоғистонда зўравонликларга айланиб кетган намойиш қатнашчиларига нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатилгани ва жанговар қуроллар ишга солингани ҳақидаги хабар ва иддаоларни рад этишган.

1 ноябрь куни эса Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларда айбланганлардан яна 35 нафари қамоқдан уйларига қайтгани маълум қилинди.

Мазкур шахслар Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларда айбланиб, ҳибсга олинган шахслар бўлиб, улар воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган комиссия таклифи ва Жўқорғи Кенгес илтимосномасига кўра ҳибсдан озод қилинган.

Шу тариқа тартибсизликларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган ва ҳибсдан озод қилинганлар сони 107 кишига етган.

Айни пайтда озод қилинган шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг натижалари бўйича маълумотлар берилмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG