Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:34

Энергетика инқирози: "Фарғонаазот"да иш тўхтади, тадбиркорлик субъектлари газдан узилмоқда


"Фарғонаазот" АЖ
"Фарғонаазот" АЖ

Ўзбекистондаги минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган йирик заводлардан бири “Фарғонаазот” АЖ ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бунга корхона истеъмол қиладиган табиий газ етишмовчилиги сабаб бўлди.

Завод ишчиларининг Озодликка айтишича, 10 ноябрдан бошлаб газ босими етарли бўлмагани учун аммиак ишлаб чиқариш цехларида фаолият тўхтаган.

Ноябрь ойидан бошлаб ишчиларнинг маоши ҳам кескин қисқарган. Улар қўшимча тўлов, мукофот ва ёрдам пулини ололмаяпти.

Корхона маъмурияти Озодликка газ берилмаётгани сабаб иш вақтинча тўхтатилганини тасдиқлади.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, газ ва электр энергияси тақчиллигидан ўрта ва кичик бизнес ҳам катта зарар кўрмоқда.

“Фарғонаазот” АЖ ишчиларининг Озодликка ёзишича, 10 ноябрдан бошлаб корхонага газ етказиб бериш тўхтатилган:

“Заводда ишлаб чиқариш тўхтаганлиги сабабли ноябрь ойи учун ишчиларнинг лавозим окладига кушимча 060, 170, 171 тўлов турлари, мукофот ва ёрдам пуллари тўлаш тўхтатилди. Ишчилар сменали графикдан кундузги графикка мажбурлаб ўтказилмоқда. Қиш яқин, ҳаммага пул керак бўлган вақтда бундай тарзда ишчиларнинг ойлигини қирқиш ноинсофликку. Агар заводимизга табиий газ тўлиқ етказиб берилса биз ишдан қочмаймиз, ватанимиз равнақи учун ишлашга тайёрмиз. Бу ҳолатларнинг сабабчиси бўлган масъулларга қаттиқ чора кўрилсин”.

Озодлик суҳбатлашган завод ишчиларининг айтишича, иш асосан ишлаб чиқариш цехларида тўхтаган:

“Бизда селитра, карбамид сингари қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган ўн хилдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотлар эса аммиакдан олинади. Газ йўқлиги сабаб аммиак ишлаб чиқарадиган цехлар ишламаяпти, бу эса ўз навбатида бошқа цехларнинг ҳам ишламаслигига сабаб бўляпти”, дейди исмини очиқлашни истамаган ишчилардан бири.

Бошқа ишчининг айтишича, ҳар йили газ тақчиллиги сабаб завод декабрь ойининг охирида ишлаб чиқаришдан тўхтатилиб, таъмирлаш ишлари олиб бориларди. Бу йил эса деярли икки ой олдин иш тўхтаган:

“Ишимиз оғир ва саломатликка зарари бор. Ойликнинг ўзи ўртача 2-2,5 миллион сўм атрофида. Қўшимча тўловлар билан 3-4 миллион сўмгача олардик. Ноябрь ойлигимиз эса ўша тўловларсиз чиқди. Корхонада олти мингдан ортиқ одам ишлайди. Ҳозир шуларнинг қарийб беш минг нафари ишсиз қолди. Мажбурий отпускага чиқариляпти, қолганлар ишга боряпмиз, лекин майда-чуйда ишларни қилиб юрибмиз. Бу аҳволда қишда йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган бўлиши аниқ”.

“Фарғонаазот” АЖ бошқаруви раисининг ёрдамчиси Зуҳриддин Комилов завод фаолияти вақтинча тўхтатилганини тасдиқлади:

“Тўғри, газ йўқлиги сабабли завод тўхтади. Газ тепадан берилмаяпти. Лекин ишимиз тўхтагани йўқ, керакли жойларда ремонт кетяпти. Ишчиларнинг маоши ҳақида ҳали конкрет расмий буйруқ чиқмаган. Шундай гап-сўзлар юрибди, ишчилар шунга хавотирланаётган бўлиши мумкин”.

Табиий газ ва электр энегияси тақчиллиги кичик ва ўрта бизнесга ҳам катта зарар келтирмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги фармонидан кейин Риштонда кулолчилик маркази қурилган ва туризмни ривожлантириш мақсадида кулолларга узлуксиз газ етказиб беришга ваъдалар берилган эди.

Аммо, 10 ноябрдан бошлаб бу марказга ҳам газ бериш тўхтатилди. Туман ҳокими С.Солиев Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Б.Раҳимовга ёзган мактубида агар газ етказиб бериш тўхтатилса, саноат зонаси корхоналарида ишлаб келаётган фуқаролар ишсиз қолиши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Риштон тумани ҳокими С.Солиевнинг мактуби
Риштон тумани ҳокими С.Солиевнинг мактуби

Ўзбекистонда электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳам минглаб кичик корхоналарнинг иш жараёнига салбий таъсир кўрстамоқда.

Андижон вилоят, Балиқчи туманидаги мебел ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарининг айтишича, кунига бир неча марта свет ўчади ва кунига улар аввал ўнта мебел ишлаб чиқарган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич бештага тушиб қолган.

Самарқанд вилоят Ургут туманидаги мебел ишлаб чиқариш кичик корхонасининг исми сир қолишини сўраган директори ҳам ишчилари бекор қолганини айтади:

“Бизда ҳам шу аҳвол. 24 соат ичида 4 ёки 5 соат свет беради. У ҳам бўлса узиб-узиб. Бунақада иш бўладими. Ўтган йили сал тузукроқ эди, бу йил эса ҳали қиш кирмасдан туриб ишсиз қоляпмиз”.

Озодлик суҳбатлашган қашқадарёлик, сурхондарёлик тадбиркорлар ҳам газ ва свет тақчиллигидан шикоят қилди.

Ўтган ҳафта ўзбекистонлик мутахассислар газ тақчиллиги мамлакатда блэкаутга сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришган. 16 ноябрь куни Тошкентдаги матбуот брифингида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев энергетика тизимидаги узилишлардан тадбиркорлар кўрадиган зарарни ҳисоблаш методикаси йўқлигини эътироф этган:

“Бизда блэкаутнинг бизнесга етказган зарарини ҳисоблаш методикаси йўқ, шунинг учун янги қоидаларни кучга киритишимиз керак. Унда электр энергиясидаги узилишлар натижасида бизнес кўрган зарарни ҳисоблаш ва қоплаб бериш тартиби ҳам акс этади. Тадбиркорлардан таклифлар келиб тушса, шу қоидаларни ўзгартирамиз”, – деди вазир ўринбосари.

Расмийларнинг билдиришларича, Ўзбекистонда электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқилади. Бунинг учун газ ва кўмир ишлатилади. Энергетика вазирлиги ва унинг тузилмалари ИЭСлар учун қиш мавсумида газ билан етарли даражада таъминланмагани учун инқироз юз бераётганини тан олган.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг айтишича, Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган кунлик эҳтиёжи 245 млн кВт/соатга тенглигини, аммо бугунги кунда суткасига фақат 230 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш захираси мавжуд. Ўзбекистонга кунига 15 млн кВт/соат электр қуввати етишмайди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG