Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:42
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

18:01 16.12.2022

Сурхондарёда свет идорасининг 7 мулозимига жиноят иши қўзғатилди

Тармоқларда кучаётган норозиликлар фонида ҳукумат соҳа мутасаддиларини жазолаш кампаниясини олиб бораётгани кузатилмокда.

Бугун, 16 декабрь куни Сурхондарёда электр ва газ таъминоти бўлимининг бир қанча мулозимига жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинди.

Вилоят прокуратурасига кўра, Қизириқ, Шеробод, Сариосиё, Музработ, Узун, Денов, Ангор туманларидаги газ ва электр идоралари мулозимларининг бир қатор ноқонуний ишлари аниқланган.

Мирзиёев 15 декабрдаги йиғилишда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда ўғрилик ҳолатларига маҳаллий раҳбарларни шерикликда айблаган эди.

20:04 15.12.2022

Мирзиёев газ ва свет ўғирликларига раҳбарлар шерик бўлаётганини айтди

12 декабрдан бошлаб мамлакат бўйлаб электр ва газ бўйича рейдлар ўтказилмоқда. Рейдларнинг дастлабки 4 кунида электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда ўғрилик ҳолатлари энг кўп Фарғона, Андижон, Самарқанд, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида аниқланган.

Мирзиёев жума кунги видеоселекторда бу ўғирликларга маҳаллий раҳбарлар шерик бўлаётганини таъкидлади.

Президент матбуот хизмати эълон қилган рақамларга кўра, шу 4 кунда электрдан 8 миллион киловатт ўғирлангани аниқланган, бу совуқ пайти 41 минг ҳовли уйларнинг бир ойлик истеъмолига тенг.

Табиий газдан эса 11,5 миллион куб метр ёки 19 минг хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг табиий газ ноқонуний ишлатилгани аниқланган.

Ўтган ҳафта эса Наманганда 110 тонна, Қорақалпоғистонда 22 тонна аҳолига берилиши керак бўлган кўмир ноқонуний равишда сотиб юборилгани аниқланган.

18:42 15.12.2022

Президент энергетик муаммолар учун 7 мулозимни айблади

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги энергетик бўҳрон учун Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовни ҳамда «Ўзбекнефтгаз» раиси М.Абдуллаев, «Иссиқлик электр станциялари» раиси Ф.Абдураҳмонов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» раиси Д.Исақулов, «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси У.Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раиси Б.Норматов, «Ҳудудгазтаъминот» раиси Б.Эшмуродовни айблади:

"Агар улар одамларни аниқ режа ва таҳлил билан огоҳлантирганида, адолатли ҳақиқатни айтганида, одамларимиз тўғри тушуниб, норози бўлмас эди...Улар қишга тайёргарликни барбод қилди, шунча қилаётган ислоҳотларимизни обрўсизлантирди. Ваҳоланки, уларнинг тизимида 115 мингдан зиёд ходимлардан иборат катта армияси бор. Улар ҳам ойлик олади”.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра,15 декабрь кунги видеоселектор йиғилишида Мирзиеёв бу етти мулозимга ҳайфсан берган ва уларнинг икки ой давомида фавқулодда режимда ишлаши борасида топшириқ берган.

17:12 15.12.2022

Янги челленж: #Фикр_полицияси

Икки кундирки, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сигментида #Фикр_полицияси деб номланган янги челленж давом этмоқда. Бунга фарғоналик ишчиларнинг газ ва электр борасидаги норозилигини ёритгани учун 21 млн. сўмлик жаримага тортилган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг 14 декабрдаги пости сабаб бўлди.

“Жимлик сақла, гапирма” маъносида кўрсаткич бармоғини лабига қўйиб, тушган суратига Ҳайдаров энергетик бўҳрон ҳақида гапирганларни “Фикр полицияси” жаримага тортиши ёки қаматиши мумкинлиги ҳақида кинояли постини илова қилган:

“Ташқарида -5 (водийда шундай, Бухоро, Нукус томонларда -20 дейишмоқда) даража совуқ, хонадонларда на газ, на электр бор, борларига ҳам тайинли берилмайди, метан газ заправкаларда газ йўқ, Пропан ва бензин заправкаларда эрталабдан кмлаб навбатлар. Кўпчилик одамлар қиш кирганига эндигина 15 кун бўлган бўлса-да, аллақачон қиш учун ғамлаган захирасини ярмидан кўпини ишлатиб бўлишди. Лекин бу ҳақда бирор жойда гапириб юрманглар. Атроф тўла "фикр полицияси" ходимлари юришибди. Ё жаримa қилишади, ё қамашади. Мана шу кетишдa фикр билдириш, бор нарсаларни айтиш, гапириш ёки ёзиш у ёқда турсин, хаёлан ўйлаган фикримиз учун ҳам жазолансак, ажабланмайман. Жим туринг, шовқинланманг, Август келса, ҳаммаси яхши бўлиб кетади дейишяпти-ку”.

Ўнлаб тармоқ фойдаланувчилари Ҳайдаров сингари бармоғини лабига қўйиб, селфига тушишди ва суратларига блогернинг юқоридаги постида ёзилган гапларни илова қилишди.

Ўтган ҳафта Ҳайдаров Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Albus заводи ишчиларининг газ ва электр борасидаги муаммоларини ёритган. Кейинчалик норозилик билдирган ишчилардан 7 нафари Маъмурий жавобгарлик кодексининг ноқонуний митинг уюштириш моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 5 суткадан 10 суткагача қамалган эди. Ҳайдаров ҳам айни модда билан айбланган. Шунингдек, блогерга ёлғон ахборот тарқатиш айблови ҳам қўйилган.

Олимжон Ҳайдаров сўнгги пайтларда мамлакатда, хусусан ўзи истиқомат қилувчи Фарғона вилоятида долзарб бўлиб турган электр энергияси ва газ узилиши билан боғлиқ муаммолар хусусида кўп ёзмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG