Янги йилда Намангандаги ёнғинда уч киши ўлди
Янги йилнинг илк кунида Наманган вилоятининг Косонсой тумани «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонда юз берган ёнғинда эр-хотин ҳалок бўлди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, ҳодиса эрта тонгда содир бўлган. Ёнғиндан сўнг хонадон эгасининг 28 яшар ўғли ва 27 яшар келинининг куйган ҳолдаги жасади топилган.
31 декабрь куни эса Наманган шаҳрининг «Байналминал» маҳалласидаги хонадонларни бирида келиб чиққан ёнғинда 25 яшар қиз вафот этган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳозирда иккала ҳодиса юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Шифохонадаги портлаш. Ҳодисада жароҳатланган Абдулла Ориповнинг синглиси вафот этди
Қарши шаҳрида жойлашган саломатликни тиклаш шифохонасида 24 декабрь куни тонгда содир бўлган портлашда жароҳатланган икки кишидан бири вафот этди.
Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъулларидан бирининг Озодликка билдиришича, портлаш оқибатида 80 фоиз куйиш жароҳатлари олган 74 яшар Ойсара Убайдуллаева 30 декабрь куни вафот этган.
Ойсара опа марҳум шоир Абдулла Ориповнинг туғишган синглисидир. Марҳуманинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, шифохонадаги портлашда жароҳатланган иккинчи киши- Ойсара опанинг турмуш ўртоғи бўлган. Ҳозирда у шифохонада даволанишни давом эттирмоқда.
Шифохонадаги портлаш тафсилотларини ўрганаётган "Nasafnews" нашри воқеа гувоҳлари билан суҳбатлашди.
Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса чақнаш оқибатида келиб чиққан ва бу бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирча шифохонадаги портлаш оқибатида қурбон бўлган аёлнинг оиласига товон берилиш- берилмаслиги маълум эмас.
Қамчиқда қор кўчкиси хавфи. 2300 одам эвакуация қилинди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакатнинг турли худудларида қор кўчкиси хавфидан огоҳлантирди. 4 январь куни Қамчиқ довони қор кўчкиси хавфи сабабли 10 соатга ёпиб қўйилди. Йўлларда тозалаш ишлари олиб борилгач, довонда ҳаракатланиш тушга яқин қайта йўлга қўйилгани айтилди.
Вазирлик хабарига кўра, Қамчиқдаги вазиятни бартараф этиш учун эвакуация штаби тузилган ва йўлда қолиб кетган йўловчиларга махсус рейс орқали поезд қатнови йўлга қўйилган. Довонда исиниш масканлари ташкил этилган.
Вазирлик Қамчиқ довонида қолиб кетган 2300 нафардан ортиқ йўловчи эвакуация қилингани, 877 та автомобиль эса хавфсиз жойга олиб ўтилганини билдирди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чотқол тизмасининг “Чимён” тоғларида ҳам қор кўчиши хавфи эълон қилинган.
Бухородаги ўқув маркази ертўласида портлаш бўлди
Бугун тунда Бухоро вилояти, Бухоро шаҳар “Олим Хўжаев” маҳалласи, Мустақиллик кўчасида жойлашган ўқув маркази ертўласида ҳам чақнаш натижасида портлаш содир бўлди.
Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, портлаш оқибатида ертўладаги уч дона эшик ромлар жойидан силжиган ва 70 квадрат метр майдоннинг том қисмидаги пластик қоплама зарарланган.
Бинодан ташқаридаги ертўланинг бетон қопламаси зарарланган.
Бухородаги ушбу ходисада жабрланганлар ва қурбонлар бўлмагани хабар қилинди.