Йўлда қолган поезд. «Афросиёб» аномал совуқ сабаб юролмай қолди
Бугун Бухородан Тошкентга кетаётган «Афросиёб» поезди совуқ об-ҳаво сабаб йўлда тўхтаб қолди.
Бу ҳақда хабар қилган «Ўзтемирйўлйўловчи» ширкати хабарига кўра, 13 январь куни Бухоро-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган 765-сонли электропоездда аномал совуқ об-ҳаво сабаб носозлик юзага келган. Шу сабаб поезд «Малик» бекатида тўхтатилган.
Поезддаги йўловчиларни манзилга етказиб келиш мақсадида қўшимча «Афросиёб» электропоезди жўнатилган. Ушбу ҳодисадан сўнг бир қанча рейслар бекор қилинди.
Аномал об-ҳаво сабаб банкоматлардан пул чиқмай қоляпти
Ўзбекистонда уч кундан бери давом этаётган аномал совуқ туфайли айни кунларда айрим банкоматлардан пул чиқмай қоляпти.
«Қишлоқ қурилиш банк» хабарига кўра, гап кўчалардаги банкоматлар ҳақида бормоқда:
"Юртимизда кузатилаётган аномал совуқ туфайли айни кунларда ташқи банкоматларнинг техник ҳолатида носозликлар кузатилиб, пул чиқармай қолиш ҳолатлари кузатилмоқда".
Банк совуқ кунларда бинолар ичкарисидаги банкоматлардан фойдаланишни тавсия қилади.
Қуйичирчиқда авария сабаб 5000 хонадон газсиз қолди
11 январь куни Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида қарийб 5 минг хонадон авария сабаб газсиз қолди.
Буни тасдиқлаган Энергетика вазирлиги Қуйичирчиқда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини билдирган.
Вазирликка кўра, туманнинг «Пахтаобод», «Мевазор», «Жумагул», «Балиқчи», «Юлдуз», «Ўжакент», «Гул», «Дўстлик-1», «Тўқбой» ва «Абай» МФЙларини табиий газ билан таъминловчи газ қувурларида носозлик юзага келган.
Натижада жами 5000 хонадонда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг, табиий газ таъминоти қайта тикланиши айтилди.
Сўнгги уч кунда “Ўзбекнефтгаз” ширкатининг сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларида ҳам бир қанча авариялар содир бўлган.
Бунда аномал совуқни айблаган “Ўзбекнефтгаз”га кўра, аварияларга электр тизимидаги узилишлар ва шарли кранлар ҳамда қувурларнинг музлаб қолгани сабаб бўлган. Оқибатда сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатлари аварияли ҳолатда тўхтаб қолган.
Транспорт вазирлиги Қозоғистонда қорда қолган ватандошларга оид маълумот берди
Актобе Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарига кўра, 11 январь куни иккита автобусда йўлда қолиб кетган жами 69 нафар Ўзбекистон ватандоши эвакуация қилинган.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги автобуслардан фақат бири ҳақида маълумот берди. Афтидан бу Қорабутоқ қишлоғи масжидига жойлаштирилган ўзбекистонликлар ҳақида. Чунки вазирлик хабарида ҳам йўловчилар масжидга жойлаштирилгани айтилган.
Расмий хабарга кўра, бу йўловчилар Тошкентдан Москвага кетаётган пайти шу ҳодиса юз берган ва уларнинг барчаси соғ омон бўлиб, йўллар тозалангач, улар йўлида давом этган.
Вазирлик Ирғиз туманидаги мактабга жойлаштирилган 38 ўзбекистонлик ҳақида бирор маълумот бермаган.
Актобе Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарига кўра, 11 январь куни Самара-Чимкент йўлида қолиб кетган автобусдан 38 нафар ўзбекистонлик ва 3 қозоғистонлик эвакуация қилиниб, Ирғиз туманидаги мактаблардан бирига жойлаштирилган.