Abdumalikovich: Шахсан мен учун- бу хиёнат!
Тошкентда автомобилга газ тўлдирувчи шохобчалар вақтинча ёпилиши муаммоларнинг янада кучайишига сабаб бўлди.
Facebook фойдаланувчиси Abdumalikovich Ўзбекистоннинг ўз нефть ва газ захиралари бўлгани ҳолда мамлакатдаги танқислик мавжудлигини қоралайди:
"Нефть ва газ захиралари бўйича етакчилардан бири бўлсакда, аммо мамлакатда ёқилғи танқислиги, ўта юқори белгиланган нархлар ва табиий ресурсларнинг шу мамлакат ахолисидан шавқатсизларча "олиб қўйилиши" бу ХИЁНАТ ёки ЖИНОЯТ эмасми?!"
Янгийўлда газ йўқлигидан норозилар йўлни тўсишди
4 декабрь куни кечқурин Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Янгийўл МФЙ аҳолиси ҳудудидан ўтган "Бетонка"ни тўсиб норозилик билдиришди.
Бу ҳақда хабар қилган Олий мажлис депутати Расул Кушербоев шундай ёзди:
"Одамлар газ йўқлиги сабабли совуқдан қотиб қолишди, болалар шамоллаяпти. Раҳбарларни уйлари эса иссиқ. Халққа ёрдам беринглар!"
"Чилонзорда чақолоғи бор оила уйини исита олмаяпти"
Телеграмдаги MILITSIYA TV канали Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани, Наққошлик- 3 кўчасида яшовчи оила газ камлиги учун уйини исита олмаётгани ҳақида ёзди.
Хабарда айтилишича, уйда ногирон қария аёл ва бир ёшга тўлмаган гўдак бор.
Кучли қор туфайли “Самарқанд” аэропорти фаолияти вақтинча чекланди
Uzbekistan Airports хабарига кўра, бугун маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4: 20 дан об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли Самарқанд халқаро аэропортида учоқларни қабул қилиш ва жўнатишга вақтинчалик чеклов жорий этилди.
Шу сабабли, “Аэрофлот”нинг Москва-Самарқанд йўналиши бўйича СУ-1874 рейси ва Истанбул-Самарқанд йўналиши бўйича Турк Ҳаво Йўлларининг ТК-372 рейси Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналтирилди.
Fly Dubai авиакомпаниясининг рейси об-ҳаво ёмонлашгунга қадар — маҳаллий вақт билан 03: 07 да Самарқанд аэропортига қўнишга муваффақ бўлди. Бироқ самолётнинг етиб келиши кечикканлиги сабабли Самарқанддан учиш вақти соат 16: 15 га кечиктирилди.
Хабарда айтилишича, ҳозирда аэропортнинг хизмат кўрсатиш ходимлари барча зарур чораларни кўрмоқда – бир неча соат давомида учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлакларини махсус техника ва кимёвий воситалар ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилади.