Вазир ўринбосари пойтахтликлар домларини оралади
7 декабрь куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Озода Жўраева вазирликнинг бир гуруҳ ходимлари билан биргаликда пойтахтдаги кўпқаватли уйларда яшовчилар билан учрашишди.
Яккасарой туманида яшовчи отахон уйида иситиш тизими ёмон эканлигини айтади. Жўраева отахонга муаммолар тез кунларда ҳал бўлишига ваъда беради.
Фейсбук орқали вазирлик саҳифасида жонли ёйин тарзидаги видеога изоҳ қолдирган тошкентликлар ўз уйларидаги иситиш муаммолари ҳақида ёзишган. Жумладан, Бектемир, Юнусобод, Чилонзор туманларида яшовчилар иситиш тизимларидаги муаммоларни ёзишган.
Бир кун аввал Коммунал вазирлик Тошкент, Хоразм ва Фарғонадаги кўпқаватли уйларда иссиқлик таъминоти пасайганини тасдиқлади.
Вазирлик баёнотига кўра, бунга сабаб газ босимининг камайгани ва электр таъминотидаги узилишлар сабаб бўлмоқда.
Муаммо айниқса, учта вилоят - Тошкент, Хоразм ва Фарғонада жиддий сезилмоқда. Ушбу вилоятлардаги 3 та қозонхона газ босими жуда пастлиги сабаб вақтинча ўчирилган.
Расмий хабарда пойтахтда ҳам аҳвол яхши эмаслиги тан олинган. Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Учтепа туманларидаги жами 3та иссиқлик етказиб берувчи қозонхоналарда ҳам аҳвол яхши эмас.
Вазирлик мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўрилаётганини иддао қилган.
Муфтий тошкентликларни газ ва электрни исроф қилмасликка чақирди
Тўрт кундан бери Тошкентнинг бир қанча туманида газ пасайиши ва иссиқлик таъминотида муаммолар кузатилмоқда. Бу Озодликка келаётган мурожаатлар ва қолаверса, тармоқларни тўлдирган норозилик постларидан ҳам маълум.
Шундай бир пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров тошкентликларни табиий газ ва электр энергиясини исроф қилмасликка чақиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Youtube каналига жойланган видеода муфтий Холиқназаров мамлакатда газ ва электр тақчиллиги кузатилаётгани, лекин Тошкентда бу муаммо йўқлигини айтиб, пойтахтликларни электрни исроф қилаётганликда айблайди:
“Керак бўлмаса ҳам ҳамма хонадонни ёритиб қўйиб, керак бўлмаса ҳам ҳамма хоналарни иситиб қўйилаётган бир пайтда қайсидир бир чекка ҳудудимизда, узоқмас яқин қўшни қишлоқда ҳам инсонлар яшаётгани, юртдошларимиз борлигини унутмайлик. Эҳтимол, мен исроф қилмасам уларга ҳам энергия етиб борар, деган Аллоҳдан қўрқишлик, тақво билан турсак эди, бу Аллоҳнинг берган неъматига шукроналик бўларди”.
Айни пайтда Муфтий ҳукумат газ ва электр билан боғлиқ аҳволни яхшилашга ҳаракат қилаётгани айтади.
Ўзбекистонда жума-шанбада аномал совуқ бўлади
Жорий йилнинг 9-12 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида аномал паст ҳаво ҳарорати кузатилади.
Бу ҳақда хабар қилган "Ўзгидромет"га кўра,9-12 декабрда кечалари 5-10 совуқ, кундуз кунлари 0-5 даража совуқ, мамлакатнинг шимолида ва чўл ҳудудларида кечалари 17-22 совуқ бўлади.
Аномал совуқ жума ва шанба кунларига тўғри келади. Шу икки кунда баъзи жойларда ҳаво ҳарорати 24 даража совуқгача бўлади.
Свет учун масъул бўлган тўрт амалдорга ҳайфсан берилди
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исакулов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Рўзиқул Райимов, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” филиали директори Анвар Музапов ва “Тошшаҳарнур” ДУК директори Умидбек Ражабовга ҳайфсан берилди.
Бу ҳақда хабар қилган Энергетика вазирлиги уларни ўз вазифасига маъсулият билан ёндошмаган раҳбарлар дея атаган.
Вазирлик ушбу амалдорларни долзарб муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишда ишларни тўғри ташкил қилмаганликда айблаган:
«Бунинг натижасида энергия тежамкорлик масалаларида камчиликларга йўл қўйилмоқда ҳамда электр таъминотида чекловларни киритишда белгиланган тартибларга риоя этилмаяпти».
Вазирлик айни камчиликлар «истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани»ни таъкидлаган.
Совуқ бошланганидан бери бутун Ўзбекистон бўйлаб электрда узилишлар кучайди. Ҳатто Тошкентнинг айрим туманларида ҳам электр чекловлари кузатилмоқда.