Қаршида ис газидан заҳарланиш: Бир бола ўлди, икки бола касалхонада
Қашқадарёда 13 ёшли бола ис газидан заҳарланиб вафот этган, унинг 9 ва 11 ёшли укалари шифохонага ётқизилган.
Бош прокуратуранинг матбуотга билдиришича, воқеа 11 декабрь куни Қашқадарёнинг Қарши шаҳри Пахтазор маҳалласида содир бўлган.
Расмий версияга кўра, ушбу маҳалладаги оилалардан бирида газ плитасидан чиққан ис газидан оиланинг уч фарзанди заҳарланган. Болалардан бири ўлган, икки нафари касалхонада даволанмоқда.
Ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Расмийлар бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини айтишади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган. Ўтган ҳафта содир бўлган ўлим ҳолатларидан бирида қурбонлар қарздорлик сабаб газдан узилгани ва ноқонуний улангани айтилган.
Қўқонда газ портлаши оқибатида бир киши ўлди
Фарғонанинг Қўқон шаҳри Алишер Навоий мавзесидаги оилалардан бирида газ портлаши оқибатида бир киши ўлди, яна бири касалхонага ётқизилди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, воқеа 12 декабрь куни содир бўлган.
Расмий версияга кўра, портлаш оила аъзоларидан бирининг газни текшириб кўриш учун гугурт чаққан пайти содир бўлган. Портлаш оқибатида бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна бир киши куйиш жароҳатлари билан Қўқон шаҳар тиббиёт марказига жойлаштирилган.
Қўқон шаҳар прокуратураси ҳодиса бўйича терговга қадар текширув олиб бормоқда.
Свет ўчирилиши бўйича жадваллар эълон қилинди
13 декабрь куни Ўзбекистонда электр энергиясини режа асосида ўчириш бўйича жадваллар эълон қилинди.
Янги тартибга кўра, пойтахтнинг барча туманларида электр навбати билан 2 соатдан кунига бир марта ўчирилади. Вилоятларда эса 2 соатдан кунига 4 марта ўчирилади.
Ўзбекистонда электрни ўчириш бўйича аввал аниқ жадваллар ошкор этилмаган, свет ўчиши аҳоли учун кутилмаган ҳолат бўлган.
Расмийлар вақтинчалик ўчиришлар фақат зарур ҳоллардагина амалга оширилишини ваъда қилишди.
Ўчириш жадваллари "Худудий электр тармоқлари" ширкатининг Телеграмдаги каналларида пдф форматда эълон қилинди.
Ўзбекистон қиш мавсуми учун қўшимча 1,5 млрд куб метр туркман газини оладиган бўлди
Ўзбекистон ҳукумати энергетик бўҳрондан чиқиш учун Туркманистондан қўшимча газ сўради. 12 декбарь куни Ашхободга борган президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан газ бўйича янги шартнома имзолаган.
Reuters агентлигига кўра, шартномада қиш ўтгунча Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ бериш кўзда тутилган. Бу жами 1,5 млрд куб.метр газни ташкил қилади.
Йилига 52 млрд куб метрга яқин газ қазиб оладиган Ўзбекистон шу пайтгача хориждан кунига 15 миллион куб метр атрофида табиий газ импорт қилиб келган.
Ўзбекистон расмийлари ўтган ҳафта мамлакат ичкарисида кузатилаётган танқислик туфайли Хитойга газ экспорти тўхтатилгани ҳақида билдирган эдилар.