Энергетик бўҳрон сабаб авариялар кўпайди
Мамлакатда кузатилаётган энергетик бўҳрон йўл транспорт ҳодисалари сони ортишига ҳам сабаб бўлмоқда.
19 декабрь куни соат 7:30да Сурхондарё вилояти Термиз туманида содир бўлган аварияда икки киши вафот этди, тўрт киши жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.
Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, ҳодисага электр тармоқларида узилиш бўлгани ортидан светафор ишламай қолгани сабаб бўлган.
Мамлакатда кузатилаётган қалин туманли об ҳаво ҳам авариялар сони ортишига сабаб бўлмоқда.
Андижон-Шаҳрихон йўлида ҳам қуюқ туман тушгани ва йўл музлагани оқибатида саккизта машина тўқнашиб кетган. Иккита машина жиддий шикастланган. Қурбонлар ва жароҳатлатланганлар бўлмагани хабар қилинди.
Жазолаш кампанияси давом этмоқда: 50 ширкат раҳбарига иш очилди
Тармоқларда кучайган норозиликлар фонида ҳукумат соҳа мутасаддиларини жазолаш кампаниясини олиб бораётгани кузатилмокда.
Хабарларга кўра, 50 га яқин ширкат раҳбарига жиноий иш қўзғатилган. Уй-жой фонди инспекцияси томонидан кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи жами 1000 га яқин бошқарув органлари фаолияти ўрганилган. Унда 250 та уй-жой мулкдорлар ширкатлари томонидан 20 млрд сўм маблағларни талон-торож қилингани аниқланган.
Ўтган ҳафта бир неча мулозим ҳибсга олинди, яна бир қанчасига жиноят иши очилди. Ҳозирча жазоланаётган мулозимларнинг аниқ сони маълум эмас.
Ҳозиргача энергетика инқирози сабаб ҳайфсан олган ҳукуматнинг энг катта мулозими бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовдир. Аммо Раматов ҳукуматда энергетика эмас, балки транспорт соҳасига масъул. Раматов бундан аввал Сардоба сув омбори ҳамда Юнусобод метросининг ўпирилиши сабаб ҳайфсан олган эди. Аммо ҳозиргача бу унинг ҳукуматдаги мавқейига таъсир қилмаган. Ҳозиргача бирон мулозим ҳайфсанлар ортидан истеъфога чиқарилгани маълум эмас.
Шу боис прездидент ва унинг админитсрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг асосан, ўрта бўғин амалдорларни намойишкорона жазолаш кампанияси тармоқларда заҳарханда қилинмоқда. Жумладан, Фейсбук фойдаланувчиси Фахриддин Низамов шундай ёзди:
“Ҳокимиятнинг 7 раҳбарга ҳайфсан бериш билан лаб бўяши ёки қош териши газ ва электр йўқлигидан сабр косаси тўлган халқни қониқтирмайди. Ҳоқимият, газни четга сотмаяпмиз, деяпти, Туркманистондан газ сотиб олаётганини айтяпти. Лекин Россиянинг "Лукойил" компанияси билан тузилган контракт-чи? Унга амал қиляптими ёки ўзимизнинг газ учун уларга яна қарз бўлиб, пул тўлаяптими?”.
ZIMISTON-UZ XABARLARI. 6-qism
Фарғонада эр-хотин ис газидан вафот этди
Ўзбекистон расмийлари мамлакат энерго тизимида юзага келган инқирозни бартараф этиш учун чоралар кўраётгани ҳақида баёнотлар бераркан, газ ва электр тақчиллиги кўпроқ одамларнинг умрига зомин бўлишда давом этмоқда.
Фарғонанинг Учкўприк туманида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Бош прокуратуранинг маҳаллий матбуотга билдиришича, воқеа 21 декабрь куни эрталаб Учкўприк туманининги “Чорбоғ” МФЙ, Юксалиш кўчасида содир бўлган.
Расмий версияга кўра, ҳодисага қўлбола усулда ясалган печкадан сизиб чиққан ис гази сабаб бўлган.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб бормоқда.
Маҳаллий матбуотдаги маълумотлардан келиб чиқилса, совуқ бошланганидан бери Ўзбекистонда ис гази ва печкадан чиққан ёнғин ҳамда газ портлаши оқибатида ўлганлар сони камида 35 кишига етди:
Бухорода 6 киши
Жиззахда 6 киши
Қашқадарёда 5 киши
Хоразмда 4 киши
Тошкент вилоятида 3 киши
Наманганда 3 киши
Фарғонада 5 киши
Самарқандда 2 киши
Андижонда 1 киши
Расмийлар бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини айтишади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган. Жорий ой бошида содир бўлган ўлим ҳолатларидан бирида қурбонлар қарздорлик сабаб газдан узилгани ва ноқонуний улангани айтилган.