Тошкентда ҳам портлаш: 84 яшар қария жабрланди
Тошкентда ҳам янги йил арафаси газ портлаши бўлди. 30 декабрь куни пойтахтнинг Миробод тумани Содиқ Азимов кўчасида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши юз берган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида 84 ёшли бир қария жабрланган.
Ўтган йили газ портлаши оқибатида келиб чиққан ёнғинларда ўлганларнинг аниқ сони маълум эмас. Ички ишлар вазирлиги фақат ис газидан қурбон бўлганларга оид маълумотни очиқлади холос.
Вазирликка кўра, Ўзбекистонда 2022 йилда 90 дан ортиқ ис гази билан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Оқибатда 146 нафар одам вафот этган, 50 киши жабрланган.
Расмийлар ис гази билан боғлиқ ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини айтишади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.
Совуқ сабаб мактаб ва олийгоҳларда қишки таътил бир ҳафтага узайтирилди
Чимёнда Россия ватандоши қор кўчкисида ҳалок бўлди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Чимён тоғолди ҳудудида 61 яшар Россия ватандоши қор кўчкиси тагида қолиб ҳалок бўлди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса 4 январь куни соат 13:20ларда содир бўлган.
Вазирлик хабарида қайд қилинишича, 61 яшар россияликнинг ўлимига унинг қор кўчкиси хавфи тўғрисидаги огоҳлантиришларга қарамай, тақиқланган ҳудудда чанғи учгани сабаб бўлган. У чанғида учиши билан қор кўчкиси хавфини юзага келтирган ва қор уюмлари остида қолиб ҳалок бўлган. Олиб борилган қидирув ишлари давомида чанғи учувчининг жасади қор уюмлари остидан чиқариб олинган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги янги йил арафасида мамлакатнинг турли худудларида қор кўчкиси хавфидан огоҳлантирган эди. 4 январь куни Қамчиқ довони қор кўчкиси хавфи сабаб 10 соатга ёпиб ҳам қўйилди. Довонда қолиб кетган 2300 нафардан ортиқ йўловчи эвакуация қилинган, 877 та автомобиль эса хавфсиз жойга олиб ўтилгани билдирилган.
Навоийда кучли шамол сабаб тўрт маҳалла чироқчиз қолди
Навойи вилояти Нурота тумани “Сентоб”, “Каттасой”, “Кичиксой”, "Темирқовуқ" маҳаллаларда кучли шамол сабаб 43 та симёғоч қулаб тушган.
Вилоят "Ҳудудий электр тармоқлари" идораси хабарига кўра, воқеа 3 январь куни кечга яқин содир бўлган.
Симёғочлар қулагани оқибатида 4 та маҳалладаги 550 та хонадон бир сутка давомида электр энергиясиз қолган. Ҳозирда ҳолат тўлиқ бартараф этилгани айтилмоқда.
Энергетика вазирлиги хабарига кўра, Навоийдан ташқари Жиззах ва Андижон вилоятларида ҳам кучли шамол натижасида электр тармоқларида узилишлар кузатилган.