ФВВ: Кўчада қулоқчин тақманг!
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аномал об-ҳаво муносабати билан аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирди:
- Қор массалари, сумалак ва музлар бўлиши мумкин бўлган томлар, баланд уйларга яқинлашманг ва болаларнинг бундай жойларда ўйнаши ва бўлишига йўл қўйманг.
- Агарда хавфли жойда панжараси, огоҳлантирувчи белгилари мавжуд бўлса, улардан ўтишга уринманг, хавфли жойни бошқа йўл билан айланиб ўтинг.
- Қулоқчин таққан ҳолда кўчада юрманг, томдан тушаётган қор массалари шовқинини эшитмаслигингиз мумкин.
- Пиёдалар йўлакчаси бўйлаб ҳаракатланаётганда, юқори қаватларда шубҳали шовқинни эшитсангиз, тўхтамаслигингиз керак, бошингизни кўтаринг ва у ерда нима бўлганини ўйлаб кўринг. Эҳтимол, бу қор массалари ёки сумалак ва музлар тушаётган бўлиши мумкин. Бундай вақтда қочиб кета олмайсиз, имкон қадар тезроқ бино деворига ёпишиш керак, бу хавфсиз бўлишга хизмат қилади.
- Автотранспорт воситаларини томи баланд бинолар ёки тепасида қор массалари, сумалак ва музлар бўлган иншоотлар яқинига қўйманг.
- Агар одам томдан тушган қор массалари, сумалак ва музлар туфайли жароҳатланса, дарҳол тез ёрдам чақириш керак.
“Ўзбекнефтгаз”: Аномал совуқ туфайли станцияларда авариялар бўлмоқда
Кейинги икки кунда “Ўзбекнефтгаз” ширкатининг сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларида бир қанча авариялар содир бўлган.
Бунда аномал совуқни айблаган “Ўзбекнефтгаз”га кўра, аварияларга электр тизимидаги узилишлар ва шарли кранлар ҳамда қувурларнинг музлаб қолгани сабаб бўлган. Оқибатда сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатлари аварияли ҳолатда тўхтаб қолган.
Ўзбекистонда метан “заправка”лар вақтинча ёпилди
11 январдан Ўзбекистондаги метан «заправка»лари вақтинча ёпилди. Энергетика вазирлиги буни аномал совуқ вазиятидаги чора ўлароқ баҳолади.
Вазирликка кўра, совуқ ҳарорат сабаб қувурларда газ босимининг кескин пасайиши кузатилаётгани боис айрим йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилган ҳамда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилган.
Хабарда заправкалар қачон очилиши очиқланмаган.
Энергетика вазирлиги совуқ ўтгунча, шахсий машинани уйда қўйиб, жамоат транспортларидан фойдаланишни илтимос қилади. Шунингдек вазирлик имкон қадар уйда қолишни ва уйда пайти электр ва табиий газни тежашни ҳам сўраган. Бу сўров асосан шаҳарликларга тааллуқли кўринади, боиси қарийб 20 йил аввал аксар қишлоқлардаги газ қувурлари қирқиб ташланган. Электр эса шундоғам чекланган кўринишда берилади.
Мактабдаги хаос. Ўқувчилар қишки таътилини ҳал қилиш ҳокимларга топширилди
Дастлаб мактаб ўқувчиларининг қишки каникули 9 январдан 18 январгача узайтирилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг қарорида аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган: Мактаб 18 январдан бошланади!
Бироқ 10 январь ярим тунда кутилмаганда болаларни қишки таътилдан чақириш буйруғи пайдо бўлди. 11 январдан кимдир мактабга борди, кимдир эса йўқ. Боиси янги қарор чиқди. Вазирлар Маҳкамаси баёнига асосан ҳокимликларга қишки таътил даврини узайтириш ёки узайтирмаслик ваколати берилди. Шу муносабат билан ҳар вилоятда дарслар ҳар хил кунда бошланяпти. Бироқ битта вилоятнинг ўзида ҳам қайсидир мактабда дарс бошланса, қайсидир мактабда қишки таътил давом этади. Буни ҳоким бувалар ҳал қилади.
Хуллас 11 январдан бир қанча мактабларда дарслар бошланди. Лекин буниси ҳам ўхшамади.
"Бугун фарзандим синф бўйича дарсга борган ёлғиз ўқувчи бўлибди. Ўқитувчиси ва фарзандимдан бўлак бошқа ҳеч ким дарсга келмаган. Нега шундай бўлган экан-а? Тошкент, 84-мактаб", дея ёзди собиқ депутат Расул Кушербоев.
Мактабларнинг совуқлиги сабаб болаларни қабул қила олмаслиги навбатдаги муаммо бўлди. Жумладан, Бухорода ҳам 11 январдан мактабларда дарс бошланди. Бироқ совуқ об-ҳаво шароитида кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, ўқиш 16 январга қолдирилди. Таътил давом этади.
Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги жараёндан хабардор манбасига кўра, юзага келган вазият бир томондан ҳукумат ва шахсан Бош вазир Абдулла Арипов, иккинчи томондан эса, Президент Администрацияси ва унинг раҳбари Сардор Умурзоқовнинг ваколатлари борасида охирги пайтларда тез-тез бўй кўрсатаётган, “юмшоқ қилиб айтганда тушунмовчиликлар” натижасидир.
Озодлик манбасининг билдиришича, Администрация раҳбари ўқувчи-талабаларнинг қишки таътил муддати “ўзи билан келишилмаган ҳолда узайтирилганидан ғазабга келган ва зудлик билан қарорни бекор қилиш тўғрисида ҳукуматга оғзаки кўрсатма берган”.
Президент Администрацияси, жумладан администрация раҳбарининг ўринбосари ҳам бўлган Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов ҳозирча бу борада бирон баёнот бергани йўқ.