Наманганда портлаш: Она ва бола жароҳатланди
Намангандаги хонадонда газ портлаши оқибатида она ва бола куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди.
Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса бугун тунда Наманган тумани “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги хонадонларни бирида содир бўлган.
Расмий хабарга кўра, хонадон эгаси туника печига табиий газ ёққан ва газ жўмраги очиқ қолган, у чироқни ёққан пайти газ ва ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида 31 яшар аёл ва унинг 8 яшар боласи жароҳатланган. Аёл 70 фоиз, бола эса 8 фоиз куйиш жароҳати олган.
Портлаш оқибатида ёнғин содир бўлмаган, лекин уйнинг деразаси жойидан кўчган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.
Бепул ош. Ортиқхўжаев ошига тоғора билан келишмоқда
Тошкент ҳокими аномал совуқ сабаб пойтахтдаги тўйхоналарда бепул ош тарқатишга топшириқ берди. Икки кундирки, пойтахтда кунига 5тадан тўйхонада бепул ош тарқатилмоқда.
Озодлик мобил мухбири Чилонзор туманидаги Гавҳар тўйхонасида бўлиб, аҳолига тарқатилган бепул ош жараёнини тасвирга олди.
Тўйхона ходимларидан олинган маълумотга кўра, ҳокимлик томонидан 100 кг гўшт, 100 кг гуруч, 100 кило сабзи ва ёғ махсулотлари олиб келиб берилган. Шу маҳсулотлардан бир кунлик ош тайёрланган.
Ортиқхўжаев режасига кўра, бепул ош ҳамма учун эмас, фақат чекланган одамларгина бу ошдан текинга ейиши мумкин.
Бироқ текин ош тарқатилаётган тўйхонада бўлган мобил мухбир гувоҳ бўлишича, тўйхонага исталган одам кириб, бепул ошдан еб кетиши мумкин. Бунинг устига, агар уйдан лаган ёки тоғора олиб келган бўлсангиз, уйдагиларга ҳам текин ошдан олиб кетиш имкони мавжуд.
Тармоқларда Ортиқхўжаевнинг бепул ош ғояси танқид қилинмоқда. “Бепул ош халқни энергетик муаммолардан чалғитиш усули” дея атаётганлар ҳам бор.
Кўпчилик шунча ошга кетадиган харажат қаердан олинаётгани билан қизиқмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бепул ош 16 январгача пойтахтдаги 51 та тўйхонада тарқатилади. Ҳокимликнинг Телеграм каналида қайси тўйхонада соат неччида текин ош тарқатилиши рўйхати эълон қилинди.
Ош ғояси иш бермади. Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинди
Бугун президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни “қишга яхши тайёргарлик кўрмагани” сабаб ишдан олди.
Ортиқхўжаев ишдан олингани 16 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.
“Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказяпман”, деган Мирзиёев йиғилишда.
Ортиқхўжаевнинг ишдан олиниши пойтахтда уч кундан бери кузатилаётган аҳоли норозиликлари фонида содир бўлди.
Сўнгги кунларда Ўзбекистонда кузатилаётган аномал совуқ шароитида мамлакат энергия тизими деярли фалажланиб қолди. Вилоятларга қараганда энергия таъминоти нисбатан яхши дея баҳоланиб келган пойтахтда ҳам электр ва газ таъминоти буткул издан чиқди.
Энергетик коллапс Тошкент шаҳрини тўла ўз домига тортди. Бир ҳафтадан бери давом этаётган совуқда қишлоқ жойларида яшаётганлар ўчоқ ва печкалар ёрдамида бир амаллаб кунини кўраётган бўлса, пойтахтнинг кўп қаватли уйларида яшовчилар умуман чорасиз қолишди.
Дастлаб Тошкентда табиий газ узилишлари кузатилди. Ҳовлиларда яшовчилар чанг босиб ётган сандал ва ўчоқларини ишга солишди. Кўп қаватли уйларда яшовчилар эса электр иситгичларга ўтишди. Бироқ пойтахтликлар электрдан ҳам узила бошлагач, аҳоли саросимага тушди.
Газ йўқлиги, бунинг устига суткалаб чироқ ўчиши, яна иссиқ сув билан боғлиқ муаммолар аҳолининг норозиликларига сабаб бўлди. Бир қанча туманларда вазиятдан норози одамлар электросет марказларига ток сўраб боргани акс этган видеолар тарқалди.
Расмий хабарга кўра, бугунги йиғилишда Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари аномал совуққа умуман тайёр эмаслиги кескин танқид қилинган.
Пойтахтнинг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилган.
Тошкентнинг Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимлари ҳам лавозимидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилган, ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилган.
Мирзиёев мамлакатдаги энергетик коллапсда яна бир қанча мулозимларни айблаб ишдан олган.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ва «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдураҳмонов лавозимидан озод этилган.
«Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Улуғбек Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раҳбари Норматов ва «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Абдуллаев ҳам лавозимидан озод этилиб, уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгиланди.
Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев қатъий огоҳлантирилган, Чирчиқ шаҳар ҳокимига «ҳайфсан» берилган.
Мирзиёев ДХХ ва Бош прокуратурага бугун ишдан олинган мулозимларнинг фаолиятини ўрганишни буюрди. Қонун бузилишлар аниқланган тақдирда, жиноий иш очилиши мумкин.
2018 йилдан буён пойтахтни бошқариб келган Ортиқхўжаев ўрнига Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев эса пойтахт прокурори этиб тайинланган.
Ортиқхўжаев аномал совуқ сабаб пойтахтдаги тўйхоналарда 5 кун давомида аҳолига текин ош тарқатиш ташаббуси билан чиққанди. Жами 51 та тўйхонада ҳар куни 100 килолаб ош дамланиб, текинга тарқатилди.
Тармоқларда Ортиқхўжаевнинг бепул ош ғояси танқидга учради. “Бепул ош халқни энергетик муаммолардан чалғитиш усули”, дея Ортиқхўжаевни вазиятни ҳаш-пўшлашда айблаганлар ҳам бўлди.
Энергетик олди-сотти. Ўзбекистон Афғонистонга электрни, Турманистон эса Ўзбекистонга газ беришни тўхтатди
Мамлакатда сўнгги уч кундаги энергетик коллапс фонида маҳаллий матбуотда Россия ўзбек газига тўла ҳуқуқни қўлга киритишга уринаётгани хабари пайдо бўлди.
Gazeta.uz хабарига кўра, Россия томони рус газини Ўзбекистонга Қозоғистон орқали етказиб беришни таклиф қилган. Бироқ нашр манбаларига кўра, Россия томони бунинг учун иккита шарт қўйган. Биринчиси, Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида “Газпром”га топшириш, иккинчиси, Хитойга газ экспорти шартномасидаги Ўзбекистон ҳуқуқини ҳам Россияга топшириш бўлган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган ойдаги чиқишларидан бирида буни билвосита тасдиқлаган.
Kun.uzнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига кўра, расмий Тошкент Россия томонининг шартларини қабул қилмаган.
Айни пайтда Туркманистондан Ўзбекистонга газ экспорти бутунлай тўхтаб қолгани айтилмоқда.
12 декабрь куни Ашхободга борган президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан газ бўйича янги шартнома имзолагани ва қиш ўтгунча қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ олишга эришгани хабар қилинган эди. Ҳозирча турман гази импорти қачон қайта йўлга қўйилиши номаълум.
Қўшнилар билан энергетик олди-соттига оид яна бир хабар: Жорий йилнинг 15 январидан эътиборан Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиш техник муаммолар туфайли тўхтатилган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар қилди.
Икки ҳафта олдин Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича келишув муддатини узайтирган эди. Унга мувофиқ, расмий Тошкент қўшни давлатга қиш давомида 450 МВт электр энергияси етказиши керак.