Зеленский Украинада Голодомор қатағонининг 90 йиллиги муносабати билан нутқ сўзлади
Украина раҳбарлари мамлакатдаги энг даҳшатли фожиа - 1932-33 йилларда рўй берган очарчилик қурбонлари хотирасини ёд этди. Очарчиликда бир неча миллион одам ҳалок бўлган.
Владимир Зеленский Россиянинг Украинага нисбатан ўша пайтдаги ва ҳозирги муносабати ўхшаш эканини таъкидлади:
"Ҳамма ўзини СССРнинг вориси деб атайдиган замонавий Россия нималарга қодирлигини реал вақтда кўрди. Бу мамлакат ўша даврнинг энг даҳшатли жиноятлари ва қотилликларининг меросхўри бўлишдан завқланади. Ёвузлик тўхтатилмади. Энди биз уни тўхтатяпмиз. Ҳозир қотилларга эргашишни танлаган, аввалгидек ҳаракат қилганлар учун тарихий масъулият даври”.
Украина Голодомор очарчилигини ҳар йили ноябрь ойининг тўртинчи шанбасида ёд этади ва уни геноцид деб атайди. Украинанинг бу позициясини 30 та давлат қўллаб-қувватлаган. Совет Иттифоқи 1932-33 йилларда Украинанинг мустақиллик ҳаракатларини бостириш мақсадида миллионлаб одамларни очарчилик домига солган.
Москва бу қасддан ўтказилгани ва геноцид сиёсати сабаб бўлганини рад этади ҳамда очарчиликдан руслар ва бошқа этник гуруҳлар ҳам жабр кўрганини иддао қилиб келади.
Украина чегарачилари Россиянинг Сватово йўналишидаги позицияларига қилинган ҳужум видеосини эълон қилди
Россия Адлия вазирлиги собиқ бош вазир Касяновни “хорижий агентлар” рўйхатига киритди
Россия Адлия вазирлиги 24 ноябр куни муҳожиратда яшовчи мухолиф сиёсатчи ва собиқ бош вазир Михаил Касяновни “хорижий агентлар” рўйхатига киритди.
2000-2004 йилларда президент Владимир Путиннинг биринчи бош вазири бўлиб ишлаган 65 ёшли Касянов ҳозирда Путин ҳукуматининг ашаддий танқидчисига айланган.
Россиядан қочган Сталин даври тарихчиси Иля Венявкин, журналист Идрис Юсупов ҳам рўйхатга киритилганлар орасида.
Кузатувчилар фикрича, Россия расмийлари "хорижий агентлар" деб аталувчи баҳсли қонундан норозиликни бўғиш учун фойдаланмоқда.
Пекин ва Москва биргаликда Краснодар ўлкасидан Қримга ер ости туннели қурмоқчи
Россиялик ва хитойлик ишбилармонлар ҳамда икки давлат расмийлари билан алоқадор топ-менежерлар октабр ойи охирида бўлиб ўтган очиқ учрашувда аннексия қилинган Қримни Россия ҳудуди билан боғлайдиган сув остидан ўтувчи туннелни қуриш режаларини муҳокама қилишган.
Бу ҳақда Тhe Washington Post нашри Украина разведка хизматларидан олинган материалларга таяниб хабар берди.
Хабарда айтилишича, тунел қуриш режаси Россия Украина махсус хизматлари амалга оширган портлашлардан сўнг икки марта қисман шикастланган Қрим (Керч) кўприги хавфсизлигидан нақадар хавотирда эканидан дарак беради.
Бошқа томондан, у Россия расмийлари учун Қрим билан транспорт алоқалари муҳимлигини, шунингдек, Хитойга қарамлик кучайиб бораётганини ҳам англатади