“Айни пайтда Украина ҳам, Россия ҳам ғалаба қозониш имкониятига эга эмас”
The Economist журналистларига кўра, Россия Украинага босқин бошлаган 2022 йилнинг февралидан бери илк бор ғалаба қозониши мумкин: Путин Россияни уруш шарт-шароитига мослаштириб, ўз ҳокимиятини янада мустаҳкамлашга муваффақ бўлган.
Журнал буни Россия келаси йилда янада кўпроқ дронлар ва снарядлар ишлаб чиқариши, Россия армияси радиоэлектрон кураш олиб боришнинг муваффақиятли усулларини ишлаб чиққани, Путин эса фронтда минглаб одам йўқотишга тайёрлиги билан изоҳламоқда.
The Economist мақоласида жон борми, йўқми? Россиялик ҳарбий-сиёсий эксперт Юрий Фёдоров ҳамда украиналик сиёсатшунос Олег Саакян “Настоящее время” ёйинида шу саволга жавоб беришди.
Россия армиясидан қочмоқчи бўлганлар сони уч ойда икки баробарга кўпайди
2023 йилнинг кузида Россия армиясидан қочишга кўмак бериш илтимоси билан мурожаат қилганлар сони ёз фаслига қараганда 89 фоизга кўпайди. Бу ҳақда россияликларга Украинадаги урушда иштирок этишдан қочишга кўмак кўрсатувчи “Идите лесом” ташкилотига таянган ҳолда The Moscow Times хабар берди. Дезертирлар сони кўпайганини “Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Сергей Кривенко ҳам тасдиқлади.
“Идите лесом” ташкилотининг дезертирликка кўмаклашувчи мутахассисларига июнь-август ойларида 305 киши мурожаат қилган бўлса, сентябрь-ноябрда бу кўрсаткич 577 тага етди. 2023 йил апрелидан ташкилот юристлари ва волонтёрлари армиядан қочиш ниятида бўлган минг нафардан кўпроқ ҳарбий хизматчига маслаҳат берган.
“Идите лесом” раҳбари Гигорий Свердлиннинг айтишича, қочиш ниятини билдирган ҳарбийларнинг асосий қисми Украина урушида яраланиб, госпиталларда даволанаётганлардир.
“Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Сергей Кривенко оғир яраланган аскарлар госпиталдан чиққанларидан сўнг яна урушга жўнатилишларини билганларидан сўнг дезертирлик қилмоқда.
Кривенкога кўра, ҳарбий қисмлардан қочишга ҳаракат қилаётганлар сони унча кўп эмас. Чунки ҳарбий қисмлардан қочганларнинг асосий қисми қўлга олинмоқда ва урушга жўнатилмоқда.
Свердлин эса волонётрлар, айрим ҳолатларда, фронт олди ҳудудларидан ҳам аскарларнинг қочишига кўмак кўрсатганини билдирди. Бундай ҳолатлар жуда оз. Чунки зобитлар қонунга зид равишда аскарларнинг ҳужжатларини олиб қўймоқда.
Адвокат Максим Гребенюк қўлга тушган дезертирлар асосан шартли равишда озодликдан маҳрум қилинаётгани ва урушга қайта жўнатилаётгани ҳақида билдирди.
“Медиазона”нинг ёзишича, Россияда 2022 йил сентябрида мобилизация эълон қилинганидан то шу кунгача судларга дезертирлик билан боғлиқ тўрт мингдан ортиқ иш келиб тушган. 3470 иш бўйича дезертирлар шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган.
Украинадаги “Хочу жить” лойиҳасининг маълум қилишича, сўнгги бир йил ичида Россия армиясининг 22 минг аскари таслим бўлиш истаги ҳақида ариза берган. Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси расмий вакили Андрей Юсов ҳар куни мазкур лойиҳа доирасида 3-5 нафар рус солдати асир тушаётгани ҳақида билдирди. Бу маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.
Украин асирлари қатли акс этгани тахмин қилинаётган видео пайдо бўлди
Украина Қуролли кучлари Россия ҳарбийларининг асирга тушган украин ҳарбийларини отиб ташлагани акс этгани тахмин қилинаётган видеони текширмоқда, дея хабар берди “Украинская правда”.
Асирларнинг қатл этилиши видеоси Украинага оид DeepState телеграм-каналида эълон қилинди. Унда айтилишича, украин ҳарбийлари ўқ-дорилари тугаганидан сўнг асирга тушишга мажбур бўлганлар.
Видеода икки аскар қўлларини боши орқасига қўйганча блиндаждан чиқиб келгани кўринади. Улар қўлларини бошини орқасига қўйганча ерга ётади. Ва шу пайт, видеода кўринишича, ўша ерда турган олти нафар Россия аскари уларга қарата ўт очади.
Канал маълумотига кўра, воқеа Авдеевкадан шимоли-ғарбдаги Степовое қишлоғи атрофида юз берган. Россия қўшинлари украин армияси таъминот йўлини кесиш мақсадида қишлоққа ҳужум қилмоқда.
Таслим бўлиб асирга тушган аскарларни ўлдириш уруш қонунлари ва одатларига хилоф бўлиб, аввалроқ Россия билан Украина бир неча марта бир-бирини шундай хатти-ҳаракатни содир этганликда айблаган.
Украина ёки Россия ҳарбий асирлари отиб ўлдирилди, деган иддао билан ёйинланган қатор видеоёзувлар БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ҳақиқий деб топилган.
Украина ҚКнинг “Таврия” қўшинлар оператив-стратегик бошқаруви вакили Александр Штупун видеога изоҳ бераркан, Россия ҳарбийлари “ҳар куни уруш қоидаларини юзсизларча бузиши”ни айтди. Унга кўра, мазкур видео “ушбу жиноятларнинг яна бир тасдиғи”дир.
Айни чоғда Штупун видеоёзув бўйича ҳозирда “зарур текширув ва ҳужжатлаштириш тадбирлари” бўлаётганини қўшимча қилди. Россия томони видео юзасидан изоҳ бергани йўқ.
Столтенберг: Украинада вазият оғир
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Германиянинг Das Erste телеканалига берган интервьюсида Украинадаги вазиятни оғир деб атади. “Биз нохуш хабарларга тайёр туришимиз керак.
Можаролар босқичма-босқич ривожланмоқда. Бироқ биз Украинани яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам дастаклашимиз лозим”, деди Столтенберг. У ғарблик иттифоқчилар Украинага ўқ-дорини етарли миқдорда етказиб бера олмаганини тан олди.