Зеленский АҚШ сенатида видеоалоқа орқали чиқиш қилишдан бош тортди
Украина президенти Владимир Зеленский сўнгги дақиқада АҚШ сенаторлари билан ўтказиладиган онлайн-брифингни бекор қилди, деб хабар берди CNN.
Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шумер Зеленский махфий брифингда иштирок этишдан “сўнгги дақиқада юзага келган муаммо туфайли” бош тортганини билдирди.
Зеленскийнинг сенаторлар билан мулоқот қилишдан бош тортгани сабаблари айтилмади. Украина президенти бу мулоқотда урушнинг бориши тўғрисида ахборот бериши ва АҚШ яна бир ҳарбий ёрдам ажратиши зарурлиги ҳақида гапириши кутилаётганди.
АҚШ сенаторлари бир ойдан бери Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласида муросага эриши олмаяпти.
Октябрда АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга Украина ва Исроилга умумий қиймати 106 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш бўйича таклифни киритган эди. Бу ёрдамнинг 60 миллиарди Украинага берилиши режалаштирилган. Бу таклиф Конгрессда ҳалигача кўриб чиқилмади.
Херсонга қилинган Россия ҳужумида 2 украиналик ўлдирилди
Херсоннинг эрталаб ўққа тутилиши натижасида икки киши ҳалок бўлди, тўрт киши яраланди.
"Эрталаб Россия армияси Херсонни вақтинча босиб олинган чап қирғоқдан бир неча марта ўққа тутди. Шаҳар маркази душман томонидан кучли ўққа тутилди. Аввал хабар қилинганидек, ҳужумлардан бири натижасида икки киши ҳалок бўлган, бир киши яраланган. Шаҳарнинг марказий қисмига қилинган навбатдаги отишмада яна бир киши жароҳат олди, у касалхонага ётқизилди”, — деди шаҳар маъмурияти раҳбари Роман Мрочко.
Кейинчалик у қилинган яна бир ҳужум ҳақида ёзди. Рус снарядининг тиббиёт муассасасига тушиши натижасида икки нафар шифокор енгил тан жароҳати олди. Уларга жойида зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.
Херсонга ракета ҳужуми ҳам содир бўлди.
Украинада Россия тарафида урушган 6 непаллик вафот этди
Ҳимолой тоғларида жойлашган ва Ҳиндистон ва Хитой билан чегарадош давлат Непал ҳукумати Москвани ўз фуқароларини Россия армиясига жалб қилмасликка ва у билан шартнома имзолаган барча непалликларни зудлик билан демобилизация қилишга чақирди. Бу Украинадаги урушда Россия армияси сафида жанг қилган олти нафар непаллик ҳалок бўлганидан кейин содир бўлди, деб хабар бермоқда Рейтерс.
Агентликнинг қайд этишича, гурхалар номи билан машҳур бўлган непаллик аскарлар ўзларининг жасорат ва жанговар маҳорати билан машҳур бўлиб, улар буни, жумладан, Британия ва Ҳиндистон армиялари сафларида ҳам кўрсатган. Непал бу давлатлар билан тегишли келишувга эга. Непал Россия билан бундай келишувга эга эмас.
Олти непаллик қандай шароитда вафот этгани номаълум. Непал Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Россияни уларнинг жасадларини ватанига қайтаришга ва яқинларига товон пули тўлашга чақирган. Шунингдек, бир непаллик украиналик ҳарбийлар томонидан асирга олингани ва ҳозир Катманду уни озод қилишга ҳаракат қилмоқда. Непал ТИВ мамлакат фуқароларини Украинадаги урушда ҳар икки томонда қатнашмасликка чақирди.
The Kathmandu Post нашрининг ёзишича, Россия армиясига 200 нафаргача Непал фуқароси жалб қилинган. Илгари непаллик жангчилар Украина жабҳасидаги иштироки ҳақида маълумотлар йўқ эди.
Ҳозирча Россия томонидан ушбу масалага оид ҳеч қандай муносабат билдирилганича йўқ.
Россия Думаси Азовни "ички денгиз" деб атамоқчи
Азов денгизига Россиянинг ички сув ҳавзаси мақомини бериш ва унга нисбатан халқаро қонунчилик татбиқ этилмаслиги кўзда тутилган қонун лойиҳаси Давлат Думасига киритилди. Бу ҳақда Россия парламенти депутати Михаил Шереметга таянган ҳолда РИА “Новости” хабар бермоқда.
Шереметга кўра, лойиҳа ихтисослашган қўмита томонидан маъқулланган ва 2023 йил охиригача қабул қилиниши мумкин.
Депутат Украинанинг Азов денгизига чиқувчи Запорожье, Херсон ва Донецк вилоятлари ҳудудларини аннексия қилганидан сўнг “тарихий адолат қарор топиб, Украина денгиз бўйи давлат мақомини йўқотган”ини таъкидлаган.
Россия қўшинлари Запорожье, Херсон ва Донецк вилоятларининг денгизга туташ ҳудудларини босқиннинг илк кунлари ва ойларида босиб олган эди. Украинанинг Азов денгизидаги портларига Россия Ҳарбий-денгиз флоти жанговар кемалари жойлаштирилди, улар Россиядан аннексия қилинган Қримга элтувчи қуруқлик йўлагини қўриқлашда қўлланмоқда.
2022 йил 30 сентябрда Владимир Путин айирмачи “ДХР” ва “ЛХР”, шунингдек Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия қўшинлари босиб олган ҳудудлари Россия Федерацияси таркибига қабул қилинганини эълон қилган эди. Аммо Москва аннексия қилинган Украина вилоятларидан ҳеч бирини тўлиқ назорат қила олмайди. Запорожье ва Донецк вилоятларининг катта қисми (жумладан, Запорожье вилояти маркази Запорожье шаҳри), шунингдек Херсон ва Луганск вилоятларининг кичик участкалари Украина назоратида қолаётир.
Украинанинг Россия босиб олган ҳудудларида ўтган йилнинг 23–27 сентябр кунлари сохта референдумлар ўтказилди. “Овоз бериш” натижаларига кўра ушбу ҳудудларнинг оккупацион маъмуриятлари уларни Россия таркибига қабул қилишни сўраб Путинга мурожаат қилди.
Халқаро ҳуқуқда оккупация қилинган ҳудудларда референдум ўтказишнинг қонунийлиги масалалари батафсил баён қилинмаган. Бироқ БМТ Низомининг 2-моддаси 4-банди мамлакатлар ҳудудий дахлсизлигини бузишни, яъни ўзга давлат ҳудудини аннексия қилишни тақиқлайди.
2014 йилда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси Қрим аннексияси учун асос бўлган қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, уни ҳудудий яхлитлик, миллий суверенитет ва ўзга мамлакат ички ишларига аралашмаслик каби халқаро принципларга хилоф деб топган.
Комиссия Қримда ўтказилган сохта референдум Европа демократик стандартларига мувофиқ бўлмаганини аниқлаган.