Россия босқинини қоралаган шоир Лев Рубинштейн вафот этди
Россиянинг Украинага тўлақонли босқини қораланган шоир Лев Рубинштейн вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг қизи маълум қилди. “Бугун отам Лев Рубинштейн вафот этди”, деб ёзди у. Шоир 76 ёшда эди.
Саккизинчи январда шоирни Москва марказида автомобил уриб кетган, у оғир аҳволда Склифосовский номидаги касалхонага ётқизилиб, операция қилинган эди.
Рубинштейн реанимация бўлимида бўлган, унинг кўп суяклари сингани ва бош суяги-мия жароҳати мавжудлиги аниқланган.
Рубинштейнни уриб кетган 63 ёшли ҳайдовчига қарши жиноят иши очилган. Йўл ҳаракати қоидасини бузиш натижасида инсонга оғир шикаст етказгани учун у бир неча йилга қамалиши мумкин.
Лев Рубинштейн 1947 йилда туғилган. М.Шолохов номидаги Москва давлат гуманитар университетининг филология факультетида таҳсил олган.
Рубинштейн Москва концептуализми асосчиларидан бири саналади. 2012 йилда у “Диққат белгилари” китоби учун “Янги адабиёт” мукофотига сазовор бўлган эди.
Шоир илк асарларини Ғарбда нашр этдирган, Россияга унинг ижоди 1980-йиллар охирларида кириб келган.
Рубинштейн фаол жамоат арбоби эди. У Чеченистондаги урушга қарши чиққан, Pussy Riot хонандаларини ҳимоя қилган, Россиянинг Украинадаги айирмачиларни қўллаб-қувватлашини қоралаган.
2017 йилда у Рус ПЕН-Маркази таркибидан чиққан, ўз қарорини Марказ ижоди учун таъқиб этилаётган ёзувчиларни ҳимоя қилиш мажбуриятини бажармаётгани билан изоҳлаган.
2022 йил мартда у Россиянинг Украинага тўлақонли босқини қораланган очиқ хатга имзо чеккан.
Франция ташқи ишлар вазири Украинага ташриф буюрди
Киевга борган Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне Украинани қўллаб-қувватлаш ва мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга ваъда берди.
Бу Сежурненинг Франция ташқи ишлар вазири этиб тайинланганидан кейинги илк расмий ташрифи бўлди.
Киев Ғарб иттифоқчиларининг ҳарбий ва молиявий дастагини сақлаб қолишга интилмоқда.
Сежурне Россиянинг 40 та ракета ва дронлар билан амалга оширган ҳужумидан бир неча соат ўтиб Киевга етиб келди.
Дмитрий Кулеба ташриф учун Сежурнега миннатдорлик билдирди
«Россия Украина ва унинг тарафдорлари ҳолдан тойишига умид қилмоқда. Биз заифлашмаймиз. Йирик мудофаа компаниялари билан ҳамкорлик масаласига тўхталсак, ҳамкасбим мудофаа вазири ҳам бу ерга ёрдам бериш учун келган. Биз минтақавий ва икки томонлама даражадаги муайян ҳуқуқий муаммоларни муҳокама қилдик. Мен яқин кунлар ва ҳафталарда ушбу ҳуқуқий масалалар бўйича ишлайман», деди Стефан Сежурне.
Франция ташқи ишлар вазири француз компанияларига Украинада мудофаа саноатини объектларини қуришда шароит яратиш учун ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишга киришишини қўшимча қилди.
Кулебага кўра, бир қанча украин ва француз мудофаа компаниялари ҳамкорлик бўйича шартнома имзолаган.
Стефан Сежурне Киевда Владимир Зеленский билан ҳам учрашди.
“Бизнинг мудофаа эҳтиёжларимизни, хусусан, дронлар ва замбараклар ишлаб чиқариш, ҲҲМ тизимимизни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилдик: Вазирга Тинчлик формуласи бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бердим. Ушбу глобал ишда фаол қатнашаётгани учун Францияга раҳмат! Жанг майдонидаги аскарларимизни қўллаб-қувватлаётгани ва халқимизга кўмак бераётгани учун ташаккур!” деб ёзди Украина президенти ўз телеграм-каналида.
Россиянинг бомбаловчи учоқлари туфайли Польша ўз патрул учоқларини ҳавога кўтарди
Шанба куни эрталаб Польша Россиянинг олисга учар авиацияси фаоллашгани туфайли мамлакат жануби-шарқида патрул учоқларини ҳавога кўтарди. Бу ҳақда Польша миллий қуролли кучлари оператив қўмондонлиги Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Ҳарбийларнинг кейинги хабарида айтилишича, патрулда Польшанинг НАТОдаги иттифоқчилари иштирок этган. Ҳавога кўтарилган учоқларнинг аниқ сони очиқланмади. Бундан ташқари, ердаги ҲҲМ тизимлари юқори шайлик ҳолатига келтирилгани айтилмоқда.
Польша 2024 йилнинг ўзида Россия ҳарбийларининг хатти-ҳаракатларини деб ўз патрул учоқларини ҳавога кўтаргани ҳақида бир неча бор маълум қилди. 29 декабр куни Варшава Украинага зарба берган Россия қанотли ракетаси Польша ҳудуди узра учиб ўтгани ҳақида баёнот берган эди.
Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Владислав Теофил Россия муваққат вакили андрей Ордашга юз берган ҳодисага изоҳ бериш талаб қилинган нота топширган. Бироқ Москва ўз ракетаси Польша ҳудудига кирганини инкор этиб келмоқда.
Ўтган суткаларда Россия қўшинлари Херсон вилоятини 103 марта ўққа тутди
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудинга кўра, миномётлар, артиллерия, ялпи ўт очиш тизимлари, танклар, дронлар ва авиациядан жами 406 та снаряд отилган. Херсон шаҳрининг ўзига 28 та снаряд ташлангани айтилмоқда.
Россия ҳарбийлари вилоятдаги аҳоли масканларининг турар-жой даҳаларини, порт инфратузилмасини нишонга олди, олти киши яраланди, дея маълум қилди мулозим.
Россия Украина ҳарбий-саноат объектларига серияли ҳужумлар амалга оширганини эълон қилди, Украина эса Россиянинг бир нечта ракеталарини тутиб олганини билдирди.
Россия кучлари Украинадаги артиллерия снарядлари, порох ва дронлар ишлаб чиқарадиган ҳарбий заводларга узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги қуроллар, жумладан, «Кинжал» гипертовушли ракеталари ёрдамида ҳужумларни амалга оширди, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.
Россия Мудофаа вазирлиги барча нишонларга муваффақиятли зарбалар берилганини даъво қилди.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россия 40 та ракета ва дронлар билан ҳужум қилганини билдирди.
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари еттита қанотли ракета ва битта бошқариладиган ракетани тутиб олган, шунингдек, электрон уруш ускуналари ёрдамида Россиянинг 20 дан ортиқ зарбалари нишонларга етиб бормади, дейилади Украина томони келтирган баёнотда.
Россия ҳужумлари натижасида Никопол туманида бир қанча уйлар шикастланди
“Эрталаб Днепропетровск вилоятига ракеталар билан ҳужум қилишди. Кейин агрессор кун бўйи Никопол туманига зарба берди. 5 марта артиллериядан ўт очишди, ўнга яқин камикадзе дронлар учиришди. Туман маркази ҳамда Марганец, Мировская ва Червоногригорьев громадалари нишонга олинди. Битта кўпқават уй, 6 та хусусий уй, бир нечта хўжалик бинолари, автомобиллар, электр узатиш линияси шикастланди”, деб ёзди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак.