Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:30

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

00:52 21.1.2024

“Чукоткадан – Вашингтонгача”

Урушга бормаслик учун қайиқда Америкага қочган икки йигит ҳикояси

2022 йил сентябрда, Россияда сафарбарликнинг биринчи тўлқини бошланган пайтда Чукоткадаги Эгвекинот посёлкасининг икки турғуни – Максим Теюнаут ва Сергей Нечаев Украинага қарши урушга жўнатишмасин деб мамлакатдан қочиб кетишга қарор қилишади. Улар бор пулларига бензин сотиб олиб, қайиқда Беринг бўғозидан сузиб ўтишади ва Аляскага етиб олгач АҚШ ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрайдилар.

Озодлик рус хизмати журналисти Юлия Вишневецкая “Чукотка – Вашингтон. Қочиш тарихи” фильмида Максим билан Сергейнинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилади.

Эгвекинот посёлкаси Анадирдан шимоли-шарқ томонда, Беринг денгизи бўйида жойлашган. Ундан Катта ерга фақат учоқда ёки – навигация мавсумида – денгиз орқали бориш мумкин.

2022 йил сентябрда Россияда бошланган сафарбарлик шамоли узоқ Чукоткадаги посёлкага ҳам етиб келди. Ундан қочиш имкони йўқ эди. Сафарбар қилиниши керак бўлган эркакларга чақирув хабарномаларини уйма-уй юриб тарқатишди, Эгвекинотдан кетишга уринганлар эса аэропортдаёқ ушланиб, қўлларига “повестка” тутқазилди, дея ҳикоя қилишади фильм қаҳрамонлари. Урушга боришни истамайдиганлар учун фақат денгиз йўли қолганди. Балиқчилар қайиғида қочиб бориш мумкин бўлган энг яқин манзил Авлия Лаврентий ороли эди. Беринг денгизидаги бу орол Россияга яқин бўлса-да, АҚШнинг Аляска штатига қарайди.

“АҚШга келиш етти ухлаб тушимга кирмаганди, – дейди Максим Теюнаут. – Урушга борадиган бўлсам одам ўлдиришга мажбур бўлардим, тирик қайтармидим ёки елим халтадами – бу фақат худога аён. Ҳарбий гувоҳномам бор. Уйма-уй повестка тарқата бошлашгач, умидимни узиб қўювдим”.

“Эшик тақиллади: Туйнукдан қарасам, бир хотин билан икки военкомат ходими турибди, – эслайди Максим. – Эшикни очмасликка қарор қилдим. Урашга бормайман, вассалом. Нега боришим керак? Ўлдириш ёки ўлиш учунми? Очсаму повесткани олишдан бош тортсам, қамоққа тиқиб қўйишарди”.

“Қаёққа қочсам экан, деб ўйладим. Серёга (у билан мактабда бирга ўқиганмиз) икковимиз харитани ёйдик. Мактабда бизга Авлия Лаврентий оролида одамлар яшамайди, деб ўргатишганди. Лекин орол ёнгинамизда: об-ҳаво яхши бўлса, етиб олса бўлади”, ҳикоясида давом этади Максим Теюнаут.

“Мен уч кун қайиқни тайёрладим. Картошка, тухум қайнатдик, пиёз, пиширилган товуқ, сигарет, чой, қаҳва олдик. Барча зарур нарсаларни ғамладик. Бензинни ҳатто керагидан кўп олибмиз, бир бочкаси ортиб қолди”, дейди у ўша кунларни эслаб.

Максим қочиш режасини қаттиқ сир тутишганини айтади: улар ўйлаган иш Россия чегара ҳудудларида жиддий қонунбузарлик ҳисобланади.

“Бизга тартиб-қоида шундай: денгизга чиқадиган бўлсанг, чегарачиларга олдиндан хабар қилишинг керак. Агар хабар қилмасанг, биринчи мартасида огоҳлантиришади. Иккинчисида эса жарима қилишади”, дейди у.

Қочоқлар дастлаб Чукотканинг Авлиё Лаврентий оролига энг яқин қисмига етиб оладилар:

“Харитадан бухталарни кўздан кечириб, киришга қулайроғини изладик. Эҳтиром кўрфази ортида кичик лагунани топдик, у ерда совет давридан қолган хароба уйча бор экан. Ўша ерда тунадик. Эрталаб барвақт туриб, атрофни айландим, қарасам, ҳаво очиляпти. Дарҳол қайиқни шайлаб қўйдим. Чой дамладим. Серёга ҳам уйғонди. Соат 10 ларда йўлга ҳозирлик кўра бошладик, тахминан 12 ларда оролга жўнаб кетдик”, дейди Максим қандай қочганлари ҳақида сўзлар экан.

“Қўлга тушиб қолиш ваҳимаси ёмон бўлди, бошқа нимадан ҳам қўрқардик? Лекин, бахтимизга, чегарачилар бизни сезишмади, балки қуёш кўзларини шафақлантиргандир, чунки офтоб денгиз тарафдан чарақлаб турганди”, дея қўшиб қўяди у.

Улар бир неча соатда 70 километрдан зиёд сузиб, Америка ҳудудига етиб келишади. Айтишларича, АҚШда уларда жиддий муаммо бўлмаган:

“Оролга сузиб борганимиздан сўнг квадроцикл минган кишилар келишди. Улар булдозер ёрдамида қайиғимизни қирғоққа тортиб чиқаришди. Сўнгра полиция идорасига олиб бориб, олдимизга бир дунё овқат қўйишди, – ҳикоя қилади Максим. – Шунча овқатни нима қиламиз, дейман. Пицца, ҳар хил шарбатлар бор эди столда. Биз ўзимизнинг егуликларни ҳам чиқардик. Лимонли чойимиз уларга ёқиб қолди. Бир америкалик резина қайиғимизни сўради, олақол, сенга совға шу, дедик. Улар ҳам чукчалар каби туб аҳоли ҳисобланади, фарқи – америкалик эканлиги”.

Максим билан Сергейни Алясканинг энг йирик шаҳри бўлмиш Анкорижга жўнатишади. Улар ўша ерда икки ой иммиграция қамоқхонасида бўладилар.

“Бизга шундай дейишди: “Кафил топинглар, қўйиб юборамиз”. Қанақа кафил, деб ҳайрон бўлдик. Тушунтиришди. Менга уч минг, Сергейга эса 10 минг доллар гаров пули белгиланган экан. Очиғи, ғирт бегона юртда бегона одам бизга кафил бўлишини тасаввур ҳам қила олмасдик”, дейди Теюнаут.

Аммо кафил бўлувчилар топилади. Максим Теюнаут учун Сиэтл яқинида жойлашган Такома шаҳарчасидаги баптистлар черкови руҳонийси Роман Митин гаров пули тўлайди. У СССРда эътиқоди учун қувғин қилинган украин баптистлари оиласидан бўлиб, 90-йилларда АҚШга муҳожир бўлиб келган экан.

Роман Митин қочоқлардан қандай хабар топгани ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Қўнғироқ бўлди, гўшакни кўтардим. “Сиз Романмисиз?” деб сўради бир овоз. Сўнгра ўзини таништириб, мақсадга ўтди: Мен “Политико” газетаси мухбириман. Икки йигит Чукоткадан Аляскага қочиб келибди, ҳозир улар қамоқда. Уларга ҳомийлик қилиб, қамоқдан чиқариб олмайсизми?” деди. “Нимадан қочишибди?” деб сўрадим. “Сафарбарликдан”, деди. “Ундай бўлса ёрдам бераман”, дедим”.

“Бир америкалик аёл Сергейга кафил бўлди, мен эса Максимни қарамоғимга олишга розилик бердим. Биз гаров пулини тўладик. Аввал Сергейни, кейин Максимни озод қилишди. Уларни олиб кетдик, бошпана бердик. Улар шу ерда яшашди. Максим ҳалигача яшаяпти”, дейди руҳоний.

Митин 2014 йили Россия у таваллуд топган Донецк вилоятида ҳарбий ҳаракатларни бошлагач собиқ ватандошларига бир неча марта ёрдам берганини айтади. Россия Украинага қарши тўлақонли босқин бошлаганидан сўнг эса унинг черкови жамоаси, айниқса украин диаспораси вакиллари Украина учун пул йиғишга киришадилар, айни чоғда сафарбарликдан қочган россияликларга ҳам кўмаклашадилар.

“Черковимиз жамоати деярли тенг миқдордаги руслар, белоруслар ва украинлардан ташкил топган, – ҳикоя қилади Роман. – Бобом пастор бўлган, Луганск ва Донецк вилоятлари бўйича пресвитер эди у. Уйимизда ҳар ой тинтув ўтказишарди, КГБ ходимлари ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб чиқиб кетишарди. 90-йилларда ўқитувчимиз мен билан тоғаваччам Петренко баптистлар оиласидан эканимизни билиб қолгач “Мендан яхшилик кутманглар, сенларга “3” баҳони ҳам раво кўрмайман!” деб очиқ айтган”.

“Онам бир куни албатта Америкага кетамиз, дердилар. Бу гапни 10 йилча, деярли ҳар куни эшитардик ундан. Кулардик, хомхаёл деб ўйлардик. Лекин элчихонадан ҳужжатларимиз келганида ҳаммамиз йиғладик, – дейди руҳоний ўтмиш хотираларидан сўзлар экан. – 1999 йил ноябрда АҚШга келдик. Мен тилни ўрганиш учун мактабга қатнай бошладим. 2003 йилда мени дўконга ишга олишди. Ишдан ташқари икки йил диний мактабда ўқидим. 2006 йилда Калифорниядан Вашингтон штатига қайтиб, черков очдим”.

“Украинада тўлақонли уруш бошлангач турли миллат вакиллари йиғилган ташкилотларда низолар чиқди, – дейди пастор. – Бизда бунақа бўлгани йўқ, мен уруш хабарини эшитишим билан жамоатни йиғиб, шундай дедим: “Биродарлар, уруш бошланди. Ҳақиқий насроний бўлсак, ҳазрати Исо каби иш тутишимиз лозим. Исо фақат мазлумлар ва муҳтожлар тарафида бўлган”. Шундан сўнг пул тўплаб Украинага жўнатдик, одамларга генераторлар сотиб олиб бердик”.

“Менинг чўқинтирган онам Макеевкада давлат нотариуси бўлиб ишларди. Россия тарафига ўтган маҳаллий одамлар шаҳардаги уйларни, корхоналарни ўз номларига ўтказиб олиш учун унинг пешонасига автомат тираб давлат муҳрини талаб қилганлар. Уруш вақтида илгари Бучада яшаган бир неча кишини қабул қилдик, улар Россия армияси аскарлари қанақанги ваҳшийликлар қилганини сўзлаб беришди. Разолатнинг чек-чегараси йўқ”, дейди Роман Митин.

Максим, депортация қамоқхонасидан чиқариб олгани учун Романдан миннатдор, аммо унинг черковига сира бормас экан.

“Россияда ҳам черковга қатнамасдим, энди бу ерда қатнашим керакми? Умуман, мен мажусийман, биз чукчалар ҳамиша мажусий бўлганмиз. Минг олдин қандай бўлсак, шундаймиз. Ота-боболаримиз “Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам оқибати бор. Бошингга бирон мусибат етса, шў феълу амалингдан бўлади”, деб ўргатишган. Мен бунга ишонаман”, дейди россиялик қочоқ.

15:10 18.1.2024

Запорожьеда Озодликнинг украин хизмати мухбири яраланди

Озодлик радиоси украин хизматининг Қрим.Реалии лойиҳаси мухбири Дмитрий Евчин Запорожье вилояти Работино қишлоғида оёғидан яраланди. Қрим.Реалии лойиҳасининг тасвирга олиш гуруҳи Работинода минимётдан берилаётган зарбаларга дуч келган.

Евчин Запорожье шаҳар касалхонасида операция қилинди ва ҳозирда реанимация бўлимида қолмоқда.

Украина армиясининг 10-корпуси тарқатган билдирувда қайд этилишича, журналист “Пресса” деган ёзуви бор зирҳли камзулда бўлган. Билдирувда ўқ отган Россия аскарлари бу ёзувни кўрмай қолган бўлиши мумкин эмаслиги айтилади.

“Замонавий урушда артилериячилар вазиятни учувчисиз бошқариладиган аппарат ёрдамида текширмагунича, дерли ҳеч қачон ўқ отмайди”, дейилади билдирувда.

Дмитрий Евчин Қрим.Реалии лойиҳасида 2018 йилдан бери ишлаб келмоқда. Россия Украинага кенг қамровли босқинни бошлаган 2022 йилдан бери у тасвирчи Никита Исайко билан фронт чизиғида ҳарбий ҳаракатларни ёритиб келмоқда.

Украина Оммавий ахборот институтининг билидиришча, 2022 йилнинг февралидан то шу кунгача Россия агрессияси оқибатида 70 нафар журналист ҳалок бўлди, 25 журналист яраланди.

15:00 18.1.2024

Bloomberg: Хитой банклари россиялик мижозлари учун чекловларни кучайтирмоқда

Хитой давлат банклари АҚШ Россияга қарши санкцияларни бузганларга иккиламчи чекловлар қўллашини билдиргани ортидан россиялик мижозларига хизмат кўрсатиш шартларини оғирлаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, сўнгги ҳафталарда Хитойнинг камида икки йирик банки Россиядаги бизнесини, биринчи галда – трансчегаравий операциялар ва россиялик мижозларни молиялаш устидан текширув бошлаган. Тафтиш натижаларига кўра санкциялар рўйхатига киритилган ширкатларга хизмат кўрсатиш ва Россия мудофаа саноати комплексига молиявий хизматлар тақдим этиш тўхтатилмоқда.

Мазкур чоралар Россияда бизнес юритаётган ёки учинчи мамлакатлар орқали Россияга товарлар етказиб бераётган чет эл ширкатларига ҳам қўлланмоқда, деган Bloomberg манбалари.

Хитойнинг энг йирик давлат банклари илгари иккиламчи санкцияларга йўлиқишдан ва долларда операцияларни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум бўлишдан чўчиб, АҚШнинг Эрон ва КХДРга қарши чеклов чораларига риоя қилиб келган.

Пекин Украинага босқинга жавобан Россияга қарши жорий этилган санкцияларга расман қўшилган эмас. Бироқ чекловлар киритилганидан сўнг Хитой банклари санкцияга учраган россиялик мижозлар билан ишлашни камайтирди. Хусусан, санкция рўйхатига тушган Россия банклари томонидан чиқарилган Хитойнинг Union Pay тўлов тизими карталари хорижда ишламай қўйди.

2023 йилнинг ёзида эса Россия молия ташкилотлари Европа ва АҚШга Bank of China орқали пул ўтказмаларини амалга оширишда тақиққа дуч келди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Хитой банклари Россиядаги бизнесини тафтиш қилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бераркан,

Хитойнинг санкцияларга риоя қилиши масаласи Кремл ваколатларига кирмаслигини айтди. Песков Москванинг Пекин билан молиявий операцияларни амалга ошириш учун муқобил режалари борми ёки йўқми, деган саволга ҳам жавоб бермади, деб ёзади “Интерфакс”.

Хитой Россия учун – энг йирик хомашё бозори (экспортнинг 32 фоизи) ва асосий товарлар таъминотчисидир (импортнинг 41 фоизи).

Москва билан Пекиннинг ўзаро яқинлашуви Ғарб лидерларида хавотир уйғотмоқда. АҚШ разведкасига кўра, Хитой Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда кўмаклашмоқда ва Украинага қарши урушда қўллаш учун ҳарбий ва ноҳарбий технологияларни у билан бўлишаётган бўлиши мумкин. Хитой эса бетарафлигини ва урушаётган томонларга қурол сотмаслигини бир неча бор иддао қилди.

Декабрда Вашингтон ва Лондон санкцияларни яна бир карра кенгайтириб, санкцияланган товарларни Россияга етказиб беришда иштирок этган Хитой, Туркия, Сербия, БАА ва Ўзбекистон ширкатларини “қора рўйхат”га қўшди.

13:50 17.1.2024

Эстонияда Тарту университети профессори жосусликда гумонланмоқда

Эстонияда Тарту университети профессори, Россия фуқароси Вячеслав Морозов икки ойга қамоққа олинди. У учинчи январь куни жосуслик қилганликда гумон қилиниб, ушланган эди. Бу ҳақда Эстония прокуратурасига таянган ҳолда Rus.ERR нашри хабар қилмоқда.
Профессорга нисбатан эълон қилинган гумон тафсилотлари тергов сири деган важ билан очиқланмаяпти.

“Мазкур иш олдинги бир неча ўндан зиёд ишларга қўшимча бўлиб, Россия махсус хизматлари Эстония ҳаётининг турли жабҳаларига, жумладан илмий соҳага суқилиб киришга интилаётганини кўрсатади”, дея Хавфсизлик полицияси бош директори Марго Паллосондан иқтибос келтиради Rus.ERR.

Эстон журналисти Март Кулдкепп ҳукумат вакилларига таяниб ёзишича, бир неча йил муқаддам Россия махсус хизматларига ёлланган Морозов тўплаган маълумотларини уларга бериш учун тез-тез Россияга борганликда ва бунинг эвазига пул мукофоти олганликда айбланмоқда.

Тарту университети Морозов билан меҳнат муносабатларини тўхтатганини эълон қилди, у мазкур университетнинг Шютте институтида сиёсатшунослик профессори бўлиб ишларди. Кулдкепп эса Морозов бўшатилмаганини, балки ўзи ишдан кетганини айтмоқда.
Эстониянинг ETIS илмий ахборот тизими маълумотига кўра, Вячеслав Морозов 2010 йилга қадар Санкт-Петербург давлат университетида ишлаган, кейин эса Тарту университетига ишга ўтган.

2016-2023 йилларда у Тартуда Европа иттифоқи ва Россия тадқиқотлари профессори лавозимини эгаллаган, 2023 йил 1 сентябридан 2024 йил 11 январгача халқаро сиёсий назария профессори лавозимида бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG