Зеленский Залужнийга "Украина Қаҳрамони" унвонини берди
Президент Владимир Зеленский собиқ армия бошлиғи генерал Валерий Залужнийга унинг истеъфосидан бир кун ўтиб, “Украина Қаҳрамони” унвонини берди.
"Бугун биз давлат мукофотлари, "Украина Қаҳрамони" унвонларини топширяпмиз. Улар ватанни ҳимоя қилиш баробарида Украина тақдирини белгилаб берадилар. Украина аллақачон Россияни тўхтата олди. Украина ғалаба қозониш учун зарур бўлган тарзда ўзини ҳимоя қилишни ўрганди. Биз Украина мақсадларига эришиш, мустақиллигимизни қатъий ҳимоя қилиш, Россиядан хавфсизликни қатъий кафолатлаш, тинчликни қатъий таъминлаш учун барча йўлдан боришимиз керак", - деди Зеленский..
Россия босқинчилиги давомида Украинадаги уруш ҳаракатларига раҳбарлик қилган Залужний 8 феврал куни армия қўмондонлиги лавозимини қуруқликдаги кучлар қўмондони генерал-полковник Александр Сирскийга топширди.
Залужнийга Украинанинг олий давлат мукофотини бериш тўғрисидаги қарор Зеленский жамоаси Залужнийни қуролли кучлар қўмондони лавозимидан четлатиб, унга дастак ва ҳурмат кўрсатишга уринаётгани белгисидир.
Сўровлар шуни кўрсатдики, Залужний Зеленскийдан кўра жамоатчилик ишончининг салмоқли улушига эга. Унинг лавозимидан четлатилишига жамоатчилик муносабати ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ, бироқ кўплаб украиналиклар ижтимоий тармоқларда унинг ишдан бўшатилишини очиқ муҳокама қилишмоқда.
Залужнийнинг истеъфоси ҳарбий раҳбарият ва президент маъмурияти ўртасида учинчи йилга қараб бораётган Россияга қарши уруш ҳақидаги тасаввурлари бўйича келишмовчиликлар ҳақидаги бир неча ой давом этган миш-мишлар ортидан содир бўлди.
Украинанинг Харков шаҳри яна дрон ҳужумига тутилди
10 феврал эрталаб Россия Украинанинг Харков шаҳрига уюштирган дрон ҳужумида етти киши, жумладан, уч нафар ёш бола ҳалок бўлган.
Шаҳар маъмурияти расмийларига кўра, бир қанча жойда ёнғин, инфратузилма ва турар-жойларга зарар етган.
Харков прокуратураси раҳбари Олександр Филчаков Телеграм каналида жойлаштирган видеода учта дрон Немишлианский туманидаги “инфратузилма объектига” урилганини кўриш мумкин.
Харков мери Игор Тереховнинг айтишича, ҳужумда 14та хусусий уй вайрон бўлган, 50 нафар аҳоли эвакуация қилинган.
Россия шанбага ўтар кечаси Украинага жами “Шаҳед” русумидаги 31 та ҳужумчи дрон билан ҳужум қилди, улардан 23 таси уриб туширилди, дея хабар беради Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари.
Асосий зарба Одесса ва Харков вилоятларига тушди.
“Ҳаво ҳужумини қайтариш учун зенит-ракета қўшинлари бўлинмалари, Украина Ҳарбий ҳаво кучлари ва мудофаа кучларининг мобил ўт ўчириш гуруҳлари ҳамда электрон уруш техникаси жалб этилди. Жанговар ҳаракатлар натижасида Одесса ва Харков вилоятларида 23та “Шаҳед” йўқ қилинди”, — дейилади ҳарбий ҳисоботда.
Кўплаб далилларга қарамай Россия тинч аҳоли манзилларини атайлаб нишонга олмаганини айтиб келади.
Украина Эстониядан навбатдаги ҳарбий ёрдам олди
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Эстониядан янги ҳарбий ёрдам пакети, жумладан танкка қарши Жавелин тизимлари, пулемётлар, ўқ-дорилар, турли жиҳозлар ва ғаввослар жиҳозлари олинган.
Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур 3 январ куни “бу ёрдам пакети Украина Қуролли кучлари томонидан қўлланила бошлаганини” айтди.
“Европада содир бўлган сўнгги воқеалар шуни кўрсатадики, Украинага зарур бўлган ракеталар ва бошқа ҳарбий ёрдамлар етказиб бериш кенг миқёсда давом этади ва бу билан биз иттифоқчиларимиз билан биргаликда Кремлга Украина ғалабасини қўллаб-қувватлашимиз ҳақида аниқ сигнал юборамиз, - деди Певкур.
Бошқирдистонда норозилик акциялари ортидан камида 34 киши ҳибс қилинди
Бошқирдистонда 34 киши суд қилинган экофаол Фаил Алсиновни қўллаб-қувватлаб норозилик акцияларида иштирок этиш айблови билан ҳибсга олинди. Бу ҳақда ОВД-Инфо хабар бермоқда.
Маҳбусларнинг барчаси оммавий тартибсизликларда иштирок этишга доир модда билан айбланяпти. Улардан тўрт нафари оммавий тартибсизликлар уюштиришда, 13 нафари ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатишда ҳам айбланди.
15 нафар маҳбуснинг тахминий ёши маълум: бештаси – 18 дан 30 ёшгача, саккиз нафари – 31 дан 50 ёшгача ва икки нафари – 51 дан 70 ёшгача.
ОВД-Инфо хабарига кўра, айблов мазмунига доир маълумот деярли йўқ. Фигурантлардан бирини ҳимоя қилаётган адвокат маҳбусларнинг аксари “полициячиларни қорбўрон қилиш”да айбланаётганини айтган.
Бошқирдистонда оммавий норозилик январ ойи ўрталарида – Алсинов устидан ҳукм ўқилиши манзарасида бошланган эди.
Россияда тақиқланган “Бошқурт” ташкилоти собиқ раҳбари бўлмиш Фаил Алсинов “нафрат ёки адоват қўзғатиш” айблови билан тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди.
Алсинов – Бошқирдистонда машҳур фаол бўлиб, фойдали қазилма конларининг очилишига қарши курашган. Кўпчилик унга қарши қўзғатилган жиноят ишини Бошқирдистон раҳбари Радий Хабировнинг буюртмаси деб ҳисоблайди.