"Мемориал" раҳбари 2,5 йилга қамалди
27 феврал, сешанба куни Москванинг Головинский суди ҳуқуқ ҳимоячиси ва “Мемориал” ташкилоти асосчиси Олег Орловни 2 йилу 6 ойга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. У суд залида ҳибсга олинди.
Орлов урушга қарши мақола туфайли армияни "обрўсизлантиришда" айбланган ва иккинчи марта судланган: биринчи марта суд Орловни 150 минг рубл миқдорида жаримага тортган.
Орлов душанба кунги сўнгги нутқида 16 феврал куни Алексей Навалнийнинг ўлими ҳақида гапирди:
"Буларнинг барчаси бир занжирнинг бўғинлари - Алексейнинг ўлими, аниқроғи, ўлдирилиши, режимнинг бошқа танқидчиларига, шу жумладан менга қарши суд репрессиялари, мамлакатдаги эркинликнинг бўғилиши, Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши.
Мен жиноят қилмаганман. Мени Россияда ўрнатилган сиёсий режимни тоталитар ва фашистик деб атаган газета мақоласи учун суд қилишмоқда.
Мақола бир йилдан кўпроқ вақт олдин ёзилган. Ва кейин баъзи дўстларим мени ҳаддан ташқари ошириб юбордим деб ўйлашди. Аммо энди мен ҳеч қандай муболаға қилмаганлигим аниқ. “
У, шунингдек, Навалнийнинг “таслим бўлманг” чақириғига амал қилишга чақирди.
Агентлик нашрининг таъкидлашича, Олег Орлов учун икки ярим йил армия 2022-йил баҳоридан бери мавжуд бўлган даврда “обрўсизлантириш” моддаси бўйича энг оғир жазо ҳисобланади.
Мария Певчих: Навальний шу кунларда алмаштирилиши керак эди
Коррупцияга қарши кураш фонди раҳбари Мария Певчих нега Путин Навалнийни айнан ҳозир ўлдирганини тушунтирди: Германия, АҚШ ва Россия немис қамоқхонасида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ёлланма қотил Красиковни Алексей Навалний ва икки АҚШ фуқаросига (афтидан, журналист Эван Гершкович ҳамда жосуслик учун Россияда қамалган америкалик собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уилан назарда тутилмоқда) алмаштириш бўйича музокаралар бўлаётган экан.
Певчихга кўра, Красиковни фақат Навалнийга айирбошлаш орқали қўлга киритиши мумкинлигига амин бўлгач Путин “музокара объектини йўқ қилишга” қарор қилган.
Германия ҳукумати Певчихнинг сўзларига изоҳ беришдан бош тортди, бироқ Россия ва жаҳон етакчи ОАВларининг манбалари музокаралар ростдан ҳам бўлганини тасдиқлаган. Навальнийнинг бундан хабари бўлган, лекин тафсилотларини билмаган.
Навалнийни шу ҳафта охирларида дафн қилиш режаланмоқда, сафдошлари у билан видолашув маросимини ўтказиш учун мос бино излашмоқда.
Венгрия парламенти Швециянинг НАТО га қўшилиши тўғрисидаги келишувни ратификация қилди
Эндиликда икки юз йилдан кўпроқ вақт мобайнида бетарафликни сақлаб келган Швеция НАТОнинг 32-аъзосига айланади.
Парламент қабул қилган ҳужжатни Венгрия бош вазири Виктор Орбан бир неча кун ичида имзолаши кутилмоқда.
“Биз бу ғояни қўллаб-қувватлаймиз. НАТО мудофаа иттифоқидир. Биз ташқи ҳужумда бир-биримизни ҳимоя қилиш учун иттифоқ тузамиз. Бундан каттароқ мажбурият йўқ. Чвеция-Венгрия ҳарбий ҳамкорлиги ва Чвециянинг НАТОга кириши Венгрия хавфсизлигини мустаҳкамлайди. Чунинг учун мен ўз депутатларимдан Чвециянинг НАТОга кириши ҳақидаги қонунга бугун овоз беришларини сўрайман”, деди Виктор Орбан.
Шундан сўнг НАТО Швецияга ташкилотга қўшилиш юзасидан расмий таклиф киритади.
Швеция бош вазири Ульф Кристерссон бу кунни “тарихий” деб атади ва ўз мамлакати “Шимолий Атлантикада хавфсизликни таъминлаш йўлида елкадош бўлишга ва тўлиқ масъулиятни зиммасига олишга тайёр” эканини билдирди.
Швеция ва Финляндия Россия Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай - 2022 йилнинг баҳорида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган эди. НАТОга қўшилиш учун ташкилотга аъзо давлатларнинг барчаси розилик бериши лозим. Финляндия НАТОга қўшилган 31-давлат бўлди. Швециянинг аъзолик масаласи эса Туркия ва Венгрия позицияси ортидан ортга сурилиб келаётганди. Туркия шу йилнинг январида Швециянинг НАТОга қўшилишига розилик берганди. Шундан сўнг Венгрия Швециянинг ташкилотга қўшилишига монелик қилаётган ягона давлат бўлиб қолаётганди.
Франция Украинага қўшин жўнатиши мумкин
Франция президенти Эммануэль Макрон Парижда ўтган Европанинг 20 лидери учрашувида Россияга қарши урушда Киевни дастаклаш мақсадида Украинага қўшин жўнатиш эҳтимолини истисно қилмади:
“Бугун пиёда қўшинларни жўнатиш масаласида муроса мавжуд эмас, лекин буни истисно қилиб бўлмайди. Биз Россия ғалабага эришмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз” .
Мазкур учрашувда АҚШ ва Канада вакиллари ҳам иштирок этган.
Макрон қайси давлатлар Украинага қўшин жўнатиши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга жавоб беришдан бош тортди.
Саммит Макрон ташаббуси билан ўтказилди ва унда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобни кучайтириш масаласи муҳокама этилди.
“Россия позицияси ўзгарди. У янги ҳудудларни босиб олишга интилмоқда ва Украина бу йўналишдаги ягона давлат эмас, бошқа давлатларга ҳам кўз тикмоқда. Шунинг учун Россия катта хавф туғдирмоқда. Европа тақдири таҳдид остида турибди, шунинг учун қарорни европаликлар қабул қилиши шарт. Агар бошқалар бунга қўшилса ва ёрдам бергиси келса, бу жуда яхши, бу қўшимча бонус сифатида қабул қилинади", деди Франция раҳбари .
Саммитда киберҳимоя, Украинада ҳамкорликда қурол ва ўқ-дори ишлаб чиқариш, Украина-Беларусь чегарасида мудофаани мустаҳкамлаш, Украина ҳудудларини миналардан тозалаш, Россия бевосита таҳдид солаётган Молдова каби давлатларнинг мудофаасини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратишга келишиб олинди.
Макрон Украинага “узоқ масофага ҳужум қилиш учун ракеталар ва бомбалар етказиб бериш бўйича янги коалиция” тузилганини эълон қилди.
Бунга жавобан Кремл Украинага НАТО қўшинларини юбориш Россия ва НАТО ўртасидаги зиддиятни англатади, дея баёнот берди.