Россия: “Рус кўнгиллилар корпуси ҳужумлар қайтарилди
Россия Мудофаа вазирлиги сешанба куни кечқурун “Рус кўнгиллилар корпуси”, “Россия озодлиги” легиони ҳамда “Сибир батальони”нинг Белгород ва Курск вилоятлари чегара ҳудудларига ҳужумлари натижаларига доир ўз баёнотини эълон қилди.
Вазирлик барча ҳужумлар қайтарилганини, душман талафоти 243 нафар аскарни ташкил этишини иддао қилмоқда.
Шунингдек, “Нехотеевка” чегара ўтиш жойининг Украинага тегишли қисмида ёниб турган танк видеоси ҳам ёйинланди.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, Украина тарафида урушаётган россияликларнинг кўнгилли отрядлари жангларда 5 та танк ва битта БТР йўқотган.
Куни кеча “Россия эркинлиги легиони” гуруҳи ўз жангчилари Россияга киргани акс этган тасвирларни эълон қилди.
Украина томонидан қўллаб-қувватланадиган бу жангчилар ўзларини Кремлга мухолиф россияликлар эканини айтади.
Легион матбуот котиби Алексей Барановский Рейтерс билан суҳбатда, легион кучларининг асосий қисми Курск вилоятида эканлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум Россияни ўз заҳираларини сарфлашга мажбур қилиши, бу эса Россиянинг Украина шарқидаги ҳужум ҳаракатларини сусайтириши мумкин:
“Биз фарзандларимизга нормал ва маданиятли келажакни, санкцияларсиз, репрессияларсиз, танлаш имкони бўлмаган сайловларсиз келажакни беришни истаймиз. Энг муҳими, урушсиз. Россия президенти Владимир Путин ҳокимиятга 20 йилдан ортиқ вақтдан бери эгалик қилиб келмоқда”.
Россия босиб олган ҳудудлардан яна 10 нафар бола Украинага қайтарилди
Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запороже ва Херсон вилоятлари ҳудудидан яна ўн нафар бола Украинага қайтарилди. Бу ҳақда "Украинани қутқариш" хайрия жамғармаси раҳбари Николай Кулеба маълум қилди.
Ўз қариндошларига қайтган ўн нафар бола орасида босиб олинган ҳудудда туғилган қиз ҳам бор, деди Кулеба.
Умуман олганда, Россиянинг кенг кўламли тажовузи бошланганидан бери Украинани қутқариш жамғармаси кўмагида 261 бола босиб олинган ҳудудлардан Украинага қайтарилди.
Украина расмийларининг 2024 йил феврал ойи охиридаги расмий маълумотларига кўра, 2022-йил 24 февралдан бери 19546 нафар бола Украинадан Россияга депортация қилинган. Бу фақат расмий равишда қайд этилган ҳолатлар.
Россия томони, ўз навбатида, 700 минг бола олиб кетилганини даъво қилмоқда.
2023-йил 17-март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суди Владимир Путин ва Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Улар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилиш учун жавобгарликка тортилган.
Украинадаги урушда Россиянинг камида 46,6 минг ҳарбий хизматчиси ўлган – Би-би-си ва “Медиазона”
Россия Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан бери фронтда Россиянинг камида 46 678 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, улардан 5 565 нафари – сафарбарлик бўйича чақирилган аскарлар ва 8 599 нафари – маҳкумлардир. Ўлганларнинг шахсини Би-би-си рус хизмати ва “Медиазона” аниқлаштирди.
Очиқ манбалар(ОАВда чиққан таъзияномалар, ўлганларнинг қариндошлари ижтимоий тармоқларда қолдирган хабарлар ва ҳкз.)дан олинган маълумотларга асосланган ушбу тадқиқотда журналистлар ҳозирда фронтда энг кўп йўқотиш кўнгиллилар (икки ҳафтада 382 ўлим тасдиқланган), сафарбарлик бўйича аскарлар (219 киши ўлган) ва аскарликка ёлланган маҳкумлар (191) ҳиссасига тўғри келаётганини қайд этишган.
Шунингдек, урушнинг икки йилида 12 минг аёл ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ва уларнинг аксари – ҳарбий тиббиётчилар экани аниқланди.
2024 йил 7 март ҳолатига кўра, журналистлар 3 277 офицернинг ўлимини тасдиқлашди: шундан 992 нафарини – ҳаво-десант қўшинлари, денгиз пиёдаси, махсус вазифани бажарувчи бўлинмалар ва Росгвардия махсус бўлинмаларининг элита мутахассислари ҳамда ҳарбий учувчилар ташкил қилади.
Журналистлар томонидан тасдиқланган ўлимлар сони бўйча Россия ҳудудлари орасида Краснодар ўлкаси (1 799 киши ўлган), Свердловск вилояти (1 575), Бошқирдистон (1 509) ва Челябинск вилояти (1 301) етакчилик қилади. Шунингдек, Москва шаҳридан 520 ва Санкт-Петербургдан 523 киши ҳалок бўлгани аниқланган.
Аввалроқ “Важние истории” нашри 2022 йилда Россия Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлимларига ижтимоий нафақалар олувчи Украинадаги уруш қатнашчилари сонини эълон қилишни тақиқлаб қўйган эди, чунки ушбу маълумотлар Россия армиясининг урушда кўрган талафотларини ҳисоблашда қўлланиши мумкин.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик бўйича ҳарбий пенсияларга доир маълумотларни эълон қилишни тўхтатган. Бу маълумотлар ҳам РФнинг Украинадаги ҳарбий йўқотишлари кўламини тасаввур қилишга ёрдам бериши мумкин.
Россия ҳукумати ОАВларга Украинада ўлганлар ҳақида таъзияномалар чоп этмасликни тавсия қилади.
Ўз навбатида, “Вёрстка” нашри Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги жанговар ҳаракатлар ветеранлари учун 757 305 та гувоҳнома ҳамда “Улуғ ватан уруши ва жанговар ҳаракатларда қатнашиб ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари” учун 203 мингта гувоҳнома буюртма қилгани ҳақида ёзган эди.
Ушбу маълумотлар Россия армияси талафотларига билвосита ишора қилади.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина билан урушда ҳалок бўлган ҳарбийлар, кўнгиллилар ва маҳкумлар сонини очиқламайди.
Вазирлик шахсий таркибдаги йўқотишлар сонини сўнгги бор 2022 йил сентябрда эълон қилган: ўшанда Россия 5937 нафар ҳарбий хизматчисининг ўлимини тан олган эди.
Зеленский: Украина тинчлик саммитида Россия қатнашмайди
Украина президенти Владимир Зеленский Россия Швейцарияда бўлиб ўтадиган биринчи тинчлик саммитига таклиф этилмаслигини билдирди:
«Биз ушбу саммитда Россия вакилларини кўрмаймиз. Ҳамма нарсани тўсиб қўядиган, йўқ қиладиган ва ўлдирадиган одамларни таклиф қилиш имконияти йўқ. Биз натижаларни хоҳлаймиз, биз фақат тинчликни, Украина учун фақат тинчликни хоҳлаймиз».
Истанбулда Эрдўғон билан бўлиб ўтган музокарадан сўнг, Зеленский Швейцарияда ўтадиган саммитда иттифоқчилар билан тинчлик бўйича йўл харитаси келишиб олинса, кейинги учрашувга Россия таклиф қилиниши мумкинлигини айтди.
Туркия НАТОга аъзо ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, шу билан бирга Россия билан дўстона муносабатларни ҳам сақлаб келмоқда.
Туркия Украина можаросида ҳар икки томон билан мунтазам мулоқот олиб бормоқда. Украина донини экспорт қилиш бўйича Қора денгиз келишувига ҳам айнан Туркия бош-қош бўлган эди.
Зеленскийнинг Истанбулга ташрифи Россия президенти Владимир Путиннинг сайловдан кейинга режалаштирилган ташрифи олдидан амалга оширилди.