Финляндия бош вазири Россия Ғарб билан узоқ давом этадиган можарога тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирди
Финляндия бош вазири Петтери Орпо Европарламентда сўзлаган нутқида Европани Россияга қарши бирлашишга чақирар экан, Москва Ғарбга қарши узоқ давом этадиган можарога тайёрланаётганидан огоҳлантирди:
"Ҳамма уйғониши керак. Россия Украинада уруш жиноятларини содир этишда давом этмоқда. Улар уруш иқтисодиётига ўтди. Россия Ғарб билан узоқ давом этадиган можарога тайёрланаётгани аниқ ва бу доимий ҳарбий таҳдиддир. Европа. Агар биз бирлашган Европа сифатида бу чақирувга етарлича жавоб бера олмасак, келгуси йиллар хавф ва яқинлашиб келаётган ҳужум таҳдидига тўла бўлади”.
Орпо Европа Иттифоқининг барча давлатларини Россия босқинига қарши курашда Украинага ёрдамни давом эттиришга чақирди.
«Бугун Украинага сарфланган ҳар бир евро, Россиянинг эҳтимолий ғалабасидан кейинги харажат билан солиштирганда анча арзонроқ бўлади», — деди Орпо.
Кеча Владимир Путин Россия суверенитети ёки мустақиллигига таҳдид туғиладиган бўлса, ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини айтиб, Ғарбга огоҳлантирувчи сигнал берди.
Россия раҳбари 2022 йил февралида Украинага бостириб кирганидан бери ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлиги ҳақида бир неча бор гапирган.
Путин Ғарбни Украинадаги можарода иштирокинининг чуқурлашиши ядро уруши хавфини туғдириши ҳақида огоҳлантирган эди.
"Запороже АЭС" ўққа тутилди
Россия назоратидаги Украина атом электр станцияси расмийлари Украина иншоотга қарашли муҳим инфратузилма объектини ўққа тутганини билдирди.
Атом станцияси раҳбарияти, дизель ёнилғиси сақланадиган ҳудудга портловчи мослама ташлаб кетилганини билдирди. Раҳбарият воқеа ҳақида станциядаги Халқаро атом энергияси агентлиги мутахассисларини огоҳлантирган.
Мазкур хабарни мустақил равишда тасдиқлаб бўлмади. Объект 2022 йил мартидан бери Москва назорати остида.
Уруш давомида Украина ва Россия бир-бирини станцияда ядровий фалокат юзага келтиришга уринишда айблаб келади.
Молдова ва Украина ташқи ишлар вазирлари Киевда учрашди
Кеча Молдова ташқи ишлар вазири Михай Попсой Киевга ташриф буюрди ва украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан учрашди. Томонлар минтақадаги хавфсизлик ҳолати ва икки мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграциясини муҳокама қилган.
Попсой Молдова Россия босқинига қарши курашда Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Молдова ташқи ишлар вазири, шунингдек, Швейцарияда бўлиб ўтиши кутилаётган Глобал тинчлик саммитида муҳокама қилинадиган Владимир Зеленскийнинг ўн бандлик тинчлик формуласини қўллаб-қувватлашини ҳам билдирди:
“Биз Молдова Республикаси бўйлаб, шу жумладан Днестря ва минтақада вазиятни барқарор сақлаш тарафдоримиз. Россия Молдовадаги сиёсий таянчлари ёрдамида барқарорликни бузишга уринаётганини кўриб билиб турибмиз. Мамлакат ташқарисидаги қочқин олигархлар сайловчиларни, намойишчиларни сотиб олиш учун мамлакатга нақд пул олиб киришга ҳаракат қилмоқда".
Молдова расмийлари Россияни ҳукуматга қарши намойишларни молиялаштириш, маҳаллий сайловларга аралашиш ва ҳукуматни ағдариш ҳамда Молдовани Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиш йўлидан қайтариш учун кенг кўламли дезинформацион кампанияни тарқатишда айблаб келади. Россия барча айбловларни рад этган.
Попсой Молдова урушдан қочган 115 минг Украина фуқаросини қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳам қўшимча қилди.
ЕИ аъзолари Украинага қўшимча 5 млрд евро ажратишга келишиб олди
“Европа иттифоқи Украинага узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш, шунингдек мамлакатнинг ўзини мудофаа қилиши учун зарур ҳарбий техникаларни олишини кафолатлашда собитқадамлик билан давом этмоқда”, дейилади ЕИ Кенгашидаги Бельгия ваколатхонаси баёнотида.