Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:08

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:35 15.3.2024

“Украин десантчилари Белгородда”

Россия Мудофаа вазирлиги 15 март тонггида Белгород вилояти устида Украина тарафдан отилган еттита реактив снаряд уриб туширилганини билдирди.

Мудофаа вазирлиги 30 жангчидан иборат украин десанти 2 вертолётда чегарага яқин Козинка масканига тушгани, бироқ улар у ердан сиқиб чиқарилганини иддао қилмоқда.

Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков “Козинка қаттиқ зарар кўрди, вайронагарчиликлар жуда жиддий”, деди.

Shot телеграм-канали ўз манбасига таяниб, Белгород вилояти билан чегарада ҳужум қайтарилиши натижасида “12 нафар украин диверсанти ва иккита Bradley машинаси йўқ қилингани” ҳақида хабар берди.

Украина томони Козинкада бўлган тўқнашувларга доир хабарларга изоҳ бергани йўқ.

Украина тарафида урушаётган “Рус кўнгиллилар корпуси” (РКК) аввалроқ Белгород ва Курск вилоятлари аҳолисини кўчиб кетишга чақирган эди.

“Биз чегара регионларидаги ҳарбий объектларга қарата жавоб зарбаси беришга мажбур бўламиз! Дарҳол кўчиб кетинг!” дейилади Рус кўнгиллилари мурожаатида.

Уруш шароитида Озодлик томонлар эълон қилаётган маълумотларни тезкор текшириш имконига эга эмас.

Украинанинг чегарадан 40 км шимолда жойлашган Белгородга доимий ҳужумлари уруш даҳшати россияликларни ҳам четлаб ўтмаётганини кўрсатади.

15 февраль куни Плеханов кўчасида 7 кишининг умрига зомин бўлган ракета ҳужумига гувоҳ бўлган пенсионер Владимир Селезнёв хавф-хатарга кўникиш осонмаслигини айтади.

«Албатта, вазият оғир, лекин биз чегара яқинида яшаймиз. Бунга кўникиб қолдик, десам ҳам бўлади».

Украинанинг 2022 йил февралидан бери 300 минг аҳоли яшайдиган Белгородга қилган дрон ва ракета ҳужумларида кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлди.

Киев ҳам худди Москва сингари тинч аҳолини нишонга олганини рад этади.

Ўтган йилнинг 30 декабрида Белгородга уюштирилган ракета ҳужуми натижасида 25 киши ҳалок бўлди ва 100 дан ортиқ одам яраланди.

Бу иккинчи жаҳон урушидан буён Россияда ташқи ҳужум оқибатида энг кўп тинч аҳоли ҳалок бўлган воқеа бўлди.

Чегарага яқин Шебекино шаҳрида ракета снарядлари қолдирган вайрона изларини кўриш мумкин.

18:34 15.3.2024

“Путинга қарши чошгоҳ”

Москва прокуратураси “Путинга қарши чошгоҳ” акциясида иштирок этганлар Россия ЖКнинг 141-моддаси (“Фуқаронинг ўз сайлаш ҳуқуқини эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш”) бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда прокуратура матбуот хизмати маълум қилмоқда.

“Путинга қарши чошгоҳ” акциясини ўтказиш ташаббуси Россия мухолифатига тегишли.

Акцияда россияликлар сайлов участкаларига 17 март куни соат 12 да боришга ва овоз бериш варақасини йиртиб ташлашга ёки “асосий номзод”дан бошқа истаганига овоз беришга чақирилмоқда. Акциядан мақсад – урушга ва Путиннинг сиёсатига қаршилик кўрсатиш.

Овоз бериш варақаларини ё йиртиб ташлаш, ё унга Навалний деб ёзиш тавсия қилинмоқда. Айримлар, масалан, Максим Кац Даванковга овоз беришни маслаҳат беришади.

18:33 15.3.2024

Винницага «Шаҳед» дрони тушди

14 март кеч оқшом чоғи Россиянинг “Шаҳед” дрони Винница вилоятидаги уйлардан бирига зарба бериб, бир киши воқеа жойида ҳалок бўлди ва икки киши ярадор бўлди.

Кейинроқ бир аёл ҳам шу ҳужум оқибатида жон берди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти маълум қилмоқда.

Аввалроқ Суми, Шостке, Тростянц ва Белопольега “Шаҳед”лар ҳужум қилиб, натижада фуқаровий инфратузилма вайрон қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Уруш шароитида Озодлик томонлар эълон қилаётган маълумотларни тезкор текшириш имконига эга эмас.

18:33 15.3.2024

Россияда 3 кунлик президентлик сайлови бошланди

Россияликлар бугун эрта тонгдан овоз бериш учун сайлов участкаларига йўл олди.

Рейтерс билан суҳбатлашган Дмитрий «Янги халқ» партиясидан номзод, 40 ёшли Владислав Даванковга овоз берганини айтди:

«Ёш сиёсатчилар пайдо бўлди. Мен (Владислав) Даванковга овоз бердим, шунчаки янги одамлар ҳаётимиздаги муаммоларга ечим топишини хоҳлайман».

Украина билан урушдаги устунлик ҳамда Россия инфратузилмасини модернизация қилиш атрофида кампания олиб бораётган, ҳокимиятнинг барча тутқичларини назорат қилаётган Кремль Путин жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватлаётганини билдирган:

«Москва марказида яшаймиз, бизда яхши уй, машина ва яхши пенсия бор.»

Президентлик сайловларининг биринчи босқичида сайлов участкалари 17 март куни соат 17:00да ёпилади. Сайлов натижалари 18 март куни эълон қилинади.

Путинга уч нафар сиёсатчилар рақиблик қилмоқда. Булар Либерал-демократик партия етакчиси Леонид Слутский, «Янги халқ» партиясидан Давлат думаси спикери ўринбосари Владислав Даванков ва Давлат думаси депутати Николай Харитонов.

Номзодлар сайловолди кампаниясида Путинни танқид қилмаган, ва уларнинг сиёсий позициялари Путинникидан деярли фарқ қилмайди.

Урушга қарши сиёсатчи Борис Надеждиннинг президентликка номзодлик сўрови ўтган ой Россия Марказий Сайлов Комиссияси томонидан рад этилган эди. У апелляция берганига қарамай, Россия Олий суди МСК қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Россиядаги сайловчиларнинг умумий сони 112 309 947 нафар экани хабар қилинди. Бу рўйхатдан 2014 йилда аннексия қилинган Қрим ҳамда Россия аннексия қилган Украинанинг Донецк, Луганск, Запороже ва Херсон вилоятлари аҳолиси ҳам ўрин олган.

Украина Донецк, Луганск, Запороже ва Херсон вилоятларида ўтказиладиган ҳар қандай сайлов ноқонунийлиги ҳамда сайлов жараёнини кузатиш учун юборилган экспертлар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ғарб давлатлари ҳам Украинанинг аннекция қилинган ҳудудларида сайлов ўтказилишини қоралади ва буни ноқонуний деб атаган.

Президентлик сайловларини янги қўшиб олинган Украина ҳудудларида ўтказилиши Кремль учун сиёсий аҳамиятга эга.

Бироқ бу логистика ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Негаки, рус қўшинлари тўртта ҳудудни фақат қисман назорат қилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG