Украинада 10 ой қолиб кетган икки ҳарбий самолёт Туркияга қайтди
Туркия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 10 ой олдин уруш бошланган пайтда Украинада қолиб кетган Туркиянинг икки ҳарбий транспорт самолёти 20 декабрь куни Туркияга қайтди.
Туркия мудофаа вазирлиги икки самолёт келгани акс этган видеони эълон қилди.
Туркия ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли иккита Аирбус А400М ҳарбий-транспорт самолёти 24 февраль куни Россия Украинага бостириб кирган куни Киев-Бориспил аэропортига қўнган.
Икки самолёт Киевга гуманитар юкларни етказиб бериш ва турк фуқароларини эвакуация қилиш учун боради. Ҳарбий ҳаракатлар бошланиб, Украина ҳаво ҳудуди ёпилгач, Киев аэропортида қолиб кетган.
Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, икки самолёт сешанба куни кечқурун Туркиянинг марказий Кайсери шаҳри аэропортига етиб келган.
Лавров: Европа Иттифоқи “Шимолий оқим” қувуридаги портлашлар юзасидан адолатли тергов олиб бормаяпти
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров cентябр ойида “Шимолий оқим” газ қувурларини ишдан чиқарган портлашлар юзасидан Европа тегишли текширув ўтказмаяпти, деди
"Шимолий оқим” даги портлашлар бўйича Европа Иттифоқидан ҳеч ким холис текширув ўтказмаяпти. Россия шимолий қувурлар орқали газ етказишни тўхтатди. Бундай шароитда биз Қора денгиздаги қувурлар орқали газ сотиб олишни хоҳлаган томонга газ етказиб берамиз.”, деди Лавров.
Россия Британияни қувурларга зарар етказишда айблади. Лондон бу даъволарни рад этди. Швеция ва Даниялик терговчилар бу қасддан қилинган қўпорувчилик эканлигини билдирди, бироқ айбдор номига ойдинлик киритмади.
Байден: Украина дунёни руҳлантирмоқда
Вашингтонга сафар қилган Украина президенти Владимир Зеленский Оқ уйда АҚШ президенти Жо Байден билан учрашди. Байден Зеленскийни АҚШ президенти қароргоҳига киришда кутиб олди.
Овал кабинетдаги учрашув аввалида Байден “Америка халқи Украинани ғурур билан дастаклаши" ва унинг “адолатли дунёга интилишига шерик экани”ни таъкидлади. Қўшма Штатлар президенти Россиянинг Украина фуқаро иншоотларига ракета зарбаларини қоралади. Байденга кўра, Россия “қишдан қурол сифатида фойдаланмоқда”.
Зеленский Оқ уйга таклиф этилишини «катта фахр» деб атади ва АҚШ президенти, Конгресс ҳамда америкаликларга Украинага ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
Россия Мудофаа вазирлиги: Тинч аҳоли ўлими ҳақида маълумот йўқ
Россия Мудофаа вазирлиги, ҳарбий амалиёт бошланганидан бери ҳалок бўлган Украина тинч аҳолисига доир маълумотлар йўқлигини билдирди.
Вазирлик Россия армияси ҳақида фейк хабарлар тарқатишда айбланаётган журналист Андрей Новашовнинг ҳимоячиси адвокат Марина Янкинанинг сўровига шундай жавоб берган.
21 декабрь куни суд мажлисида Новашовнинг ҳимоячиси ишни прокуратурага қайтаришни талаб қилган эди. Адвокат Янкина ўз ҳимоясидаги журналист Новашов Россия армиясининг Мариуполга ҳужумлари тинч аҳоли, жумладан болалар ўлимига олиб келгани ҳақидаги хабарини “қасддан ёлғон маълумот тарқатиш” деб топганига эътибор қаратди, деб ёзади Сибирь.Реалии.
Ҳимоячи фикрига кўра, Новашовнинг “ВКонтакте” тармоғидаги хабарларини “қасддан ёлғон маълумот тарқатиш” деб ҳисоблаш мумкин эмас, чунки ушбу маълумотларга раддия бериб бўлмайди, чунки Россия томони Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида қанча тинч аҳоли қурбон бўлгани хусусида расмий ахборот берган эмас.
“Менга Путин ёки Мудофаа вазирлиги нуқтаи назарига зид ахборотни тарқатиш, деган моддани қўйишлари мумкин холос Аммо Жиноят кодексида бунақа модда йўқ”, деган журналист Андрей Новашов.