Зеленский: Украина жаҳон етакчиларидан бирига айланди
Украина уруш исканжасида қолаётган бир пайтда президент Владимир Зеленский Олий Радада йиллик мурожаати билан чиқди.
Уруш туфайли йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Зеленский нутқида Украинанинг Кремлга қарши матонат кўрсатиши бутун дунёда қадриятларга нисбатан ишончни жонлантирганини таъкидлади:
"Украина жаҳон етакчиларидан бирига айланди. Байроғимиздаги ранглар бутун дунёда жасорат ва матонат рамзига айланди. Энди ҳар бир мамлакат, ҳар бир қитъада - кўк ва сариқ рангларни кўришганида, бу эркинлик тимсоли эканлигини билишади. Бу таслим бўлмаган, курашган, дунёни бирлаштирган ва албатта ғалаба қозонадиган халқнинг тимсоли эканини билишади."
Зеленский парламентга мурожаатида асосан 11 ойлик урушга урғу берди. Бироқ у нутқи давомида кучли ва фаровон давлатни қуриш учун энергия тизимини марказлаштириш ва уни яшил энергияга айлантириш кераклигига ҳам тўхталиб ўтди.
Зеленский, шунингдек Россия босқини бошланганидан бери 1456 нафар украин ҳарбий асирларини озод қилишга эришилганини ҳам маълум қилди.
Зеленский Украинадаги уруш Европа Иттифоқини мустаҳкамлаш ва бирлаштиришга ёрдам берганини ҳам таъкидлади.
Киевга ҳужум: Уч киши яраланди
29 декабрь куни эрталаб Украинанинг бир қатор ҳудудлари, жумладан, пойтахт Киев яна Россиянинг ракета ҳужумларига учради.
Мамлакат бўйлаб тревога сиреналари кун давомида тинмади.
Киев вилоят маъмуриятига кўра, ҳужумлар оқибатида уч киши жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган. Ярадорлардан бири, 14 яшар қиз экани хабар қилинди.
Киев расмийлари ҳисоб- китобича, пайшанба куни Россия Украинага 120дан зиёд раката отган.
Украина Россиянинг бир қанча ракеталари уриб туширилганини билдирди.
Киев вилояти маъмуриятининг маълум қилишича, уриб туширилган Россия ракетаси парчалари Дарницкий туманидаги хусусий бинога ва бино ёнидаги машинага зарар етказган.
Россия октябрь ойидан бери мунтазам Украина энергия инфратузилмасини нишонга олиб келмоқда. Бу эса Украинада элeктр энергиясининг танқислигига сабаб бўлмоқда.
БЕЛТА: Белорус ҳудудига Украина ракетаси тушди
Бугун Беларус расмийлари мамлакат ҳудудига Украинадан ракета учиб келганини билдирди.
Бу ҳақда хабар қилган Беларуснинг БЕЛТА давлат ахборот агентлиги бошқа тафсилотларни очиқламади.
Россиянинг ТАСС агентлиги эса Беларус Мудофаа вазирлигига таяниб, ракета Брест вилоятининг Иваново аҳоли масканига тушгани ҳақида ёзди.
Украина томони ҳозирча воқеани изоҳлаганича йўқ.
БЕЛТА хабарида кучишлатар идоралар икки асосий тахминни кўриб чиқаётгани ёзилган:Биринчиси, яқинда Польшада бўлгани каби, ракета нотўғри тарафга учган. Иккинчиси, ракета Беларус ҳарбийлари томонидан уриб туширилган.
Польшанинг Украина чегарасидан етти километр ичкарида жойлашган Пшеводув қишлоғига ракета ноябрь ойида тушган эди. Воқеа бўйича суриштирув ҳали якунлангани йўқ, бироқ Польша президенти Анжей Дудага кўра, мавжуд далиллар ракета қасддан мамлакат ҳудудига отилганини кўрсатмаяпти. У юз берган воқеани “бахтсиз тасодиф” деб атаган.
Одессада рус императори Екатерина ҳайкали қулатилди
Украинанинг Одесса шаҳридан рус императори Екатеринанинг ҳайкали олиб ташланди.
Екатерина Одессага асос солган шахс сифатида машҳур. Унинг ёдгорлиги 1900 йилда шаҳар марказида ўрнатилган, аммо 1920 йилда совет режими томонидан олиб ташланган. Шаҳар кенгаши уни 2007 йилда қайта тиклаган.
Украина уруш бошланганидан бери мамлакатдаги рус мутафаккирлари, Россия давлатчилиги етакчиларининг ҳайкалларини бузиб ташламоқда. Бу орқали жамоат жойларидан совет даври қолдиқлари ва рус таъсирини йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда.