"Янги йил тунида Россиянинг 45та дрони уриб туширилган"
Украина президенти Владимир Зеленский Янги йил тунида Россия армиясига тегишли 45 та Шаҳед дронлари уриб туширилганини билдирди:
"Қадрли ватандошлар барчангизга сиҳат саломатлик тилайман. Янги йил, янги кун, янги сарҳисоб. Йилнинг биринчи кечасида 45 та "Шаҳед" дронлари уриб туширилди. Ҳарбий ҳаво кучларимиз химатчиларига раҳмат айтаман. Улар ўттиз учта дронларни уриб туширган бўлса, яна 12 та дронни қуруқликдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа хизмати бартараф этди. Улардан миннатдормиз. Рус террорчилари янги йилни ачинарли аҳволда қарши олди. Бизнинг ҳимоячиларимиз янги йилнинг илк кунидан ажойиб ҳаракат қилиб, ўзларини кўрсатишди"
Россия томони эса 2022 йилнинг сўнгги кунида Украинадаги дрон ишлаб чиқариш обьектларини йўқ қилганини маълум қилди.
"Россия Қуролли кучлари Украина ҳарбий-саноат обьектларига юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба берди", деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.
Озодлик уруш шароитида томонлар тақдим қилаётган маълумотларни тезкор текшириш имконига эга эмас.
Макеевкага ҳужумда 63 рус ҳарбийси ўлди
Янги йил кечаси Донецк шаҳри яқинидаги Макеевкада техника билим юрти биноси ўққа тутилди – у ерда Украинага урушга сафарбар қилинган россияликлар бўлгани айтилмоқда. Ҳужум ҳақида Россия ҳарбий мухбирларининг телеграм-каналлари ҳамда тан олинмаган “ДХР” ахборот вазири ўринбосари Безсоновга оид канал хабар тарқатди.
Россия Мудофаа вазирлиги Макеевкадаги ҳужумни орадан бир ярим кун ўтиб тасдиқлади ва ушбу ҳужумда 63 нафар ҳарбий ўлганини билдирди.
Украина ҳарбийлари эса ушбу ҳужумда “400 нафарга яқин босқинчи” йўқ қилингани, ярадорлар ҳам кўплигини таъкидламоқда.
Макеевкада техника билим юртига Ҳаймарс ракета тизими орқали зарба берилгани айтилмоқда.
Краматорск, Днепропетровск ва Херсон ҳужумлар остида
3 январь эрталаб Донецк вилоятининг Краматорск шаҳри ва Днепропетровск вилоятининг Никополь тумани Россия ҳужумларига тутилди.
20 га яқин ракета келиб тушган. Турар-жой ва маъмурий объектлар вайрон бўлган. Қурбонлар йўқ.
Херсон вилоятига ҳам ҳужумлар тўхтамаяпти. Вилоят маъмурияти маълумотига кўра, ўтган 24 соат ичида Россия ҳужумларидан у ерда икки киши ҳалок бўлган, камида тўққиз киши жароҳатланган.
Дружковкада "Алтаир" муз саройи Россия ракета ҳужумидан вайрон бўлди
Донецк вилоятининг Дружковка шаҳридаги "Алтаир" муз саройи Россия ракета ҳужумидан вайрон бўлди. Жароҳатланганлар бор. Арена илгари Украинанинг энг номдор хоккей клуби - "Донбасс" нинг базаси бўлган.
Россия 2022 йилнинг иккинчи ярмида жанг майдонида шармандали мағлубиятга учраганидан бери Украина шаҳарларига қарши оммавий ҳаво ҳужумлари уюштириб келади.
Россия томонига кўра, қишда миллионлаб одамларни иссиқлик ва электрдан маҳрум қилган ҳужумлари Киевнинг жанговар қобилиятини пасайтиришга қаратилган.
Украина эса Россия ҳужумларидан мақсад тинч аҳолига зарар етказиш, бу эса уруш жинояти эканини айтади.