Украиналик кўнгиллилар ҳалок бўлган аскарлар жасадларини уларнинг оилаларига етказиб бермоқда
Кўнгиллилар гуруҳи фронт чизиғида ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини излаб топиш ва жасадларни аскарларнинг оилаларига қайтаришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.
100 га яқин кўнгиллилардан иборат "Қора лолалар миссияси" гуруҳи портлашлар вақтида рус ва украин аскарларнинг жасадларини топиш ва эксгумация қилишдек хавфли вазифани бажармоқда.
Олексий Иуков илгари Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарлар қолдиқларини топишда иштирок этган. Ҳозирда у “Қора лолалар” гуруҳи таркибида ҳам ҳаракат қилмоқда.
"Ҳозирги ҳолатни англаш, қабул қилиш қийин. Ахир биз 21 асрда яшаяпмиз, бироқ уруш кетяпти. Йўлларда, ўрмонда ва бино вайроналарида жасадлар ётибди. Биз Украина учун ҳалок бўлган ҳар бир аскар жасадини топиб, уни оиласига юбориш учун ҳаракат қиляпмиз", дейди Иуков.
"Украин аскарлари жасадларини қазиб олиб оиласига жўнатиш орқали хайрли иш қиляпмиз деб ўйлайман. Чунки, уларнинг ота-оналари жасадларни анъанага кўра дафн қилишни хоҳлашади. Хоҳ у насроний урф-одатлари бўлсин хоҳ бошқа дин. Ҳалок бўлганлар жасадлари ўрмонда, далада ёки кўчаларда ётмаслиги керак, - дея қўшимча қилди кўнгиллилардан бири Артур Симейко.
Жасадларни излаш хавфли бўлиши мумкин, негаки аксар ҳолларда жасадлар ёнида миналар қолиб кетади ёки атайин миналаштирилади. Гуруҳ шу чоққача қанча жасад топганини айтишдан бош тортди.
Гуруҳ аъзолари хавф-хатарларга қарамай, "Қора лолалар миссияси" тўхтамаслигини айтишади.
"Бунга кўникиш мушкул. Ҳар сафар бир жасадни қазиб олганингизда, у ҳаётининг сўнгги лаҳзаларида бошидан кечирган даҳшатини сиз ҳам худди қўрқинчли туш каби бошдан кечирасиз. Биласизми бир оилага уларнинг суйган инсон энди ёъқлигини айтишингиз кераклигини англаш бу жуда қийин. Аскарларнинг оилалари фарзандлари асирга олинган ёки яширинган бўлишига умид қилишади. Бироқ биз жасадни топар эканмиз бир оилани сўнгги умидларидан ҳам маҳрум қиламиз. Бу жуда даҳшат", - деди Иуков.
Донецкда фавқулодда хизмат ходимлари ҳамон Макеевка шаҳридаги бинони вайроналардан тозалашда давом этмоқда
Янги йил арафасида Украина кучлари рус қўшинлари жойлашган бинони ракета зарбалари билан вайрон қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги қурбонлар сони 89 нафарга етганини билдирди.
Россияда миллатчилар ва айрим депутатлар эътиборсизлиги учун армия қўмондонларини жазолашни талаб қилди.
Уларнинг айтишича, қўмондонлар Украина ракеталарига нишон бўлиши мумкинлигини билишларига қарамай, аскарларни ўқ-дорилар омборига яқин ҳудудга жойлаштирган.
Зеленский: “Мудофаани кучайтиришимиз керак”
Украина ўз ҳамкорлари билан “мудофаани мустаҳкамлаш” устида ишлаши керак, деди Владимир Зеленский.
"Биз террорчи давлатнинг сафарбарлик ҳаракатларидан аввалроқ Украина учун энг зарур бўлган ишни қилишни бошладик. Айнан ҳозир ҳамкорларимиз билан биргаликда мудофаа салоҳиятимизни кучайтиришимиз лозим. Шубҳа йўқки, Россия раҳбарлари урушдаги вазиятни ўзгартириш, ҳеч бўлмаганда мағлубиятини кечиктириш учун қўлларидаги ҳамма нарсани ишга солади”, деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Зеленскийнинг мурожаати Россия Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига дронлар билан ҳужум қилаётган бир пайтга тўғри келди .
Зеленский аввалроқ Россия Украинани “ҳолдан тойдириш” учун Эрон дронлари ёрдамида узоқ давом этадиган ҳужум кампаниясини режалаштираётганини айтган эди.
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Зеленскийга Британиянинг узоқ муддатда Украинани қўллаб-қувватлашига ишониши мумкинлигини таъкидлади.
Хорижлик жангчилар фронтда Украина томонида туриб курашмоқда
Хорижлик жангчилар Донецк вилоятида, Россия назоратидаги Креминна шаҳри яқинида машғулот ўтказди.
"Карпат Сич баталёни" деб номланган халқаро легион турли миллатга мансуб аскарлардан иборат. Легион испан, инглиз ва украин тилида сўзлашувчи уч гуруҳга бўлинган.
"Сват" исмли қўмондон чет эллик кўнгиллилар Россияга қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
“Уларнинг иштирокини ортиқча таърифламайман. Хорижлик жангчилар биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Улар жангга тайёр, жанг қилишни хоҳлашади. Уларнинг 60 фоизи жангларда ўзини жуда яхши кўрсатмоқда”, деди Сват.
Март ойида Украинага келган колумбиялик аскар, 41 ёшли Хуан Пабло Хуртадонинг айтишича, бу ердаги уруш ватанидаги партизанларга қарши курашдаги тажрибасидан тубдан фарқ қилган:
“Бу ердаги уруш Колумбиядаги ички урушлардан бутунлай фарқ қилади. Буни таққослаб бўлмайди. Бу ерда артиллерия кўп, руслар бизни ракеталар, бомбалар билан ўққа тутади. Биз омон қолишга, русларни Украинадан ҳайдаб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Хуртадо.
Бир ой олдин келган бразилиялик аскар Геррейро кўплаб жароҳатланганларни кўрганини, аммо охиригача жанг қилишини айтади:
"Қонли жангларда кўплаб дўстларимиз жароҳат олди. Биз уларни тезроқ сафга қайтаришимиз керак. Ғалаба қозонмагунимизча, ҳар бир қарич ерни қайтариб олмагунча қаршилик кўрсатамиз. - деди Геррейро.
Бугун Украина разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг маълум қилишича, Бахмутда рус аксарларининг минглаб мурдаси очиқ далада чириб ётибди. Айрим ҳолларда рус аксарлари мурдаларни тўплаб улардан тўсиқ сифатида фойдаланмоқда.