Украинлар инглиз танкларини бошқаришни ўрганади
Украина ҳарбийлари тез орада Буюк Британияда Challenger 2 танкларини бошқаришни ўрганишга киришади
Бу ҳақда Украинанинг Лондондаги элчиси Вадим Пристайко Озодлик радиоси украин хизматининг 20 январь оқшомидаги ёйинида маълум қилди.
15 январь куни Буюк Британия ҳукумати Украинага Challenger 2 танкидан 14 та, шунингдек AS90 русумли ўзиюрар артиллерия қурилмаларидан 30 та бериши маълум қилинган эди.
Буюк Британия Украинага эвакуация вертолётлари берди
Украина мудофаа вазири эвакуация вертолётларини етказиб бергани учун Буюк Британияга миннатдорлик билдирди
Олексий Резников "SEA KING" вертолётлари “Украина денгиз флотини кучайтиришини" таъкидлади.
Британия берган вертолёт Қора денгиз яқинида учраётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.
Рейтерс видео жойлашувини тасдиқлай олмади, бироқ видоедаги вертолёт тасвири асл вариантга мос келди.
Ўтган йил ноябрида Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес Украинага қироллик денгиз флотига тегишли учта вертолёт берилишини айтган эди.
Вертолёт ҳалокатида қурбон бўлганларни хотирлаш маросими бўлиб ўтди
Маросимда қатнашган президент Владимир Зеленский кўз ёшларини тийиб туролмади.
Вертолёт ҳалокати Россиянинг Днепр шаҳридаги ракета ҳужумидан бир неча кун ўтиб содир бўлди.
Украина президенти Владимир Зеленский тунги мурожаатида вертолёт қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасини ёдга олди.
"Буни эслаш оғриқли, ҳозир бу ҳақда гапириш оғриқли. Денис ҳам профессионал, ҳам чинакам инсон эди. Ички ишлар вазири қандай бўлиши керак бўлса, у шундай шахс эди. Биз йўқотаётган ватандошларимизни ҳеч қачон унутмаймиз. Ватанпарвар, профессионал инсонларни, давлатга садоқатли одамларни афсуски ортга қайтариб бўлмайди”, — деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
18 январь куни Францияда ишлаб чиқарилган Супер Пума вертолёти Киевнинг шарқий чеккасидаги болалар боғчаси яқинига қулаб тушди.
Вертолёт бортида бўлган Украина ички ишлар вазири Денис Монастирский, унинг ўринбосари ва яна вазирликнинг беш нафар юқори мартабали амалдори ҳалок бўлди.
Ҳодиса оқибатида яна етти киши ҳалок бўлди, улардан бир нафари бола экани айтилди. Расмийлар ҳалокат сабабларини ўрганишда давом этмоқда.
Россия Донецк ва Херсон вилоятларини ўққа тутди
Донецк вилоятидаги қишлоқлардан бирига Россия ракеталари келиб тушди, қурбонлар йўқ.
Кеча кечки пайтда Донецк вилоятидаги қишлоқлардан бирига ракета снарядлари келиб тушди. Оқибатда болалар боғчаси ва яқин атрофдаги биноларга зарар етган, бироқ қурбонлар йўқ, дея маълум қиди ҳудуд расмийларидан бири.
Константинивка ҳарбий маъмурияти раҳбари Олексий Рословнинг сўзларига кўра, Россиянинг иккита S-300 ракетаси Бахмутдан 30 километр узоқликдаги Билокузминивка қишлоғига тушган.
“Ракеталардан бири мактабга, иккинчиси болалар боғчасига келиб тушди. Бино ойналари cинган, томига ҳам зарар етган. Лекин қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ”, дейди Олексий исмли маҳаллий аҳоли вакили.
Ўтган сутка давомида Россия қўшинлари Херсон вилояти ҳудудини 49 марта ўққа тутди, 3 киши яраланди,
“Улар шаҳарнинг аҳоли турар-жойларини ўққа тутди.Душман снарядлари давлат корхонаси, дарё порти, новвойхона ва фуқароларнинг уйларига тушди”, деди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Ярослав Янушевич.
Харков вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг ёзишича, Купянскда сут консерва заводи ва иккита хусусий уйга ракета тушган, Волчанскда хусусий бинолар вайрон бўлган, Ветеринарно қишлоғида 46 ёшли фуқаро жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.
Ўтган суткада Донецк вилоятининг Бахмут шаҳри ўққа тутилиши натижасида икки киши яраланган, деб хабар берди вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Павел Кириленко.
"Руслар тунда ҳудудни уч марта оғир артиллериядан ўққа тутди. Марганецкаянинг асосий қисми зарба остида қолди. Душман шаҳар ва қишлоқларга 30 дан ортиқ снаряд отган. Одамлар жабрланмаган", - дейди Днепропетровск вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Валентин Резниченко. Унинг қўшимча қилишича, Марганецкда лицей, саноат корхонаси, сув таъминоти насос станцияси, маъмурият биноси вайрон бўлган»