Москва вилоятида ҳаво ҳужумидан мудофаа машқлари ўтказилди
Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, С-300 зенит-ракета мажмуаси экипажлари “муҳим ҳарбий, саноат ва маъмурий объектларга ҳаво ҳужумларини қайтаришни” машқ қилган.
Машғулотларда 150 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳамда 30 дан ортиқ қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника иштирок этди, дея қўшимча қилди Россия Мудофаа вазирлиги.
Январ ойи ўрталарида Интернетда Москва марказидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг фотосуратлари пайдо бўла бошлади. Хусусан, ушбу қурилмалардан бири Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг томига ўрнатилди.
Bloomberg агентлигининг ёзишича, бу Россия расмийлари Украина учувчисиз учоқларининг ҳужумидан хавфсираётганини кўрсатади.
Агентлик суҳбатдошларининг таъкидлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича қарор Рязан ва Саратов яқинидаги ҳарбий аэродромларга учувчисиз дронлар томонидан қилинган ҳужумлардан сўнг қабул қилинган.
Латвия, Литва ва Эстония Германияни Леопард танкларини зудлик билан Украинага беришга чақирди
Латвия, Литва ва Эстония ташқи ишлар вазирлари Германияни Украинага Леопард 2 танкларини етказиб беришни кечиктирмасликка чақирмоқда. Бу ҳақда сиёсатчиларнинг Тwиттердаги қўшма баёнотида маълум қилинди.
"Биз, Литва, Латвия ва Эстония ташқи ишлар вазирлари Германияни ҳозирданоқ Украинага Леопард танкларини беришга чақирамиз. Бу Россия агрессиясини тўхтатиш, Украинага ёрдам бериш ва Европада тинчликни тезда тиклаш учун зарур. Европанинг етакчи давлати сифатида Германиянинг бу хусусда алоҳида масъулияти бор", деб ёзди Литва ташқи ишлар вазири Габриелюс Ландсбергис Твиттерда.
Худди шундай матнли твитларни унинг эстониялик ҳамкасби Урмас Рейнсалу ва Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичслар ҳам жойлаштирган.
Аввалроқ Германиядаги Рамштайн авиабазасида ўтказилган йирик давлатлар саммити Украинага танкларни етказиб бериш бўйича узоқ кутилган қарорни қабул қила олмагани хабар қилинган эди.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус танкларни етказиб бериш бўйича консенсусга эришиб бўлмаганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, яқин орада қарор қабул қилинади ва бу Германия канцлери Олаф Шолцга боғлиқ.
Айни пайтда эса Германия мудофаа вазири Борис Писториус Украинага ташриф буюришни режалаштирмоқда
У Bild am Sonntag нашрига берган интервюсида, янги лавозимида биринчи бўлиб қаерга бориши ҳақидаги саволга: "Мен яқинда Украинага боришимга шубҳам йўқ. Эҳтимол, яқин тўрт ҳафта ичида", деди.
Писториус, шунингдек, Украинага немис Леопард танклари етказиб берилишига изоҳ бериб, Германия “бу масала бўйича ҳамкорлар, биринчи навбатда, АҚШ билан интенсив мулоқот олиб бораётганини” айтди.
Россия паспорти бор муҳожирлар чегарадан чиқарилмаётир
Россия паспортига эга муҳожирларнинг Россия ҳудудидан чиқиб кетишига рухсат берилмаяпти.
Бир неча йил аввал Россия фуқаролигини олган қирғизистонлик Бекболат 2022 йил 22 декабрь куни Россиядан кетмоқчи бўлганида унга чиқишга рухсат берилмаган.
“Россия чегарасида менга жуда мулойимлик билан “сиз сафарбарлик рўйхатига киритилгансиз, бу қонун, сиз 12 февралгача хорижга чиқа олмайсиз”, дея қайтариишди дейди Бекболат.
Аммо, анча олдин Россиядан чиқиб олиб, Туркияга борган россияликлар эса яшашга рухсатнома оломаётир. Миграция идораларида, яъни Туркиянинг чет элликлар билан ишлаш бошқармасида яшашга рухсатнома олиш учун нафақат уй жойнинг олти ойлик ижара шартномаси, балки расман тасдиқланган даромадни ҳам сўрашмоқда.
Қолаверса, ҳисобрақамидаги баланс ёки мунтазам пул тушумига оид банк ҳужжатлари кўчирмаси эндиликда етарли эмас: масофадан ишловчилар иш берувчи ширкатдан ҳужжат, пенсионерлар эса пенсия олишлари ҳақидаги маълумотномани тақдим этиши сўралмоқда. Бундан ташқари, иккала ҳолатда ҳам ҳужжатлар апостиль қилиниши зарур.
Миграция идоралари, 2022 йилнинг декабрь охирларидан бери кузатилаётган бу вазиятга расман изоҳ бергани йўқ.
2022 йилнинг декабрига қадар талабгорлар асосан уй-жой ижараси учун ҳақ тўлаш ва тиббий суғурта расмийлаштириш билан яшаш рухсатномаларини олишлари мумкин эди. Бундан ташқари, кўчмас мулк сотиб олганлар ҳам яшашга рухсат олиши мумкин.
«ГРУ Испанияда ичига бомба яширилган жўнатмаларни уюштиришда гумон қилинмоқда»
Россия Қуролли кучлари Бош штабининг Бош бошқармаси (аввалги номи ГРУ) 2022 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Испанияда ичига бомба яширилган жўнатмалар йўлланишини уюштиришда гумон қилинмоқда.
Бошқарма бу ишларни Россияга мансуб “Русское имперское движение” ўта ўнглар гуруҳи қўли билан амалга оширган бўлиши мумкин, дейилади The New York Times мақоласида.
Нашр терговдан хабардор ва исми сир тутилишини истаган “АҚШ расмийлари”га ҳавола берган. Манбаларга кўра, испан полицияси, АҚШ ва Британия разведкаларининг ўзаро келишиб ҳаракат қилиши туфайли бомба жўнатганларнинг изига тушишга муваффақ бўлинган.
2022 йилнинг ноябрь ойида ва декабрь ойи бошларида Испанияда ичига портлатиш қурилмаси ўрнатилган олтита жўнатма йўлланган эди. Уларни мамлакат бош вазири қароргоҳи, Украина ва АҚШ элчихоналари ҳамда мудофаа вазирлиги олган.
Бомбалардан фақат бир киши жабр кўрган – Украинанинг Мадриддаги ваколатхонаси ходими жўнатмани очган вақтида енгил яраланган эди.