Зеленский Ғарбдан ракеталар сўрамоқда
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг Украина шаҳарлари ва тинч аҳолига ҳужумларини олдини олиш учун ракеталар ҳам зарурлигини айтди.
"Агар армиямизни зарур ракета тизимлари билан ҳам таъминлай олсак, шунда рус террорини тўхтатиш мумкин бўлади. Террористлар жазосиз қолмаслиги, босқинчилар шаҳарларимизни вайрон қилишига йўл қўймаслик учун Украинага узоқ масофага мўлжалланган ракеталар керак." - деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Зеленский Украинага АҚШнинг узоқ масофага мўлжалланган АТАCМС ракета тизими зарурлигини билдирди. Вашингтон эса бу қуролни беришдан бош тортиб келмоқда.
Шунингдек, Украина Ғарбдан қирувчи самолётлар етказиб беришни ҳам сўраб келмоқда.
Донецк вилоятида жанглар давом этар экан, маҳаллий аҳоли хавотирда
Донецк вилоятининг Часив Яр шаҳри кўчаларида портлаш овозлари эшитилмоқда. Маҳаллий аҳоли портлашдан кейинги вайроналарни тозаламоқда.
Наталя уйи ракета зарбасидан вайрон бўлганини билдирди.
“Портлаш вақтида уйимизда ўтирган эдик. Энди бошпанасиз қолдик", дейди у.
Наталя оиласи билан Краматорскка кетишини айтди.
83 ёшли Евгения Епифанованинг ҳам уйи ҳужумда вайрон бўлган. Қария ёрдам берадиган ҳеч кими йўқлигини айтди.
“Ёрдам берадиган ҳеч кимим йўқ, ёлғиз яшайман".
Владимир Зеленский Донецк вилояти фронт чизиғидаги вазият “ўта оғир” деб баҳолаб, Россия ҳужумлари кучаётганини маьлум қилган эди.
Киев сўнгги ҳафталарда Россия кучлари янги ҳужум бошлаши мумкинлигини айтиб келмоқда.
Украина шарқи: қақшатқич жанглар давом этмоқда
Бахмут, Авдеевка ҳамда Новопавловск йўналишлари – Донбассдаги энг қақшатқич жанглар бўлаётган ҳудудлар бўлиб турибди, дея маълум қилди Украина ҚК Бош штаби кечаги ҳисоботида.
Унда айтилишича, Украина шаҳарлари ва инфратузилмасига ракета зарбалари бўлиши эҳтимоли ҳануз юқори.
Украина шимоли-шарқидаги Суми вилоятининг Середино-Буда шаҳри бугун Россия ҳужумига учради. Вилоят маъмуриятига кўра, икки қаватли бино вайрон бўлган, болалар боғчаси ва спорт мажмуаси биноларига шикаст етган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.
Кеча Украина шарқидаги Константинивка шаҳрига ракета келиб тушди. Уч киши қурбон бўлди. Вилоят губернатори айбдорлар жазоланишига ваъда берди.
Павло Кириленконинг билдиришича, Россиянинг ҳужуми оқибатида яна икки киши яраланган, тўртта кўп қаватли уй ва меҳмонхонага зарар етган.
“Мен шу ерда телевизор кўриб ўтирган эдим. Шунда бирдан гумбурлаган овоз эшитилди. Ҳеч нарсани тушунмай қолдим. Кўзимни очсам ҳамма жой вайрон, қонга беланганча ётибман. Онам ҳам яраланди. Кейин эса бизга ёрдамга келишди”, дейди шаҳар турғуни Ирина Мальцева.
Ҳужумдан сўнг, атроф метал ва шиша парчаларига тўлди. Ерда қон доғлари қолган
“Онам мўъжиза туфайлигина омон қолди. У мана бу ерда ўтирарди. Шунда бирдан дераза рамкаси қўпорилиб онамни уриб юборди. Бу ерда содир бўлаётган нарсалар даҳшатнинг ўзгинаси. Онам қандай қилиб тирик қолганига ҳали ҳам ақл бовар қилмаяпман”, дейди шаҳар турғуни Ирина Мальцева.
Кириленко ўтган сутка мобайнида Россия зарбалари натижасида тўрт киши ҳалок бўлгани ва камида етти киши яраланганини маълум қилди.
Украина Ғарбдан 24 та қирувчи учоқ олишга умид қилмоқда
Украина Ғарбдаги ҳамкорлари ёрдамида иккита авиабаталон ташкил қилмоқчи, бунинг учун 24 та қирувчи учоқ керак бўлади.
Бу ҳақда Украина ҲҲК қўмондонлиги вакили Юрий Игнат Испаниянинг El País газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Мулозимга кўра, ушбу масалада олиб борилаётган мураккаб музокаралар муваффақиятли тугаган тақдирда украин учувчиларини тайёрлашга қарийб ярим йил керак бўлади.
Ундан сўнггина Ғарб қирувчи учоқларини фронтда қўллаш мумкин.
Игнат Украинанинг ўзи АҚШда ишлаб чиқарилган F-16 учоқларини маъқул кўришини айтар экан, иттифоқчилар Франциянинг Rafale ёки Швециянинг Gripen учоқларини бериши мумкинлигини ҳам истисно этмади.
Украинага оғир танклар етказиб бериш хусусида бир неча кун олдин келишувга эриша олган Ғарб мамлакатлари Киевга жанговар учоқлар тақдим этиш имкониятлари борасида бир тўхтамга келгани йўқ. Германия бу ҳақда “гап бўлиши мумкин эмас”лигини айтган бўлса, Нидерландия, аксинча, “ушбу масалада биз учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ” дея баёнот берди.
Буюк Британия эса Украинага “Россия қўшинларини ўз ҳудудидан сиқиб чиқарганидан сўнг” қирувчи учоқлар беришни маъқул кўрмоқда.