Rheinmetall ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни оширишга тайёр
Германиянинг қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи энг йирик ширкати бўлмиш Rheinmetall Украина ва Ғарб эҳтиёжларини қондириш мақсадида танклар ва артиллерия учун снарядлар ишлаб чиқаришни кескин оширишга, шунингдек HIMARS ракета комплексларини ишлаб чиқаришни бошлашга тайёрлигини билдирди.
Ширкат раҳбари Арман Паппергер “Рейтер” агентлигига берган интервьюсида шундай деди: “Биз танклар учун 120 миллиметрли снарядлардан 240 минг дона ишлаб чиқаришимиз мумкинки, бу бутун дунё эҳтиёжларидан ҳам кўпдир”.
Маълумот учун, Ғарб Украинага беришни режалаётган Leopard 2 танклари айнан 120 миллиметрли тўплар билан жиҳозланган.
Паппергерга кўра, Rheinmetall 155 миллиметрли артиллерия снарядлари ишлаб чиқариш ҳажмини йилига ярим миллион донага етказа олади.
Бахмут йўналишида “Вагнер” ўрнини рус десантчилари эгалламоқда
Россия армиясининг мунтазам бўлинмалари Бахмутга ҳужумда заифлашган “Вагнер ХҲШ” ўрнини эгалламоқда. АҚШнинг Урушни ўрганиш институти экспертлари шундай тахмин билдиришди.
Уларнинг кузатувларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги ҳисоботларида Украина мудофаасининг Донецк вилоятидаги таянч маркази бўлмиш Бахмут шаҳри атрофида Ҳаво десанти қўшинлари ҳаракат қилаётгани тез-тез тилга олинмоқда. “Вагнер ХҲШ” жангчилари, хусусан, Россия колонияларида ёлланган маҳкумлар Бахмут учун жангларда, айниқса Соледар шаҳри ва унинг теварагидаги аҳоли масканларини ишғол қилишда катта талафот кўрган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби янги ҳисоботида ўтган суткаларда Россия қўшинларининг Бахмут ва Угледарга ҳужумлари қайтарилганини маълум қилди. Угледар шаҳри сўнгги бир неча кундан бери Россия ҳужумларига учраётган эди.
Чехияда янги президент сайланди
28 январь куни Чехияда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Иккинчи турдаги сайловда истеъфодаги генерал Петр Павел сайловчиларнинг 58,28 фоиз овозини олиб ғолиб бўлди. Унинг рақиби, Чехия собиқ Бош вазири Андрей Бабиш эса 41,71 фоиз овозга эга бўлди.
Словакия президенти Чехиянинг янги президенти Петр Павелни сайловдаги ғалабаси билан табриклади.
"Жаноб президент, сизнинг ғалабангиз умид ғалабасидир. Яхши хулқ ва ҳалоллик заифлик эмас, балки сиёсатда ҳам ғалабага олиб келиши мумкин бўлган куч эканлигини кўрсатдингиз", деди Словакия президенти Зузана Чапутова.
Петр Павел Зузана Чапутовага миннатдорлик белгиси сифатида сайлов кампанияси рамзи бўлган либос ҳамда гул совға қилди.
"Кутган номзоди ғалаба қозонмаганидан ҳафсаласи пир бўлганларни тушунаман. Лекин мен бу мамлакатда ғалаба қозонган ёки ютқазган сайловчилар бўлмаслигини ҳам биламан. Бу сайловда қадриятлар ғалаба қозонди. Ҳақиқат, қадр-қиммат, ҳурмат ва камтарлик деб аталмиш қадриятлар тантана қилди”, деди Чехиянинг янги президенти Петр Павел.
Петр Павел март ойидан ўз лавозимига киришиб, ўн йил давомида икки муддат Чехияни бошқарган Милош Земаннинг ўрнини эгаллайди. Милош Земан собиқ бош вазир ҳамда миллиардер Андрей Бабишни ўз вориси сифатида қўллаб-қувватлаб келаётган эди.
Петр Павел Чехияни Европа Иттифоқи ва НАТОда ўз ўрнини мустаҳкамлашини ҳамда Украинага ёрдамни давом эттиришини маъқуллади.
Харковга ҳам ракета зарбаси берилди
Кеча Харковдаги кўп қаватли уй ракета зарбасидан вайрон қилинди. Бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди, деди вилоят губернатори Олег Синегубов.
Рейтерс агентлигининг воқеа жойидан олинган суратида турар-жой биносининг бир қисми ёнаётгани акс этган. Синегубов ҳужум Киев туманида содир бўлганини билдирди.
“Янгиланган маълумотларга кўра, Россия ракетасининг турар-жой биносига берган зарбаси натижасида бир киши ҳалок бўлди”, — деб ёзди Синегубов ўз телеграм каналида.
Турар жой биносида яшовчилардан бир Светлана Борисовна ҳужумдан кейин ўзини ёмон ҳис қилаётганини билдирди.
“Мен уйда ётганимда тўсатдан кучли портлаш бўлди. Зарба тўлқини мени ётоқхонадан ошхонага учириб юборди ", деди у Рейтерс агентлигига берган интервьюсида.
“Бир аёл вайроналар орасида қолган бўлиши мумкин. У портлаш вақтида ичкарида бўлган. Унинг оила аъзолари қутқарилган. Ҳозир ўша аёлни қидиряпмиз”, деди Харков вилояти губернатори Олег Синегубов.