Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:19

“Кореяга пора билан” - Ташқи миграция мансабдорларига қарши жиноят иши очилган   


Ўзбекистондан ҳар йили минглаб ўзбекистонлик Жанубий Кореяга ишга жўнайди.
Ўзбекистондан ҳар йили минглаб ўзбекистонлик Жанубий Кореяга ишга жўнайди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Ташқи миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши доирасида агентлик фаолиятини тафтиш қилмоқда.

Озодликка сиздирилган тергов ҳужжатларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иши очилган.

Агентликнинг раҳбари Афзал Ирматов доҳил камида уч нафар мансабдори 2 январь куни сўроққа чақиртирилган. Баъзиларига нисбатан қамоққа олиш эхтиёт чораси қўлланилгани ҳақида хабарлар бор.

Ташқи миграция агентлигининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходимларидан бири 3 январь куни агентлик биносида ДХХ тинтув ўтказганини айтди.

Ходимга кўра, агентлик раҳбари Афзал Ирматов 2 январь кунидан бери иш жойида кўринмаган, унинг ҳибсга олингани ҳақида гап-сўзлар бор.

Унинг иддаосича, агентликнинг уч нафар мулозимига коррупция билан боғлиқ сохта айблов қўйилган.

“Улар тепадагиларнинг айбини яшириш мақсадида қурбон берилмоқда”, - дейди манба.

Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси бўйича иш очилган.
Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси бўйича иш очилган.

Бундан олдин Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Миграция бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сардор Абдуазимовнинг ҳибсга олингани ҳақида маҳаллий нашрлар хабар берганди.

Озодликнинг Ташқи миграция агентлигидаги манбасига кўра, Абдуазимов 2022 йилнинг 20 декабрь кунидан бери ҳибсда қолмоқда.

Ташқи Миграция агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов таътилда экани, тергов ҳаракатлари ва жиноят иши ҳақида хабардор эмаслигини айтди.

“Кимнингдир ишхонада бор ёки йўқ бўлиши бу у қамалди, деган хулоса чиқариш керак дегани эмас. Агар ваколатли ташкилотлар томонидан қандайдир ишлар бошланган бўлса, бу ҳақда фақат ушбу ташкилотларнинг ўзлари изоҳ беришга ваколатли, деб ўйлайман.Мен қандайдир тергов ёки жиноят иши ҳақида хабардор эмасман”, - деди Ортиқхўжа Норов 5 январь куни.

Ҳозирча Ўзбекистондаги бирор нашр¸ қолаверса¸ Бош прокуратура матбуот хизмати Ташқи Миграция раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар тарқатмади.

Ташқи миграция агентлигидаги оммавий ҳибслар юзасидан Ўзбекистон бош прокуратурасидан изоҳ олиш уринишлари бесамар бўлди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кун давомида боғланиб бўлмади.

“Деновликлар иши”

Озодлик манбасига кўра, ташқи миграция мансабдорларига қарши тергов ҳаракатлари “Деновликлар иши” дея аталмиш жанжал ортидан бошланган.

Август ойида 102 нафар фуқаронинг қонуний асосларсиз имтихондан четлатилиши жанжалга сабаб бўлган эди.

Баъзилари Ташқи миграция агентлигини коррупцияда айблаб, Тошкентда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биноси олдида норозилик пикети ҳам ўтказишганди.

Агентлик ходимлари уларни атайлаб имтихондан четлатгани ҳақида арз қилишган. Шундан сўнг Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу даъволар юзасидан ички текширув ўтказишни тайинлаган эди.

Озодликка сиздирилган ички текширув ҳужжатларида келтирилишича,, Сурхондарёнинг Денов туманидан бўлган юздан зиёд фуқаро Жанубий Кореяга ишга кетиш мақсадида ўтган йилнинг август ойида “Eps-Topik” имтихони биринчи босқичидан ўтган.

Аммо, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги “Ишга марҳамат” маркази биносида Корея томони вакиллари иштирокида бўлиб ўтган иккинчи малака тести (Skill test)идан ўтолмаганлар .

Тестдан ўтолмаган фуқаролар бунинг сабабини Корея вакилларидан сўрашганида улар агентлик томонидан 100 нафардан ортиқ фуқаронинг исм-фамилияси ёзилган ва ишга олинмаслиги сўралган “қора рўйхат” шакллантирилиб, Корея томони вакилларига берилганини маълум қилган.

Шу юз фуқаро орасида бўлган деновликлардан бирининг Озодликка айтишича, "рангларни фарқлай олмайсан"дея уни имтихондан ўтказишмаган.

“Мен буни нотўғрилигини кейин исботлаб бердим. Билдикки, уларга рўйхат беришган, агентликда кимдир шуни қилган, шу рўйхат асосида мени дальтоникка чиқаришган. Ким Кореяга ишга боришини, ким бормаслигини агентликни одамлари ҳар қилар экан. Биласиз Кореяга ишга кетиш учун 5 минг квота ажратилган. Йилига юз мингдан зиёд одам ҳужжат топширади. Пора берганлар ўтар экан. Буни кейин билдик. Улар атайлаб пул бермаганларни ўтказишмайди. Шикоятимиздан сўнг Жанубий Корея томони ишимизни қайта кўриб чиқди, ўн кундан кейин Ҳудо хоҳласа Кореяга кетяпмиз”, - дейди исми очиқланмаслигини истаган деновлик йигит.

Агентликда ўтказилган хизмат текшируви давомида шикоятчилар даъволари тўғрилиги аниқланган.

Ташқи миграция агентлигида ноябрь ойида ўтказилган ички текширув ҳулосаси.
Ташқи миграция агентлигида ноябрь ойида ўтказилган ички текширув ҳулосаси.

Озодликка нусхаси келиб тушган хизмат текшируви хулосасига кўра, агентликнинг Жанубий Корея бўлими ходими тарафидан шундай хат жўнатилгани аниқланган.

Чиқиш хатларини рўйхатга олиш китобида ушбу хатнинг нусхаси мавжуд бўлиб, хатнинг иловалари йўқлиги маълум бўлган.

Хизмат компьютери текширилганида Жанубий Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизматига юборилган хатнинг иловасида келтирилган 102 нафар фкуқаро рўйхати электрон шаклда мавжудлиги аниқланган.

Хизмат текшируви хулосасида хатда нима деб ёзилгани ҳақида айтилмаган. Бунинг ортидан агентликнинг Жанубий Корея бўлими ходими ва бошқа бир қатор масъуллар ишдан бўшатилди.

“Ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб расмий ҳужжатларга (агентликнинг расмий бланкасидан фойдаланган холда) била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши оқибатида Жанубий Корея инсон ресурслари ривожлантириш хизмати томонидан 102 нафар фуқаро ҳеч қандай қонуний асосларсиз якуний имтихонлардан четлаштирилганлиги, бу эса 102 нафар фуқаронинг оммавий норозилигига сабаб бўлганлиги ва вазирлик биносига келиб шикоят қилишига сабаб бўлди”, дейилади хизмат текшируви хулосасида.

“Деновликлар иши айсбергнинг учи бўлиши мумкин. Кореяга ишга жўнатишнинг коррупцион схемаси кўпдан бери борлигини биламиз. Айнан пул берганлар Кореяга кетиш имконини қўлга киритади. Ставка 15 минг долларни ташкил қилади. Пули йўқлар “ёрдамчилар”нинг ҳисобидан кетади ва Жанубий Кореяга бориб олгандан кейин уларга 25 минг долларгача ишлаб бериши керак бўлади”, дейди деновлик жабрланувчилардан бири Озодликка.

“Энг коррупциялашган агентлик”

Ҳар йили минглаб ўзбекистонлик Жанубий Кореяга ишлаш учун юборилади.

Маҳаллий кузатувчилар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги назорат қиладиган жараённинг ўта коррупциялашгани ва ҳатто жиноийлашганини айтишади.

Ўзбекистон матбуоти Кореяга ишлаш учун жўнатиш мақсадида одамлардан пора олган шахслар ва бандлик хизмати ходимлари билан боғлиқ ўнлаб жиноят ишлари ҳақида хабар берган.

Икки йил аввал Олий мажлис депутатларидан бири агентликнинг раҳбарларини коррупцияда айблаб чиққанди.

“Аввало, ташқи миграция борасида бир нарсани очиқ айтай. Бу гапим учун ҳар қандай жойда жавобимни бера оламан. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги энг коррупциялашган органдир. Агентликнинг раҳбарлари ҳам коррупционерлар.

Мен чет элга шу агентлик орқали чиқиб кетаётган мигрантлар ҳақида гапирмоқчиман. Бу агентлик ўша кетаётганлардан ноқонуний равишда миллионлаб пул ўмаради”, деганди депутат Боймурод Юсупов.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлигига қарши тергов ҳаракатлари биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Тўрт йил аввал агентлигининг раҳбарлари узоқ муддатларга қамалди.

2018 йилнинг ноябрь ойида агентлик раҳбарлари катта миқдорда пора олганликда айбланиб қўлга олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Баъзи манбалар Миграция агентлигининг 20га яқин расмийси Жанубий Кореяга ишга кетаётганлардан 20 миллион доллар пора олганликда гумонланаётгани ҳақида ёзган эди. Мазкур хабарни орадан бир неча кун ўтгач, Бош прокуратура тасдиқлаганди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг собиқ бошлиғи Рaвшан Ибрагимов – 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Агентлик бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Улуғбек Назаров ҳам 12 йилга қамалди.

Жанубий Кореяга Ташқи миграция агентлиги орқали ишга кетиш квотаси 5000¸ йилига Кореяга кетиш учун ҳужжат топширувчилар сони эса 100 мингдан кўпроқни ташкил этади.

Танлов жараëнининг шаффоф эмаслиги танқидларга сабаб бўлиб келади.

Форум

XS
SM
MD
LG