Озодлик манбалари Ўзбекистонда узоқ кутилган маъмурий ислоҳотлар эълон қилинганидан икки ҳафта ўтиб янги таркибдаги ҳукуматда жиддий инқироз юзага келганини айтмоқда.
Энергетик бўҳрон манзарасида юз бераётган инқироз қишки таътилга чиққан ўқувчи-талабаларнинг мактаб ва олий ўқув юртларига қайтиш санаси билан боғлиқ.
Шу йилнинг 5 январь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги аномал совуқ сабаб олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 18 январгача узайтирилганини эълон қилди.
Бунда давлат таълим ташкилотлари педагог ва бошқа ходимларининг амалдаги иш ҳақи сақланиши, шунингдек, талабаларга йўл чипталари учун 50 фоизлик чегирманинг амал қилиш муддати ҳам мувофиқ тарзда 18 январга қадар узайтирилиши, 9 январга қадар сотиб олинган чипталар эса бепул алмаштириб берилиши маълум қилинди.
Маҳаллий матбуот бу ҳақда ҳукуматнинг тегишли қарори, янги ташкил этилган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон темир йўллари АЖ ва Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясининг тегишли баёнотларига иқтибосан хабар берди.
Аммо орадан 5 кун ўтиб, 11 январдан ўқувчи-талабалар ўқишга қайтиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди, кейинроқ бу ҳақда расмий билдирги ёйинланди. “Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни”га таяниб тарқатилган расмий хабарда ўқиш жараёни босқичма-босқич ва маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этилиши маълум қилинди.
Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳукумат қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг расмий хабарда иқтибос қилинган баёни тўлиқ матни ҳеч қаерда эълон қилинмади. Ижтимоий тармоқларда ота-оналар ва педагоглар охирги дақиқада эълон қилинган ва бир-бирига қарама-қарши ҳамда пала-партиш қарорлардан норозилик билдирган постлар эълон қилинди.
Бир вақтнинг ўзида Тошкентдаги ОТМларга етиб келган талабаларнинг ётоқхоналарга қўйилмаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Телеграм-каналларда тарқалган ва “Тез айтиш” деб сарлавҳа қўйилган мана бу матн талаба, ота-она ва педагоглар тушган вазиятни истеҳзоли бир тарзда ифодалаётгандек эди.
Замонавий тез айтиш😅
Ўқишмиш ўқишмасмиш,
Қишда ўқиш бўлмасмиш,
Ўқиш бўлса қишмасмиш,
Ўқишга борганларга,
Совуқ таъсир қилмасмиш.
Қарорни ўзгартириш
Вазирликка ишмасмуш,
Ўқишми, ўқишмасми
Вазир ўзи билмасмиш!
Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги жараёндан хабардор манбасига кўра, юзага келган вазият бир томондан ҳукумат ва шахсан Бош вазир Абдулла Арипов, иккинчи томондан эса, Президент Администрацияси ва унинг раҳбари Сардор Умурзоқовнинг ваколатлари борасида охирги пайтларда тез-тез бўй кўрсатаётган, “юмшоқ қилиб айтганда тушунмовчиликлар” натижасидир.
Озодлик манбасининг билдиришича, Администрация раҳбари ўқувчи-талабаларнинг қишки таътил муддати “ўзи билан келишилмаган ҳолда узайтирилганидан ғазабга келган ва зудлик билан қарорни бекор қилиш тўғрисида ҳукуматга оғзаки кўрсатма берган”.
Озодликнинг қонун ва мавжуд тартиб бўйича ҳукумат ўз қарорини Президент Администрацияси раҳбари билан келишиши керакмиди?” деган саволига Ўзбекистон ҳукуматидаги манба “бу ҳукумат ваколатидаги масала ва ҳозиргача бу масалани ҳукумат ўз ваколатидан келиб чиқиб ҳал қилиб келган” дея жавоб қайтарди.
“Бўлмаса ҳукумат нимага керак?” дея қўшимча қилди Озодликка исмини очиқламаслик шарти билан гапирган Ўзбекистон ҳукуматининг таълим учун масъул мулозимларидан бири. Ўқувчи-талабаларнинг қишки таътил муддати Президент Администрациясининг аралашуви ортидан ўзгартирилганини Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон ОТМларидан бирининг ректори ҳам тасдиқлади.
У юзага келган вазиятни “фалажлик” деб атади. “Аномал совуқдан эмас, пала-партиш қарорлардан фалаж ҳолга келдик” дея таассуф билдирди Озодлик бидан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистондаги ОТМлардан бирининг ректори.
Президент Администрацияси, жумладан администрация раҳбарининг ўринбосари ҳам бўлган Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов ҳозирча бу борада бирон баёнот бергани йўқ.
Аввалроқ мактаб дарсликлари ва ўқитувчилар мажбурий меҳнати ҳақида гапирган администрациянинг юқори мартабали мулозимлари Комил Алламжонов ҳамда Саида Мирзиёева ҳам ўқувчи-талабаларнинг қишки таътили атрофидаги можаро юзасидан бирон изоҳ берганича йўқ.
Алламжонов-Мирзиёева тандемининг бу борадаги роли ва мавқеи жамоатчиликка қоронғилигича қолмоқда. Тармоқларда, хусусан, Алламжоновни ушбу масалада муносабат билдиришга чақирганлар ҳам бўлди.
Ҳукумат ва Президент администрацияси ўртасидаги охирги, Озодлик манбаси таъбири билан айтганда “ваколатлар юзасидан тушунмовчилик” Вазирлар Маҳкамаси таркибидаги қисқаришлар ва Президент Администрациясидаги, аксинча, янги ва янги лавозимлар таъсис этилиши манзарасида кузатилмоқда. Айрим маҳаллий журналист ва блогерлар “ҳукуматни қисқартириб, администрацияни “шиширишдан” қандай фойда борлигини савол остига олишган.
Аммо Президент администрацияси ҳозирга қадар бу саволлар ва шунингдек, “параллел ҳукумат” ҳақидаги танқидларни жавобсиз қолдириб келмоқда. Шу йил январидан вилоятларда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг махсус вакили иш бошлаши маълум қилинган.
Администрациянинг махсус вакиллик институти борасида бирон қонун ҳужжати мавжудлиги ёки ишлаб чиқилаётгани ҳақида расмий маълумот йўқ.
Ўзбекистон Конституциясида ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмаган ва сайланмайдиган лавозим бўлган Президент администрацияси раҳбари амалда ҳукумат ва парламентнинг ҳар икки палатаси, шунингдек, суд ҳокимиятидан ҳам кўпроқ ваколатларга эга экани айтилади.
Қайси вилоятда қачон?
Вазирлик қарорига асосан Тошкент ҳокимлиги шаҳардаги умумтаълим мактабларида уларнинг шароити, ишлашга тайёрлигига қараб, 11 январдан бошлаб босқичма- босқич ўқув жараёнлари бошланиши белгилади.
“Бу борадаги қарор мактаблар раҳбарияти томонидан ота-оналар кенгаши билан келишган ҳолда қабул қилиниши тавсия этилади. Ҳокимлик томонидан коммунал хизмат тизимлари масъуллари билан биргаликда бу соҳада юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўрилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Сурхондарё, Хоразм, Наманган, Бухоро вилоятларидаги барча умумтаълим мактабларда қор ва совуққа қарамасдан 11 январ кунидан дарслар бошланиши маълум қилинди.
Андижон вилояти таълим муассасаларида ҳам 11 январдан расман ўқув жараёнлари бошланди. Шунингдек, вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида таътил кунлари давом этиши айтилди.
Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармаси ҳудудлардаги вазиятга мувофиқ 11 январь кунидан жами 140 та мактабда дарс машғулотларини ташкил этиш имконияти мавжудлиги, “вилоятнинг тоғли ва олис ҳудудда жойлашгани, ҳаво ҳарорати кескин совиган вақтда транспортда бориш қийинлашгани, масофанинг узоқлиги сабабли 415 та умумтаълим муассасасида ўқув жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилгани”ни билдирди.
Самарқанд вилоятида таълим муассасаларидаги ўқув машғулотлари 11, 13 ва 18 январда бошланиши белгиланди. 950 та умумтаълим, 71 та ўрта-махсус таълим ва 13 та олий таълим муассасасида анъанавий шаклда 11 январ кунидан, транспортда бориш қийинлиги, масофа узоқлиги ва зарур иссиқлик билан таъминлаш имконияти чеклангани сабабли 97 та умумтаълим ва 2 та ўрта-махсус таълим муассасаларида 13 январдан ҳамда 208 та умумтаълим муассасасида 18 январдан ўқув жараёни бошланиши ҳақида огоҳлантирилди.
Тошкент вилоятида 77 та мактабда 11 январдан дарс бошланиши, 12 январдан босқичма-босқич ўқув машғулотларига қайтган умумтаълим мактаблар рўйхати чиқарилди.
Қашқадарё вилоятида ўқиш жараёни айрим мактабларда 11 январда бошланиши, тоғли ва узоқ қишлоқлар мактабларида, совуқ кунларда транспортда бориш қийинлиги ва масофа узоқлиги мавжуд бўлган мактабларда 16 январдан, имконияти чекланган махсус мактаб-интернатларида 18 январдан, Президент таълим муассасалари агентлигига қарашли ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида эса 16 январдан, вилоятдаги барча мактабгача таълим муассасаларида эса таълим жараёнлари 18 январдан бошланиши белгилаб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотича, минтақада дарслар 12 январдан бошланади.
Навоий вилоятида мактаблар ўз шароитларидан келиб чиққан ҳолда 12 ва 16 январдан, олий ўқув юртлари ва коллеж-лицейлар 11 январдан ўқишга қайтгани белгиланди.
Фарғона вилояти умумтаълим муассасалари шароитига қараб 11 ва 16 январдан бошлаб иш фаолиятини бошлаши тўғрисида хабар берилди.
"Кутилмаган буйруқ бўлди!"
Тошкент вилоятидаги мактаб директорларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, бундай англашилмовчиликка буйруқ чиққанидан кейин ёққан қалин қор ва тушган совуқ сабаб бўлган.
“Тўғри, аввалига ҳаммага “қаттиқ совуқ келади, шунга ўқиш 18 дан бошланади”, деган буйруқ келганди. Лекин об-ҳаво айрим жойларда унча совуқ эмаслиги ва барча шароитлари бор айрим мактабларда 11 январдан ҳам ўқиш бошлаш мумкинлиги эълон қилинди. Биз учун ҳам бу буйруқ кутилмаган бўлди,” деди мактаб раҳбари.
Яна бир халқ таълими мутасаддиси ўқиш бошланиши санасининг аввал бир, кейин эса бошқа кунга белгиланишига республикада грипп ва бошқа респиратор касалликлар авж олгани сабаб бўлгани тўғрисида тахминлар борлигини ҳам билдирди.
Вилоят ҳокимликлари ва таълим бошқармаларининг бу кечиккан эълонларининг пайдо бўлишига ижтимоий тармоқларда “11 январдан мактабларда ўқиш бошланадими йўқми?” масаласининг жиддий муҳокамалари ва ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлди.
Таълим муассасаларида таътил муддати 18 январдан 11 га кўчирилиши тўғрисида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги берган “расмий хабар” кўпчилик учун кутилмаган бўлди.
"Дарсда ҳеч ким йўқ!"
Айтилган, кейин эса қайтариб олинган расмий буйруқ айниқса ота-оналарни саросимага солди.
Тармоқларда дарс бошланган мактабларда биттадан ўқувчи ўтирган синфхоналардан олинган видеотасвирлар пайдо бўлди.
Депутат Расул Кушербаевнинг ҳам фарзанди 11 январ куни синфида дарсга борган ёлғиз ўқувчи бўлганини ёзди.
"Бугун фарзандим синф бўйича дарсга борган ёлғиз ўқувчи бўлибди. Ўқитувчиси ва фарзандимдан бўлак бошқа ҳеч ким дарсга келмаган. Нега шундай бўлган экан-а? Тошкент, 84-мактаб."
Бу мактабда эса бирорта ўқитувчи дарсга келмаган.
Ушбу ноаниқликлар мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар ўртасида келишмовчиликларни ҳам юзага келтирмоқда.
Мана бу мактаб талабаси ўқитувчисидан “ваъдасида туришни” талаб қилмоқда:
Вазирликлар ва ҳокимликларнинг мактабларда ўқишни бошлаш-бошламаслик тўғрисидаги иккиланишлари кўплаб мемлар, видеоколлажлар:
ва ҳажвий постларни келтириб чиқарди.
"Эртага мактабми ёки мактабмасми деган “тема”да мактаб қоровулларига қийин бўлди! Нега дейсизми?! Бечоралар кўмирни энди ёқиб синфхоналарни иситаман деса тўхтат, 18 чига қолди дейишяптикан, яна бир пас туриб ёқ эртадан экан… Хуллас қоровул айтаяпти, …….."
Шовот туман ҳокимининг узилган иситиш батареяси олдида тушган мана бу сурати ҳам Интернетда танилди.
“Адолат куйчиси” муаммо давлат бошқарувининг ишлаш механизмида эканини ёзади:
"Бугун таълим бўйича хабарларни ўқиб, одамнинг энсаси қотиб кетди. Ўзи бир ҳафтагина аномал совуқ бўлар экан, шунда ҳам ҳамма ишни бир-бирига солиб ётибди: вазирлик ҳокимятга, ҳокимият мактабга, мактаб нима қилишини ҳам билмай гаранг. Бу давлатнинг ишлаш мехнаизми тизимлаштирилмаганлигидан далолат. Бизда ҳали ҳам кўплаб идоралар фавқулотда ҳолатларда қандай иш тутишни билмайди. Бирор тартиб ишлаб чиқилмаган. Сўнгра мана бунақа тиқилган вақт югуриб қолишади".
Машғулотлар бошланиши эълон қилинган ҳамма мактаблар ҳам ўқишга тайёр эмаслиги тўғрисида хабарлар чиқмоқда.
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 8-мактабда олинган бу видеода ўқитувчилар музлаб қолган иссиқлик трубаларини иссиқ сув билан эритишга уринишмоқда:
Бундан олдинроқ, 20 декабр куни, президент Шавкат Мирзиёев парламентга қилган Мурожаатномасида келгуси 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилганди.
Форум