Ис гази қурбонлари: Икки қария ҳалок бўлди
Бош прокуратура хабарига кўра, 5 кун аввал Чирчиқда эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Расмий хабарга кўра, 12 январь куни шаҳарнинг «Маърифат» маҳалласидаги дала ҳовлида уйни иситиш мақсадида чала ёнган кўмирни ётоқхонага олиб киришган ва уйдаги икки қария яъни 70 ёшдаги эркак ва унинг 60 ёшдаги рафиқаси кўмирдан чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этган.
Ҳодиса бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.
Аномал совуқ бошланганидан буён ис газидан ўлганларнинг аниқ сони борасида расмий маълумот йўқ. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўтган йили ис газидан 146 нафар одам вафот этганини маълум қилган.
Расмийлар ис гази билан боғлиқ ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини айтишади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.
Йўл тўсган норозилар. Чирчиқдаги норозиликдан сўнг свет ўчмаяпти
Чирчиқ шаҳрида кеча содир бўлган бошқа бир воқеада эса электр таъминотидаги бир неча соатлик узилишдан норози бўлган Ҳумо маҳалласи аҳолиси йўлни тўсиб олган.
Озодликка воқеа жойидан йўлланган видеоларда ўнлаб кишининг автомобил йўлини тўсиб, тургани акс этган. Воқеа жойида ички ишлар ходимлари ҳам кўринади.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, шу куни кечқурин Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Ҳидоятов Ҳумо маҳалласига бориб, норозилар билан учрашган ва аҳолидан электр узилгани учун узр сўраган.
Чирчиқликлардан олинган маълумотга кўра, норозиликдан сўнг маҳалладаги эски трансформатор таъмирланган. Шунингдек, маҳаллага янги трансформатор ҳам ўрнатилган. Ҳозирда электр ўчмаяпти.
16 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган шов-шувли йиғилишда Чирчиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов ҳам “ҳайфсан” олган эди.
Мактаблардаги хаос. Таътил яна узайтирилди
Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида қишки таътил яна узайтирилди. Бу сафар 23 январгача. Жумладан, Тошкент шаҳри, Наманган, Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда ўқиш дарслар 18 январда эмас, 23 январда бошланиши маълум қилинди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, маҳаллий ҳокимликлар билан вазият муҳокама қилингач, айрим вилоятларда аномал совуқ туфайли қишки таътил муддатини узайтиришга қарор қилишган.
Айни пайтда вазирлик об-ҳаво шароити барқарорлашгунига қадар ўқувчиларни вақтинча онлайн таълим тизимига ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Ҳукумат раҳбарларининг қишки таътил борасидаги пала-партиш қарорлари тармоқларда ота-оналар ва ўқитувчилар норозилигига сабаб бўлди.
Дастлаб мактаб ўқувчиларининг қишки таътили 9 январдан 18 январгача узайтирилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг қарорида аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган: Мактаб 18 январдан бошланади!
Бироқ 10 январь ярим тунда кутилмаганда болаларни қишки таътилдан чақириш буйруғи пайдо бўлди. 11 январдан кимдир мактабга борди, кимдир эса йўқ. Боиси янги қарор чиқди. Вазирлар Маҳкамаси баёнига асосан таътил масаласини ҳал қилиш маҳаллий ҳокимликларга берилди. Хуллас 11 январдан бир қанча мактабларда дарслар бошланди. Лекин буниси ҳам ўхшамади. Таътил яна бир неча бор узайтирилди.
Бухорода тўрт газчи қамалди
Бухорода табиий газни талон-торож қилганлик айби билан тўрт шахс қамоққа олинди.
Бош прокуратура хабарига кўра, Бухородаги 3 та метан газ қуйиш шохобчасида жами 26,2 миллард сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳибсга олинганлар орасида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти корхонаси амалдорлари ҳамда иккита МЧЖ мулозимлари бор.
“Ҳудудгаз Бухоро” амалдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси ва 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари Бухоро вилоят прокуратураси томонидан ўтказилмоқда.