Афғонистонда 78 киши қаҳратон совуқ туфайли вафот этди
Шу кунларда Ўзбекистондаги каби совуқ ҳаво қўшни давлатларда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, Афғонистонда бу йил мисли кўрилмаган даражада паст ҳарорат кузатилмоқда. Мамлакат ғарбидаги Ғор вилоятида ҳаво ҳарорати -34 даражага етган. Табиий офатларни бошқариш вазирлигига кўра, сўнгги тўққиз кун ичида Афғонистонда камида 78 киши қаҳратон совуқ туфайли вафот этган.
Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 35-40 даражага етди. Ўзбекистондан фарқли Қозоғистонда энергетик коллапс мавжуд эмас. Бироқ мамлакатнинг айрим ҳудудларида иссиқлик тизими яхши ишламаётганидан шикоятлар бор. zakon.kz хабарига кўра, Алтай шаҳрида рекод даражада совуқ қайд қилинган. Шаҳарда совуқ минус 46 даражага етган.
Туркманистонда ҳаддан зиёд совуқ туфайли минглаб бош чорва ҳайвони нобуд бўлди. Экстремал совуқ Туркманистоннинг Ахал, Болқон, Мари ва Лебап вилоятларида минглаб мол-қўйнинг нобуд бўлишига, парранда фермаларидаги товуқларнинг музлаб қолишига сабаб бўлган.
Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, ўтган дам олиш кунлари Тахтабозор ва Серхетобод туманларида рўй берган қор кўчкиси натижасида довонларда минглаб қўй ва эчки нобуд бўлган.
Чорва ҳайвонларининг ёппасига қирилиши яйловлари музлаб қолган Ахал ва Болқон вилоятларида ҳам кузатилмоқда.
Блогер Сенат раиси Норбаеванинг исътефосини талаб қилди
Бугун қашқадарёлик блогер Элмурод Одил вилоятдаги бензин қуйиш шохобчаларидан бирининг олдидаги турнақатор навбатлар ёнида туриб, бир кишилик пикет ўтказди. Блогер мамлакатда кузатилаётган энергетик бўҳронда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбаевани айблаб чиқди.
Норбаева ўтган йили зимистон ва свет ўчишлари тарихда қолганини айтгани учун тармоқларнинг ғазабига учраганди. У бу йилги газ свет муаммоси ҳақида ҳозиргача бирон баёнот бермаган.
Сирдарёдаги портлашда икки киши жароҳатланди
Сирдарёдаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида 2 киши жароҳатланган.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, ҳодиса 18 январь куни Боёвут тумани «Қарапчи» маҳалласидаги 7-уйда содир бўлган.
Ҳодисага ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлгани айтилмоқда. Портлашдан сўнг уйда келиб чиққан ёнғин ўт ўчирувчилар ёрдамида ўчирилган.
Портлашда жароҳатланган икки киши касалхонага ётқизилгани хабар қилинди.
Куни кеча Термиз университети академик лицейи қозонхонаси портлаб, 2 киши ҳалок бўлган ва 1 киши шифохонага ётқизилган эди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.
Метан инқирози. Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан иккита автобус газ йўқлиги сабаб йўлда қолиб кетди
Урганчдан Тошкентга 102 нафар йўловчи билан йўлга чиққан иккита автобус газ йўқлиги сабаб йўлда қолиб кетди.
17 январ куни соат 15:00 да Урганчдан йўлга чиққан иккита автобуснинг Навоий вилоятига етиб келганида газ ёқилғиси тугаб қолган. Метан “заправка»лар ишламаётгани туфайли автобуслар йўлда тўхтаб қолган.
Транспорт вазирлиги ҳодисани тасдиқлаб, йўлда қолган йўловчилар 18 январь куни қўшимча автобуслар ёрдамида Тошкентга етказилганини маълум қилди.
Тошкентга автобусда 15 соат давомида етиб келиши лозим бўлган йўловчилар 2 суткада Тошкентга етиб борган.
Тармоқларда тарқалган видеода меҳмонхонада тунашга мажбур бўлган йўловчиларга ҳаражатлари учун автобус ҳайдовчилари пул бергани акс этган.
Мамлакатда аномал совуқ бошлангач, 12 январдан бошлаб метан “заправкалар” вақтинча ёпилди.
«Ўзтрансгаз» ширкатининг бугун берган баёнотига кўра, заправкалар қачонки об-ҳаво яхшиланса, қайта очилиши мумкин.