Қорақум канали тошди. 10 та хонадон молхоналарини сув босди
Қорақум каналининг Марв вилояти Туркманқалъа этрапи ҳудудидан ўтувчи қисмида сув тошиб, Ничка қишлоғидаги 10 та хонадоннинг молхоналарини сув босди.
Икки ҳафтадан зиёд давом этган қаҳратонда Амударё ва Қорақум каналида муз қатлами пайдо бўлган эди. Сўнгги кунларда ҳаво исиши натижасида муз эриб, тошқин хавфи вужудга келди.
“Бу уйлар ва молхоналар каналнинг ёнгинасида жойлашган. Тошқиндан айнан неча бош чорва зарар кўрганини айтолмайман. 30 га яқин оила аёллари ва ёш болаларини бошқа этраплардаги қариндошлариникига жўнатган”, деган Ничка қишлоғи турғунларидан бири Озодлик мухбирига.
Маҳаллий аҳоли каналда муз эриши тезлашса, бутун қишлоқни сув босишидан хавотирланмоқда. Одамлар давлат ёрдам бермаётганидан шикоят қилишади. Улар қум тўлдирилган қоплардан уйлар теварагида ғовлар қуриш билан тошқиндан сақланишга уринишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июнида Қорақум канали тошиб, бу қишлоқдаги 60 га яқин хонадонни сув босган эди.
Ничка қишлоғига ёрдам берилмаётган бўлса ҳам, қўшни қишлоқларда маҳаллий маъмурият эҳтимолий тошқин олдини олиш чораларини кўраётгани айтилади. Мазкур ҳудудларда турли техникалар ва қўл кучи билан Қорақум канали қирғоғи мустаҳкамланмоқда. Бу ишларга қутқарув ва коммунал хизматлардан ташқари, юзлаб бюджет ходимлари ҳам жалб этилган.
Аввалроқ Озодлик Амударёнинг Лебап вилояти Дарганата этрапи ўтувчи қисмида сув кўтарилиши муносабати билан муҳтамал тошқин олдини олиш чоралари кўрилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Ниҳоят мактаб бошланди. Ўқувчиларга мактабга кўрпача билан келиш буюрилди
23 январдан мактабларда 3-чорак дарслари бошланди. Лекин ҳамма ўқувчилар ҳам мактабга боришмайди. Кимдир уйдан онлайн ўқишга мажбур.
Жорий йилда аномал совуқ сабаб таътил бир неча бор узайтирилди. Ҳукумат раҳбарларининг қишки таътил борасидаги пала-партиш қарорлари тармоқларда ота-оналар ва ўқитувчилар норозилигига сабаб бўлди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, мамлакатдаги 10 минг 104 та мактабдан 700 дан зиёдида 3-чорак онлайн шаклда давом эттирилмоқда.
Бунга ушбу мактаблардаги синф хоналарида ҳаво ҳароратини меъёр даражасида сақлаш имконияти бўлмагани сабаб бўлган. Белгиланган тарбига кўра, синф хоналарида ҳарорат +18 даража бўлиши лозим.
Бундай ҳароратни нафақат қишлоқ мактабларида ҳатто пойтахтдаги айрим мактабларда ҳам таъминлаш имкони бўлмаяпти.
«Мавжуд 335 таълим муассасасидан 278 тасида III чорак дарс машғулотлари бошланади. Аммо ҳаво ҳарорати юқорида белгиланганидан паст кўрсаткичга эга 57 та умумтаълим муассасасида узлуксиз таълим жараёнлари босқичма-босқич бошланиши режалаштирилган», дейилади Тошкент шаҳар таълим бошқармаси хабарида.
Вазирлик ҳисоб-китобича, мамлакат бўйича 9 минг 387 та мактабда вазият нормал деб топилган, ушбу мактабларда ўқувчилар дарсга чақирилган.
Бироқ тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, ўқиш бошланган мактабларнинг ҳаммасида ҳам ҳарорат мутасаддилар айтаётган даражада эмас.
Жумладан, мактаблардан бирида ўқувчиларга кўрпача билан келиш топширилганига қараганда вазият кўнгилдагидай эмас.
Ўқувчиларга кўрпача олиб келишни буюрган мактаб Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашгани айтилмоқда.
Тармоқларда бу хабар кескин танқидга сабаб бўлмоқда.
Мамлакат бўйлаб заправкаларда турнақатор навбатлар
Мамлакатда аномал совуқ бошлангач, 12 январдан бошлаб метан “заправкалар” вақтинча ёпилди.
«Ўзтрансгаз» ширкати заправкалар қачонки об-ҳаво яхшиланса, қайта очилиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган.
Ҳозирда мамлакатнинг барча ҳудудида бензин нархлари ошгани ва заправкаларда бензин учун турнақатор навбатлар юзага келгани борасида Озодликка шикоятлар келиши тўхтамаяпти.
Бензин учун навбат жанжалга айланди
Андижон вилояти Асака туманидаги газ заправкада ҳайдовчилар навбат талашиб, келиб чиққан жанжал ички ишлар ходимлари икки кишини куч ишлатиб бўлимга олиб кетиши билан якун топган.
Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 19 январь куни “EVRO METAN” автомобилларга газ қуйиш шохобчасида содир бўлган:
"Ҳодиса жойида жамоат тартиби тикланиб, тартиббузарларга нисбатан жисмоний куч ишлатилган ҳолда туман ИИБга олиб келинганлар, улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилган".
19 ва 26 ёшдаги икки йигит тақдири ҳозирча номаълум. ИИБ хабарномасида улар билан профилактик суҳбат ўтказилгани айтилган, бироқ улар қўйиб юборилгани ёки юборилмаганига ойдинлик киритилмаган.
Шунингдек, икки йигитни ушлаш жараёнида уларга куч ишлатган ИИБ ходимлари ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган расмий хабарда.