Блогер Сенат раиси Норбаеванинг исътефосини талаб қилди
Бугун қашқадарёлик блогер Элмурод Одил вилоятдаги бензин қуйиш шохобчаларидан бирининг олдидаги турнақатор навбатлар ёнида туриб, бир кишилик пикет ўтказди. Блогер мамлакатда кузатилаётган энергетик бўҳронда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбаевани айблаб чиқди.
Норбаева ўтган йили зимистон ва свет ўчишлари тарихда қолганини айтгани учун тармоқларнинг ғазабига учраганди. У бу йилги газ свет муаммоси ҳақида ҳозиргача бирон баёнот бермаган.
Афғонистонда 78 киши қаҳратон совуқ туфайли вафот этди
Шу кунларда Ўзбекистондаги каби совуқ ҳаво қўшни давлатларда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, Афғонистонда бу йил мисли кўрилмаган даражада паст ҳарорат кузатилмоқда. Мамлакат ғарбидаги Ғор вилоятида ҳаво ҳарорати -34 даражага етган. Табиий офатларни бошқариш вазирлигига кўра, сўнгги тўққиз кун ичида Афғонистонда камида 78 киши қаҳратон совуқ туфайли вафот этган.
Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 35-40 даражага етди. Ўзбекистондан фарқли Қозоғистонда энергетик коллапс мавжуд эмас. Бироқ мамлакатнинг айрим ҳудудларида иссиқлик тизими яхши ишламаётганидан шикоятлар бор. zakon.kz хабарига кўра, Алтай шаҳрида рекод даражада совуқ қайд қилинган. Шаҳарда совуқ минус 46 даражага етган.
Туркманистонда ҳаддан зиёд совуқ туфайли минглаб бош чорва ҳайвони нобуд бўлди. Экстремал совуқ Туркманистоннинг Ахал, Болқон, Мари ва Лебап вилоятларида минглаб мол-қўйнинг нобуд бўлишига, парранда фермаларидаги товуқларнинг музлаб қолишига сабаб бўлган.
Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, ўтган дам олиш кунлари Тахтабозор ва Серхетобод туманларида рўй берган қор кўчкиси натижасида довонларда минглаб қўй ва эчки нобуд бўлган.
Чорва ҳайвонларининг ёппасига қирилиши яйловлари музлаб қолган Ахал ва Болқон вилоятларида ҳам кузатилмоқда.
Сурхондарёга Тожикистондан электр олинди. Термизликлар вазият ўнгланмаганидан шикоят қилишди
Сурхондарёнинг Термиз тумани Бунёдкор маҳалласи аҳли йиллар давомида газ-светсиз яшаётганди, бу йилги аномал совуқ улар муаммоларини янада кўпайтирди.
Маҳаллада қор йўқ. Лекин совуқ ҳаво сақланиб қолган. Одамлар иложсизликдан уйда кўрпага ўраниб ўтиришга мажбур. Айниқса, ёш болалар касалликка чалинишидан хавотир билдиришди, бунёдкорликлар.
Бунёдкор маҳалласи аҳли шикояти Сурхондарё вилоятининг қатор туманларига Тожикистон орқали электр энергияси етказиш йўлга қўйилгани хабари эълон қилинган бир пайтга тўғри келди.
“Ҳудудий электр тармоқлари”ининг Сурхондарё ҳудудий филиали хабарига кўра, 18 январдан эътиборан аномал совуқ сабаб Тожикистондан электр олиш йўлга қўйилган:
"2023 йил 18 январ куни Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманларининг 70 фоиз, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманларининг 90 фоиз ва Бойсун туманидаги электр энергия истеъмолчилари Сариосиё, Узун, Денов туманлари қатори Тожикистон Республикасининг “Регар-500” подстанциясидан чиқувчи 220кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқлари орқали кучланиш билан таъминланди".
Термиз тумани Бунёдкор маҳалласи аҳли эса бу имкониятдан ҳам маҳрум. Режага кўра, бу туман Тожикистон электри билан таъминланадиган ҳудудлар рўйхатига киритилмаган.
Туркманистон: Амударё музлаши оқибатида шарқий ҳудудларда тошқин хавфи пайдо бўлди
Туркманистоннинг Лебап вилояти Дарғаната этрапида Амударё музлагани туфайли эҳтимолий сув тошқинига қарши шошилинч чоралар кўрилмоқда. Кенг кўламли ҳозирлик табиий офат юз бериши хавфини юқори эканидан далолат беради, дея хабар қилмоқда Озодликнинг туркман хизмати.
Сўнгги ҳафталарда ҳарорат -25 даражага тушиб кетиб, Амударёнинг Лебап вилоятидан ўтган қисмида қалин муз қатлами ҳосил бўлган эди. Кейинги бир неча кунда ҳаво илиб, муз эрий бошлагани натижасида яқин-атрофдаги аҳоли масканлари тошқин хавфи остида қолмоқда.
“Фавқулодда гуруҳлар тузилган. Туркманобод шаҳри коммунал хизматлари, экскаваторлар ва бошқа зарур техника билан шошилинч равишда Дарғанатага йўлланган”, дейилади хабарда.
Ҳозирда техника ва одамлар Амударё қирғоғини қум ва тупроқ тўкиб, мустаҳкамлашга сафарбар қилинган. Аммо бу ишларда қатнашаётган турғунлардан бири ушбу чора самарали бўлишига шубҳа билдиради:
“Қум-тупроқ тўкиб, қирғоқни кўтаришга улгуришмайди. Чунки кўтарган сари кўпроқ сув келади. Муз палахсалар соат сайин ортяпти”, дейди у.
Бошқа ҳудудларда ҳам вазият қалтислиги айтилмоқда. Озодлик хабарига кўра, Дарғанатага қўшни Сейди шаҳри яқинида дарё тошиб, чорвачилик хўжалигини босган, қарийб 50 бош сигир нобуд бўлган.
Манбалардан бири тошқин олдини олиш тадбирларига ҳарбийлар ҳам жалб этилганини маълум қилди.
Бироқ маҳаллий аҳоли кўрилаётган чоралар табиий офатдан безарар сақланиш учун кифоя қилмаслиги мумкинлигидан ташвишланмоқда.
Туркманистон ҳукумати ва давлат ОАВлари шарқий ҳудудларда пайдо бўлган сув тошқини хавфи ҳақида сукут сақламоқда.
Озодликнинг Лебап вилояти маъмуриятидан вазият бўйича изоҳ олишга уринишлари зое кетди.