Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Тошкентда таниқли драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомов ҳибсга олинди


Санжарали Имомов Тошкентдаги маҳкама биноси ташқарисида.
Санжарали Имомов Тошкентдаги маҳкама биноси ташқарисида.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тошкентлик таниқли драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомовни ҳибсга олган.

Бу ҳақда қатор фаоллар ижтимоий тармоқларда Имомовнинг яқинларига таяниб хабар тарқатди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган сафдошининг Озодликка билдиришича, Санжарали Имомов 13 март куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушланган ва ҳозирда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Ўтмишда мухолифатдаги "Эрк" партияси фаоли бўлган ва Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан янги сиёсий партия тузиш ҳаракатларида қатнашган Имомовнинг ҳибсга олиниш тафсилотлари ва қандай ҳаракатларда гумон қилинаётгани номаълум. Расмийлар ҳозирча бу борада ҳеч қандай маълумот бермади.

Санжарали Имомовнинг ҳибсга олиниши БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Ўзбекистонга ташриф буюрган кунга тўғри келган.

Ушбу ташриф арафасида Санжарали Имомов YouTubeдаги каналига фаолларнинг БМТ мулозими билан учрашишига тўсқинлик бўлаётгани ҳақида видео жойлаганди.

Видеодан унинг ўзи ҳам БМТ Олий комиссари билан учрашувга таклиф қилингани англашилади.

Фолькер Тюрк 13 март куни Тошкентда бир гуруҳ фуқаро жамияти ва мухолифат фаоллари билан учрашган. 2021 йилги президент сайловлари арафасида ташкил этилган ва расмий рўйхатдан ўтказилмаган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов Фэйсбукка жойлаштирган видеосида БМТ мулозими билан суҳбатда инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва ҳукумат ҳамда куч ишлатар тизимларнинг фаолларга босими ҳақидаги гапириб берганини айтган.

БМТ Олий комиссари ташриф доирасида Қорақалпоғистонга ҳам сафар қилган.

Бирлашган Миллатлар ва Ғарб давлатлари Ўзбекистон ҳукуматини ўтган йил ёзида Нукусдаги қонли намойишлар чоғида ҳаддан ташқари куч ишлатган хавфсизлик ходимларини жавобгарликка тортишга чиқариб келади.

15 март куни Фолькер Тюрк президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда асосий эътибор инсон манфаатларини илгари суриш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлари Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йилдан буён мамлакат қамоқхоналаридаги кўплаб сиёсий маҳкумларнинг озод қилинишини олқишлаган. Сўнгги пайтларда маҳаллий журналист ва блогерлар ҳамда сиёсий фаолларга босимлар кучайгани кузатилмоқда. Охирги икки ойда тармоқларда танқидий чиқишлари билан танилган 10 га яқин блогер ҳибсга олинган. Тармоқ фаоллари 30 апрелга режаланган конституциявий референдум арафасида ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳаллий фаоллар ва блогерлар билан "профилактик суҳбатлар" ўтказаётганини айтишмоқда.

БМТ мулозими ўзбек расмийлари билан охирги ҳибсга олишлар ва фаолларга босимларни муҳокама қилгани ёки йўқлиги маълум эмас.

XS
SM
MD
LG