Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:17

Марказий Осиё орқали реэкспорт: Россия қўшнилари кўмагида Ғарб санкцияларига чап бермоқда


Украинага қарши уруш ва Ғарб санкциялари Марказий Осиёда савдони буткул ўзгартириб юборди. Минтақа мамлакатлари ўзлари ишлаб чиқармайдиган товарларнинг энг йирик таъминотчиларига айланди. Европадан – импорт ва Россияга экспорт ҳажмларида катта ўсиш мавжуд.

“Настояшчее время” журналистлари расмий статистикани таҳлил қилиб, бир қанча ғалати ҳолатларни аниқлашди.

Ўзбекистон

2022 йил февралда – Украинада уруш бошланган ойда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси катта сакраш қайд этди. Кўрсаткичлар 2021 йилнинг феврали билан солиштирганда икки бараварга ўсди.

Ўтган йили Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги Россия бўлди, яъни у Хитойни қувиб ўтди. Россия билан Ўзбекистоннинг маҳсулот айланмаси 23 фоизга ўсиб, пул ҳисобида 9 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Бу – Ўзбекистоннинг жами маҳсулот айланмасининг бешдан бири, деганидир.

Украинага босқин: 233-кун | Кремль: Ғарбдан тўхтаган импортни Ўзбекистондан олишга тайёрмиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:41 0:00

Ўзбекистондан Россияга йўналган маҳсулотлар оқими анча кенгайди. 2022 йилда экспорт ҳажми 2021 йилгига қиёсан 47 фоизга ошди.

Ҳа, айнан нима ва қачон сотилганини аниқлаш имкони йўқ. Очиқ манбаларда Россия билан савдо тафсилотлари келтирилмаган. Боз устига, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги статистика агентлиги 2022 йил февралдан бошлаб мамлакатнинг ташқи савдосига оид тафсилотларни эълон қилмай қўйган эди.

Шундай бўлса-да, маиший техника экспортига доир узуқ-юлуқ маълумотларда динамика борлигини кўриш мумкин, ҳарқалай. Жумладан, ушбу маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўтган йили Россияга 41 мингта кир ювиш машинаси, 105 мингта совуткич, 146 мингта телевизор ва 27 мингта чангюткич етказиб берган.

Шунингдек, Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони ҳам ортганлиги қайд этилган – 2022 йилда 967 та янги корхона очилиб, Россия билан ҳамкорликда ташкил этилган корхоналар сони 3156 тага етган.

Айни чоғда 2022 йилда Ўзбекистон импортида айрим мамлакатлар улуши аномал тарзда ошиб кетганини кузатиш мумкин. Чунончи, Бирлашган Араб Амирликларидан импорт ҳажми икки баравардан зиёдга, Бразилиядан импорт – 59 фоизга, Германиядан – 54 фоизга, Ҳиндистондан эса 42 фоизга ўсган. Бироқ Ўзбекистонга айнан қандай моллар келтирилгани очиқланмаган.

Евроиттифоқ расмийлари Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан савдо чекловлари жорий этилиши эҳтимоли ҳақида гапира бошлашди. Яъни, минтақа давлатлари Россияни санкция қўлланган товарлар билан таъминлаётгани аниқланганида уларга нисбатан жазо чоралари татбиқ этилади. Россия ҳарбий техникаларини тиклашда қўлланиши мумкин бўлган компонентларга эга товарлар, масалан, кир ювиш машиналари, автомобиллар ва фотоаппаратлар алоҳида эътиборда турибди. Аммо ЕИ раҳбарияти санкциялар жорий этишдан олдин Марказий Осиё мамлакатлари билан музокара қилмоқчи.

Қирғизистон

2022 йилда Қирғизистон импорт ҳажми бўйича қарийб 20 йиллик рекордини янгилади. Статқўм маълумотига кўра, мамлакат илк дафъа чет элдан салкам 10 миллиард долларлик мол харид қилган. 2021 йилга қиёсан импорт кўрсаткичини қарийб икки карра оширган. Энг йирик таъминотчилар бешлиги ўша-ўша – Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон. Келтирилган юклар ҳажмида асосий улуш, доимгидек, кундалик эҳтиёж моллари – озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ғиж-ғиж рақамлар орасида айримлари жуда ғаройибки, эътиборни тортмай қолмайди. Масалан, ўтган йили Қирғизистонда камбағаллар сони анчагина ошибди, айни чоғда – Европа ва АҚШнинг қимматбаҳо буюмлари талабгорлари ҳам. Европадан импорт салкам 80 фоизга, АҚШдан мол келтириш эса 140 фоизга ортган! Яна баъзи фактлар: 10 миллион долларга француз атри, тақрибан бир миллионга қимматбаҳо чарм ашёлар, хусусан итальянча сумкалар харид қилинган. 2021 йилда швейцар соатларидан атиги 27 дона сотиб олинган бўлса, 2022 йилда нақд 1625 та келтирилган.

Мазкур ҳолат Ғарб мамлакатлари пойтахтларида хавотир уйғотмоқда. Евроиттифоқ расмийлари Европада ишлаб чиқариладиган кўплаб товарлар МДҲ давлатлари орқали – санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россияга етказиб берилмоқда, деб ҳисоблайди.

Қирғизистоннинг экспорти ҳам тобора ўсиб бормоқда. Россияга юк жўнатиш шу бир йил ичида икки ярим бараварга ошибди. Жўнатилган моллар турларига қараганда, Қирғизистон атир-упа, совун, косметика ашёларининг йирик таъминотчисига айланмоқда. Электр жиҳозлар – қулоқчинлар, электр устаралар, электр ўчоқлар, иситиш жиҳозлари ва видеокамералар савдосида ҳам катта ўсиш қайд этилган.

Қатор маҳсулотларни 2022 йилда Қирғизистон Россияга илк бор жўнатгани кузатилган.

Қозоғистон

Ғарб санкциялар жорий этганидан сўнг Қозоғистон Россияга ўзи ишлаб чиқармайдиган маҳсулотлар экспортини бир неча маротаба оширди. Миллий статистика бюроси қайдларига кўра, 2022 йилда Қозоғистондан Россияга бир йил бурунгидан салкам 2 миллиард долларга кўп товар жўнатилган. Умумий манзарада ўсиш жиддий эмас, лекин айрим турдаги маҳсулотларда чинакам портлаш содир бўлган.

Энг катта ўсиш “машиналар, жиҳозлар, транспорт воситалари, қурилмалар ва аппаратлар” сегментида кузатилади. 2022 йилда Қозоғистон Россияга шунақа товарларни етказиб беришни тўрт ярим бараварга оширган.

Электроника, маиший техника ва компьютерлар етказиб беришда ҳам мисли кўрилмаган ўсиш қайд этилди. 2022 йилда Қозоғистон Россияга камида 150 миллион долларлик смартфонлар сотибди. Охирги саккиз ойнинг ўзида гажетлар етказиб бериш нақд 88 баравар ошган. Кир ювиш машиналари экспорт ҳажми бир йил ичида нулдан қарийб 30 миллион долларга ўсибди. Қиёслаш учун, бир йил аввал бу турдаги товарлар оқими терс йўналишда ҳаракатланарди: 2021 йилда Қозоғистон Россиядан 13 миллион долларлик кир ювиш машиналари харид қилган. Бу мониторлар савдосига ҳам тегишли. 2021 йилда арзимас миқдорда бўлган экспорт ҳажми 2022 йилда бирдан 300 каррадан зиёдга ўсган!

Аввалроқ Bloomberg агентлиги Қозоғистон Европадан маиший техникалар сотиб олиб, Россияга пуллаётгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Муаллифлар реэкспорт қилинадиган электрон компонентлар, масалан чиплар ҳарбий саноатда қўлланиши мумкинлигига урғу берганлар. Чунки Ғарб мамлакатлари мулозимлари Россия танкларидан совуткич ва кир ювиш машиналар микрочиплари ва микросхемалари топилганини маълум қилишган эди.

Eurasianet нашрининг ёзишича, урушгача бир йил бўйи Россияга атиги 12 минг долларлик яримўтказгичлар сотган Қозоғистон урушнинг биринчи йилида бу кўрсаткични дафъатан 3,7 миллионга етказган. Экспорт ҳажми айниқса чегара вилоятларда кескин ошган.

Импортга келсак, Миллий статистика бюроси ҳисоботида у бир йил мобайнида саккиз ярим миллиард долларга ўсгани айтилади. Бу сумманинг чорак қисми – Европадан келган товарлар ҳиссаси. Биргина машина ва жиҳозларнинг ўзини Қозоғистон ўтган йилгидан 4 миллиард долларга кўп харид қилган. Таъминотчиларнинг аксари эса узоқ хорижий мамлакатлар экан.

Форум

XS
SM
MD
LG