Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:03

Ўзбекистонда сут йиғиш марказлари очилади. Фермерлар норози


17 апрель кунги мажлисда президент Шавкат Мирзиёев сут йиғиш марказларини очиш режасини маъқуллаган.  
17 апрель кунги мажлисда президент Шавкат Мирзиёев сут йиғиш марказларини очиш режасини маъқуллаган.  

Ўзбекистонда ҳукуматнинг жойларда сут йиғиш марказларини очиш режаси ҳали амалга ошмасдан фермерлар норозилигига учради.

Хоразм вилояти Шовот туманидаги "Аҳмад Абдуллаев" фермер хўжалиги раҳбари Муяссар Абдуллаева Озодлик билан суҳбатда сут йиғиш марказлари ноқулайликлар туғдириши мумкинлигидан хавотирда:

“Тилло - домор” ҳусусий сут заводига етказамиз. Муаммо йўқ. Заводни ўзида лабортория бор, ёғи миқдорини аниқлаб нархини чиқариб беради ва литри учун 6 минг сўмдан ҳисобимизга шу кунни ўзида пулни туширади. Ишлаб турган тизим бу. Сут йиғиш марказлари очилса, биз сутни шу марказларга топширамиз, лекин барибир шу заводга боради. Ундан кўра, тўғри ўзимиз заводга олиб бориб топширганимиз яхшику”, - дейди Абдуллаева.

Ўзбекистон ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш вазирлиги расмийларига кўра, сут йиғиш маркаларини очишдан мақсад хонадонларда ва фермер хўжаликларида етиштирилган сутни қайта ишлаб чиқарувчиларга етказишни самарали йўлга қўйиш, сут корхоналарида хом ашё етишмаслиги билан боғлиқ муаммо, сут ва сут махсулотлари нархи ошишининг олдини олиш.

“Шундай, туманлар бор ўз эхтиёжидан беш баравар кўп сут ишлаб чиқаради. У ерда сут ишлаб чиқарувчилар ҳар хил усулда сотади. Лекин, ҳаммаси сарсон. Кейин, сут ачийди, сасийди, бузилади. Мана шу ерда сут маҳсулотлари увол бўляпти. Ўшани олдини олиш учун сут йиғиш марказлари очиляпти, сут етиштирувчи сутини кўтариб у ёққа бу ёққа сарсон бўлмасин. Бундан ташқари, ҳар ким сутни ҳар хил соғади. Биров елинини ювмайди. Сут марказларида шу сут пастеризация ҳам қилинади ва тайёр заводга ёки дўконларга олиб келинади. Муаммо йўқ бу ерда”, - дейди Озодликка Ўзбекистон ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Анвар Суюнов.

17 апрель кунги мажлисда президент Шавкат Мирзиёев сут йиғиш марказларини очиш режасини маъқуллаган.

Ушбу режага мувофиқ, ҳар бир пункт камида 100 та сут ишлаб чиқарувчи хонадонлар билан ҳамкорлик қилиши керак.

Бу режани амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг 10 миллион долларлик грантлари йўналтирилади.

Ўзбекистон Давлат Статистика кўмитасининг март ойидаги ҳисоботига кўра, сут ва сут маҳсулотлари ўтган 12 ойда ўртача 20, 2 фоизга ошган.

Ўзбекистон сут бозорида соғилган сутнинг улуши ҳамон катта, 90-95 фоизни ташкил этади. Бу энг аввало сут сотиш анъанаси ва нарх омилига боғлиқ.

Ҳозирда қишлоқ жойларида бир литр сутнинг нархи ёғи миқдорига қараб қўлда 6000-8000 сўм атрофида. Дўконларда сотиладиган сут эса харидорларга 30-50% қиммат нархда етиб бормоқда.

Сут қабул қилиш пункти туман ёки қишлоқнинг сут етиштириш кўламига қараб сут йиғиш пунктининг қабул қилиш қуввати сут қутилари ёки танкларда кунига 50 дан 500 литргача бўлиши мумкин, у барча деҳқон ва фермерлар сут етказиб берадиган марказий жойда жойлашади.

Сут қабул қилиш пунктида совитиш мосламалари бўлади.

“Сутни йиғиш марказларига топширадиган бўлсак ҳам шу заводга боради, лекин булар орқали айланиб боради, бюрократия кўпаяди, ўртада муаммолар бўлади.Мен давлат сут олиш пунктлари билан ҳам ишладим. Пул кечикади, ёғини кам ёзади, муаммо кўп бўлган. Керакми бу бизга? Ундан кўра, ҳукумат ем-хашак олишимиз учун субсидия берсин”, - дейди фермер Абдуллаева.

Фермернинг айтишича, сут тўққиз ой ичида 4 минг сўмдан 6 минг сўмгача кўтарилган.

Сабаби сигир боқиш қимматга тушяпти. Озуқа, ем-ҳашак қиммат.

Ўзбекистонда йилига 10 миллион тоннадан ортиқ сут ишлаб чиқарилади.

Тошкентда маҳаллий сут брендлари супермаркет расталаридан ғойиб бўлган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:59 0:00

“Wawamustats” халқаро рейтингни аниқловчи статистика ташкилоти 2015 йилда Ўзбекистонни жаҳонда сут ишлаб чиқариш кўрсаткичлари энг юқори бўлган давлатлар йигирматалигига киритган эди.

Ўшанда Ўзбекистон 9,9 миллион литр сут ишлаб чиқариш кўрсаткичи билан рўйхатда 18-поғонани эгаллаган.

2019 йилга келиб мамлакат 10,5 миллион литр сут ишлаб чиқариш кўрсаткичи билан 17-поғонага кўтарилган.

“Бу статистикага хўжаликлар ўзлари етиштириб ўзлари истеъмол қиладиган сут кирмаган хали. Айтайлик, беш фарзанди бор оилада сигири бор. Шу сигирдан соғилган сутни шу оила истеъмол қилади. Бу сут статистикага кирмайди. Бунақа оилалар қишлоқларда жуда кўп. Бизда 60-70 фоиз аҳоли қишлоқда яшайди. Шу аҳолини камида қирқ фоизини уйида сигири бор”, - дейди Ўзбекистон ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Анвар Суюнов.

Лекин сигири бор оилалар сони ем-хашак қимматлашгани сайин озаймоқда.

"Бизда кўп хўжаликлар бор, мол боқмай қўйган. Чунки ем қиммат. Фойда кўрмайди. Шунинг учун давлат чорвани ривожлантираман деса фермерларга ем-хашак арзонлатиб берсин. Ана шунда бозорда гўшт кўпаяди, сут кўпаяди, нарх тушади”, - дейди Муяссар Абдуллаева.

Дунёдаги йирик сут ишлаб чиқарувчилар қаторида бўлиб келган Ўзбекистон бу йил 22 минг тонна сут маҳсулотини четдан импорт қилган.

Давлат статистика қўмитасига кўра, сут маҳсулотлари импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5,4 минг тоннага ошган.




Форум

XS
SM
MD
LG