Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:43

Журналист Бобомурод Абдуллаев Туркияда ҳибсга олинди. Яқинлари унинг Ўзбекистонга топширилишидан хавотирда


Бобомурод Абдуллаев Тошкентдаги маҳкама биноси олдида. 2018 йил, май.
Бобомурод Абдуллаев Тошкентдаги маҳкама биноси олдида. 2018 йил, май.

Таниқли журналист Бобомурод Абдуллаев шу йилнинг 24 апрель куни Туркиянинг Эскишаҳарида турк полицияси томонидан ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Озодликка журналистнинг Туркияда таҳсил олаётган қизи Камола Қодирий маълум қилди.

Унинг халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ёрдам сўраб қилган мурожаатида айтилишича, отаси ўзбек расмийларининг сўровига биноан ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилингани тақдирда қийноқларга юз тутиши мумкин.

50 яшар Бобомурод Абдуллаевнинг нимада гумон қилиниб ушлангани ва ўзбек томонининг сўрови ҳақида маълумот йўқ.

Бундан аввал ҳам Туркия расмийларининг ўзбек фаолларини мамлакатга қўймаслик ва Ўзбекистон томонининг сўрови асосида ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилган. Фаоллар Туркияда ўзбекистонликларнинг "қора рўйхати" мавжудлигини айтишади, аммо турк томони бу борада ҳеч қачон расмий маълумот бермаган.

Бобомурод Абдуллаев охирги пайтларда халқаро журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти дастури доирасида Германияда бўлиб турган эди. Унинг қачон ва нима мақсадда Туркияга сафар қилгани маълум эмас.

Бобомурод Абдуллаев ҳибс, экстрадиция, озодлик, президентга ташаккур ва ДХХ муносабати ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:33 0:00

Абдуллаев 2020 йил августида Қирғизистонда ҳибсга олинган ва тафсилотлари расман очиқланмаган жиноят иши доирасида Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди. Ўша йилнинг октябрида унга нисбатан жиноят иши ёпилган ва у озодликка чиқарилган. Шундан сўнг журналист президент Шавкат Мирзиёев унга Тошкентдан уч хонали хонадон совға қилганини айтган ва бунинг "сиёсий пора" экани ҳақидаги танқидларни рад этган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот-идоралари 2017 йилда Бобомурод Абдуллаевни "конституциявий тузумга тажовуз қилиш"да гумон қилиб ҳибсга олган. 2018 йилдаги маҳкама жараёнида журналист "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида Каримов режимини фош қилувчи мақола ва сиёсий памфлетлар ёзганини тан олган, аммо "ҳокимиятни босиб олиш"га урингани ҳақидаги айбларни рад этган. Бир неча ой давом этган маҳкама сўнггида у иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси билан суд залидан озод қилинган эди. У тергов жараёнида шафқатсиз қийноқларга тутилганини айтган.

XS
SM
MD
LG