Покистонлик журналист Тоҳир Хон cаволига МСК жавоб бера олмади
Покистонлик журналист Тоҳир Хон МСК ўтказган брифингда МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровдан президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий муддати узайтирилиши эҳтимоли ҳақида сўради:
“Биз референдум ҳақидаги маълумотларни ОАВдан билдик. Президент Ўзбекистонда иқтисодий реформаларни амалга оширишга ва сўз эркинлигини таъминлашга ҳаракат қиляпти. Ўзбекистон президенти ҳозир амалдаги Конституцияга кўра икки марта сайланиши мумкин. Янги конституция қабул қилинса энди президентлик муддати етти йилга чўзилади. Бу билан президент ўзининг муддатини яна икки муддатга узайтириб олмоқчи деган гаплар бор. Бу ҳам референдумнинг кун тартибига қўйилганми?”
МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров бу саволга аниқ жавоб бера олмаслигини айтди:
“Бу саволингизга Конституция матнини ёзган ташаббускорлар жавоб бериши мумкин. Узр, бу саволингизга биз жавоб беролмаймиз”, деди Баҳром Қўчқоров.
Ўзбекистонликларнинг 73,17 фоизи референдумда овоз берди
МСКга кўра эyu юқори фаоллик Сирдарё, Андижон ва Фарғона вилоятларида кузатилган. Бу ҳудудларда соат 15:00 ҳолатига қарийб 80 фоиз фуқаро овоз бериб бўлган.
МСК интернетда берилаётган қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири бўйича референдум ўтган деб топилди, дея маълум қилди Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.
Соат 13:00 ҳолатига 12 млн 83 минг 105 киши ёки рўйхатга олинган жами овоз берувчи фуқароларнинг 62,24 фоизи овоз бериб бўлган. Маълумот учун, соат 10:00 ҳолатига ушбу кўрсаткич 35,13 фоиз эди.
«Ушбу рақамлар Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий референдумни ўтган деб топишга асос бўла олади», — деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.
Сайловчилар ягона электрон рўйхатига жами 19 722 809 нафар овоз берувчи фуқаро киритилган. Хусусан, хорижий давлатларда 307 895 нафар фуқаро киритилган.
МСК раҳбари ўринбосари фуқаролар МСКнинг 1200 қисқа рақами орқали мурожаат ва шикоятлар йўллаши мумкинлигини эслатиб ўтди (Ўзбекистон бўйича қўнғироқлар бепул).
МСК: Ўзбекистонда референдум ўтган деб топилди
МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири бўйича референдум ўтган деб топилди, деб айтди.
МСКга кўра, соат 13:00 ҳолатига 12 миллиондан ортиқ киши ёки рўйхатга олинган сайловчиларнинг 62,24 фоизи овоз бериб бўлган.
«Фуқароларимиз референдум фаоллик билан қатнашаётганликларига гувоҳи бўлиб турибмиз», — дея қайд этди МСК раҳбарияти вакили.
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ, рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан кўпи референдумда иштирок этган бўлса, референдум ўтган деб топилади.
Овоз беришда қатнашмаган талабаларга «ҳаракатига сиёсий баҳо бериш» билан таҳдид қилинмоқда
Hook.report нашри талабалардан келган хатни эълон қилди.
Унда ёзилишича, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида жума кунидан бери раҳбарият ва группа сардорлари университет ёнида жойлашган сайлов участкасида овоз беришга чақириб, бу ҳамма учун мажбурий эканлигини таъкидлаган.
Бугун раҳбарият овоз беришда қатнашмаган талабаларга уларнинг бу “ҳаракатига сиёсий баҳо беришлари” билан таҳдид қилишган.
Ўз яшаш жойида овоз берган талабалардан участкасининг рақамини ёзиб бериш сўралган.
Тошкентдаги бошқа институт талабаларидан яшаш жойи манзилига тўғри келмаса ҳам, ётоқхона яқинидаги участкага келиб овоз беришга ва бу ҳақда фотосурат тақдим этишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келган.