Жиззах вилояти Зомин туманидаги Деҳқон бозорида савдо қилувчи юзга яқин тужжор дўкон ва расталарининг кўчирилишига норозилик билдирмоқда.
Тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, 11 май куни савдогарлар билан уларни бозордан кўчиришга келган туман ҳокимлиги ҳамда ИИБ ва солиқ ходимлари ўртасида жанжал содир бўлган.
Туман солиқ идораси ҳамда милиция ходимлари 11 май куни бозорнинг ёпилиши борасида савдогарлар билан мулоқот қилишга уринган, бироқ уларнинг талаби қондирилмагач, вазият таранглашган.
“Бақир-чақир бўлиб кетди, ҳамма дўкондорлар чиқди. Ҳоким муовини дарвозани ёптирди. Кейин савдогарларни ўзи ва у томондан ҳаридорлар қулфларини бузиб ташлашди. Ҳоким муовини "ҳеч кимни киргизмаймиз", деди. “Савдогарлар нима ҳаққингиз бор” деб жанжал кўтарди”, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган зоминлик тадбиркор.
Жиззах вилояти ҳокимлиги балансида бўлган “Зомин деҳқон бозори” 2019 йилда қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган эди. Вилоят ҳокимлиги расмий сайтидаги маълумотга кўра, бунинг учун давлат ҳисобидан 25 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилган.
Зомин бозори аукционга қўйилган
Умумий майдони 1,2 гектар бўлган ва 500та савдо растасига эга бозор ҳозирда “E-auksion” электрон савдо платформасида 24 миллиард 540 миллион 592 минг сўм бошланғич нархда сотувга қўйилган.
“E-auksion” порталида потенциал ҳаридорлардан ариза қабул қилиш 5 июнгача давом этиши айтилган.
“Ҳокимлик бизни бозордан чиқариб, у ерни сотиб юбормоқчи”, - дейди зоминлик савдогар.
Зомин тумани ҳокимлиги расмийлари тужжорларни раста ва дўконларни 11 майгача бўшатиб қўйишлари ҳақида бир ой аввал огоҳлантирган.
Савдогарларга туманнинг “Лайлак” МФЙ ҳудудида янги қурилган савдо марказидан жой таклиф қилинган.
“У савдо маркази (Ўзбекистон президенти)ни қариндошларига тегишли деб эшитганмиз. Хоразмдан уч-тўртта бозор юритувчиларни ёллаб, юргизвормоқчи. Ҳозир у ер бўм-бўш. Ҳеч ким бормайди. Шу ерга бизни кўчириш учун мана шу баҳонани ўйлаб топишяпти”, - дейди зоминлик савдогарлардан бири.
Туман солиқ идораси ва ички ишлар ходимларининг аралашувига қарамай савдогарлар расталарини тарк этишга шошилмаётир.
“Кўчирадиган бўлса, банкрот бўламиз. Карантиндан бери ўзимизга келолмаяпмиз. Дўконларнинг ҳар бирини 20 миллиард сўмдан кредитга олганмиз. 30-40 миллион ҳар ойига тўлови бор. Лайлакдаги савдо марказига ҳеч ким бормайди. Бу ердан 4-5 километр узоқда”, - дейди зоминлик бошқа бир тадбиркор.
"Зомин деҳқон бозори"да 600 атрофида савдогар савдо қилади.
“Ҳокимликдагилар туманимиздаги каттакон ва яна Хоразмдан келган уч-тўртта тадбиркор билан тил-бириктириб, бизни шу савдо марказига мажбурлаб кўчиришяпти. Бунинг учун деҳқон бозорини таъмирлаш бахонасини ўйлаб топишган”, - дейди исми сир қолишини истаган тадбиркор.
"Хоҳласа уйида ўтирсин, лекин, бозорни бўшатиб қўйсин!"
Зомин тумани ҳокимининг биринчи муовини Зариф Омонқулов Озодлик билан суҳбатда “Лайлак” МФЙ ҳудудида янги қурилган савдо маркази президент қариндошларига тегишли экани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.
“Бўлмаган гап. Деҳқон бозори реконструкция бўлади. Шунга савдогарлардан вақтинча дўконларни бўшатиб туришни сўрадик. "Вақтинча" деб айтяпмиз. Уларни мажбурлаб, савдо марказига кўчириш, бу бўлмаган гап. Хоҳласа савдо марказига кўчмасин, уйида ўтириб турсин, бизга барибир. Лекин, бозорни бўшатиб қўйиши керак, таъмирланади у ер. Ҳеч “Зомин Деҳқон бозори”га борганмисиз, расвосини чиқариб ташлашган”, - дейди Зариф Омонқулов.
Ҳоким муовини бозор нима учун ким ошди савдосига қўйилгани ҳақидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.
“Мулкчилик субъекти ким бўлишидан қатъи назар бозор шу ерда туради. Таъмир қилинади, икки ҳафта ичида балки тадбиркорлар яна ўша жойига қайтади. Ортиқча жанжал, ваҳимага ҳач қанақа асос йўқ”, - дейди Зомин тумани ҳокимининг биринчи муовини Зариф Омонқулов.
Омонқулов шунингдек, тадбиркорларнинг бозорни кўчириш режаси ортида гўёки президент Мирзиёевнинг қариндошлари тургани ҳақидаги иддаоларни рад этди.
Бундан аввал ҳам Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши тадбиркорларнинг кескин норозилиги манзарасида кечган.
Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2019 йилларда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига асосан бозорлар қайта реконструкция қилинмоқда.
Бозорларни кўчириш бошқа ҳудудларда ҳам савдогарларнинг кескин норозилиги фонида кечган.
Форум