Камол Қиличдорўғли сайловда овоз берди
Туркия президентлигига номзод ва мухолифат лидери Камол Қиличдорўғли 14 май куни пойтахт Анқара шаҳрида сайловда овоз бераркан, мамлакатга “мангу баҳор” олиб келишни ваъда қилди.
74 ёшли Қиличдорўғли қўриқчилар қуршовида сайлов участкасига келгач, уни олқишлаётган ўнлаб тарафдорлари билан қўл силкиб салом-алик қилди.
Қиличдорўғли қисқа нутқида Туркияда “демократия қолмаган”ини айтди:
“Биз ҳаммамиз демократияни жуда соғиниб қолдик. Бизга бирлик етишмади. Бир-биримизни бағримизга босишни соғиндик. Ушбу ондан, Тангри ёр бўлса, мамлакатимизга баҳор келажак ва бу баҳор мангу давом этажак”.
Сўровларга кўра, Қиличдорўғлига хайрихоҳлар сони 50 фоизга яқинлашиб қолган бўлиб, бу 28 май куни у ва амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида иккинчи тур ўтказилиши ўтказилиши эҳтимолини янада оширади.
Соат 21:00га қадар сайлов натижалари ҳақида хабар тарқатиш тақиқланади
Бугун Туркияда Эрдўғоннинг ҳукумат бошқарувидаги 20 йиллик фаолиятига барҳам бериши тахмин қилинаётган сайловлар бўлиб ўтмоқда.
Сайловлар тобора авторитар тус олаётган Эрдўғон ҳукуматини бошқарувдан четлатиши ёки учинчи ўн йилликка йўл очиши мумкин.
Туркиялик сайловчилар парламент учун ҳам овоз бермоқда. Асосий кураш Эрдўғоннинг консерватив исломий АК партияси ҳамда олти мухолиф партия иттифоқидан ташкил топган Қиличдорўғлининг Миллат иттифоқи партияси ўртасида кетмоқда.
Туркия бўйлаб сайлов участкалари эрталаб соат 8 дан очилди ва 17:00 да ёпилади.
Туркия қонунчилигига кўра, 21:00 га қадар сайлов натижалари ҳақида хабар тарқатиш тақиқланган. Президентлик учун сайловларнинг иккинчи босқичи бўладими ёки йўқ бугун кечгача аниқ бўлади.
Туркияда президентлик сайлови арафасида курдлар намойишга чиқди
Кеча Туркиянинг Диёрбакир ва Истанбул шаҳарларида курдлар президентлик сайловлари олдидан митинг ўтказди. Бошқа жойларда бўлгани каби Диёрбакир аҳолиси ҳам яшаш нархлари қимматлигидан қийналмоқда. Бу сайлов пойгасида асосий рақибидан шундоғам ортда бораётган амалдаги президент Эрдўғон рейтингига салбий таъсир қилади.
Туркияда курдлар аҳолининг 20 фоизини ташкил этади. Курдларнинг танлови сайлов натижаларида ҳал қилувчи сифатида кўрилмоқда.
Раwэст томонидан ўтган ҳафта эълон қилинган сўровномага кўра, Диёрбакир вилоятида мухолиф партиядан президентликка номзод Камол Қиличдорўғлини 76,3%, Эрдўғонни эса 20,5% одам қўллаб-қувватлаган.
Эрдўғон & Қиличдорўғли: Ким ғолиб бўлади?
Туркияда Эрдўғоннинг ҳукумат бошқарувидаги 20 йиллик фаолиятига барҳам бериши тахмин қилинаётган сайловлар 4 соатдан сўнг ниҳоясига етади.
69 ёшни қоралаган Эрдўғон кучли нотиқ ва моҳир тарғиботчи. У ҳозир фаолиятидаги энг қийин сиёсий синовдан ўтмоқда. Эрдўғон бир пайтлар Туркияда сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган диндор туркларнинг кучли садоқатига таянади. Эрдўғон 2016 йилги давлат тўнтаришига уриниш ва коррупция билан боғлиқ кўплаб можароларда ҳам ҳукмронлигини сақлаб қола олди.
Таҳлилчиларга кўра, бир қатор омиллар турклар Эрдўғонни ҳокимиятдан четлатишига сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, Туркия аҳолисининг фаровонлик, тенглик ва асосий истеъмол эҳтиёжларини қондириш қобилияти пасайди. 2022 йил октабрь ойида инфляция 85% дан ошиб кетди, лира эса тарихий минимумни бошдан кечирди.
74 ёшли собиқ давлат хизматчиси Камол Қиличдарўғли, агар ғалаба қозонса, Эрдўғоннинг оғир бошқарувидан ортодоксал иқтисодий сиёсатга қайтишга ваъда бермоқда.
Шунингдек, Қиличдорўғли мамлакатни 2017 йилда референдум орқали ўзгартирилган ижрочи президентлик тизимидан парламент бошқарув тизимига қайтаришга ҳаракат қилишини айтмоқда. У суд тизими мустақиллигини тиклашга ҳам ваъда берди.