Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:53

Самарқанддаги қотиллик. Мигрантларнинг уйда қолган болаларини ким ҳимоя қилади? 


37 ёшли ота Исроилда ишлаётган хотини билан телефонда жанжаллашиб, уч нафар вояга етмаган фарзандини пичоқлаб ўлдиргани ҳақидаги хабар Ўзбекистондаги жамоатчилик ва тармоқларни ларзага солди.

Ҳодиса 16 июнь куни Самарқанд шаҳри марказидаги “Алишер Навоий” маҳалласидаги хонадонларнинг бирида содир бўлган.

Самарқанд вилояти прокуратураси Жиноят кодексининг 97-моддаси - Қасддан одам ўлдириш банди бўйича жиноят иши қўзғатгани маълум қилинди.

-“2023 йилнинг 16 июнь куни Самарқанд шаҳри Навоий кўчасида яшаб келаётган фуқаро ўзининг Исроил давлатида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётган турмуш ўртоғи билан телефон орқали жанжаллашиб қолади. Ундан қасд олиш мақсадида, ўзининг гўёки ҳақ эканини исботлаб бериш учун ўзининг 2010 йилда туғилган қиз жинсли, 2011 йилда туғилган қиз жинсли, 2013 йилда туғилган ўғил жинсли жами уч фарзандини ухлаб ётган вақтида танасининг турли жойларига ошхона пичоғи билан бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдирган. Жавобгарликдан қутилиш учун у ўзтининг кўкрак кафасига бир марта пичоқ уриб тан жароҳати етказган”, - дейди Самарқанд вилояти прокуратурасининг терговчиси Бехзод Ҳасанов,

Уч нафар фарзандининг қотилига айлангани айтилаётган шахс ҳозирда Самарқанд вилояти касалхонасининг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Самарқанддаги қотилликдан халқаро ташкилотлар ҳам ларзага келган. ЮНИСЕФ ташкилотининг Ўзбекистондаги бўлими раҳбари Мунир Мамедзаде Озодлик билан суҳбатда бундай деди:

-“Ота уч фарзандини ўлдириши, бу фожиа. Бу ҳолат бўйича батафсил маълумотга эга бўлмасак-да, биламизки, баъзи ҳолларда руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар ота-онанинг фикри-ўйини хиралаштириши мумкин. Дунё миқёсида эркаклар ва аёллар ўз фарзандларини қасос ёки жазо тури сифатида ўлдириши ҳолатлари ҳужжатлаштирилган. Бу каби қотилликлар қасоскорлик, ота-она, ўгай ота-она ёки бошқа тарбиячи томонидан боланинг бошқа ота-онасига ёки қариндошига руҳий зарар етказиш мақсадида бир ёки бир нечта болаларни қасддан ўлдириш деб аталади. Филициднинг бу шакли кам учрайди ва ҳали ҳам яхши тушунилмаган”.

Ягона ҳодиса эмас

Ўзбекистонда отаси ёки онаси меҳнат муҳожирлигида бўлган оилаларда болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ягона ҳодиса эмас.

Шу йил март ойида ижтимоий тармоқларда бир аёл ўз болаларини қийнаётгани акс этган видео тармоқларни жунбушга солганди.

23 ёшли аёл Россияда бўлган эри билан жанжаллашиб, жаҳл устида боласини қийнаб, тасвирга олиб турмуш ўртоғига юборган.

Ўтган ҳафта Каттақўрғон тумани жиноят ишлари бўйича судида аёл қилмишига изоҳ бериб, шу орқали эрини яхши йўлга чорламоқчи бўлганини айтган.

-“Мен айбимга иқрорман. Қилган ишимдан пушаймонман. Эрим Россиядан келса оиламни тикламоқчиман. Болаларимга азоб бериш ниятида бўлмаганман. Эрим видеони кўриб тўғри йўлга ўтади, деб ўйлаган эдим. Суддан енгиллик сўрайман”, - дейди аёл.

Судда аёлнинг қайнонаси набираларини унинг қарамоғига олиб беришларини сўраган. Судланувчи аёл эри ҳам жазоланиши кераклигини, айбига иқрор бўлишини талаб қилиб, жанжал кўтарди.

Миллионлаб ўзбекистонлик ҳар йили рўзғор тебратиш илинжида ўзга юртларга сафар қилади. Фаолларга кўра, уларнинг яна миллионлаб уйда қолган фарзандлари нормал оила ҳаëтидан мосуво тарзда улғаймоқда.

Отаси ёки онасисиз ўсаётган авлод

Ёнларида оталарининг узоқ муддат йўқлиги болаларнинг ночор аҳволига, баъзида фожиага ҳам сабаб бўлмоқда.

-“Онаси Исроилда экан, отаси болалари билан қолган. Уларни ўртасида нима бўлганини ҳеч ким билмайди.. Тергов бўляпти. Уч фаврзандини пичоқлаб ўлдириш соппа-соғ одамнинг иши эмас. Ҳалигача ўзимга келолмаяпман. Болалар бўйича ота-оналарнинг мажбурияти бор. Болаларни қаовсиз қолдириб кетганлик учун жавобгарлик белгиланган”, - дейди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Болалар омбудсмани Алия Юнусова.

Тадқиқотчилар оталари ёки оналаридан узоқда қолган болаларнинг ижтимоий ўзини тутиши ва руҳий аҳволидаги ўзгаришлар ҳақида гапиришади.

Улар фикрича, муҳожир болалари кўп ҳолларда тушкунликка ва одамовиликка мойилдирлар.

Уч йил аввал ЮНИCЕФ Европа Иттифоқи кўмагида Ўзбекистонда миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш бўйича лойиҳани ишга туширган эди.

-“2019 йилда ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси миграциядан жабр кўрган болаларнинг аҳволи бўйича тадқиқот ўтказди, бунда алоҳида эътибор меҳнат учун хорижга кетаётган ота-оналар томонидан қолдирилган болаларга қаратилди. Тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистонлик муҳожирларнинг аксариятида камида икки нафар фарзанд бор, улар мамлакатдан чиқиб кетаётганда уларни бошқа оила аъзолари қарамоғида қолдиришган, бу эса болаларнинг қаровсиз қолиш хавфини туғдиради ва уларнинг руҳий саломатлигига катта зарар етказади. Одамлар маҳаллий иш билан таъминлаш агентликлари орқали четга ишга кетса, муаммолар унчалик жиддий бўлмайди. Аммо ота-оналар кўпинча чет элга норасмий саёҳат қилишади, бу эса болаларни расман тайинланган васийсиз қолдиради", дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги бўлими раҳбари Мунир Мамедзаде.

Ўзбекистон Болалар Омбудсмани Алия Юнусованинг айтишича, муҳожир ота-оналар томонидан ташлаб кетилган болаларга парвариш ва ҳимоя етишмайди. Миграция таъсир кўрсатган оилалар қийинчиликка дуч келади ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлади:

-"Бундай оилалар ва болаларга васийлик ва ҳомийлик органлари, Хотин-қизлар қўмитаси, оилавий марказлар ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлинмалари томонидан вилоят ва туман даражасида ёрдам кўрсатилади”.

Миграция муаммоси нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиёда, балки глобал характерга эга. Тобора кўпроқ одамлар яхши ҳаёт ва даромад қидириб, болалари ва оилаларини тарк этмоқда.

-“Ўзбекистонда миграциядаги ота-оналар томонидан қолдирилган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди, масалан, ижтимоий ходимлар томонидан ушбу болалар ва уларнинг катта оилаларининг эҳтиёжларини баҳолаш ва уларни тегишли қўллаб-қувватлаш хизматларига юбориш учун ёрдам кўрсатиш. Шунингдек, болаларга руҳий-ижтимоий ёрдам, шу жумладан маслаҳатлар берилади. Бироқ, бу чора-тадбирлар ҳали тўлиқ ташкиллаштирилмаган ва кенг миқёсда мавжуд эмас. Ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун масъул бўлган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши билан кўчиб кетаётган ота-оналар томонидан қолдирилган болаларнинг тегишли ёрдам хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳаракат бор, деб ҳисоблаймиз”, - таъкидлайди Озодлик билан суҳбатда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги бўлими раҳбари Мунир Мамедзаде.

Калтак еган келин, муштумзўр она ва "самосуд"лар – ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги вазиятдан ташвишда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:37 0:00

Чет давлатларда меҳнат қилаётган аксар муҳожирлар оилалари, фарзандларининг фаровонлиги - саломатлиги ва муносиб таълим олиши, шунингдек, шахсий уй, квартира ёки машинага эга бўлиш, тўй-маросимларни ўтказиш режалари ҳақида гапиришади.

Бироқ, бу орзуларни амалга ошириш учун аксар муҳожирлар узоқ йиллар оилаларидан узоқда бўлишга мажбур. .

Бу вақт ичида уларнинг фарзандлари вояга етади, муҳожирликка кетган баъзи ота-оналар эса фарзандларини бошқа кўрмасликлари ҳам мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG