Европа Иттифоқининг Украинадаги уруш боис Россияга қарши киритган санкциялари 11-пакетига Ўзбекистондан 2 ширкат – Alfa Beta Creative МЧЖ ва GFK Logistic Asia МЧЖ киритилди.
Еврокомиссия сайтида эълон қилинган ҳисоботда, ҳар икки ширкат Россия ҳарбий-саноат комплексига ёрдам бергани, аниқроғи Россия мудофаа саноати учун Ғарбдан товарларни сотиб олишга урингани учун санкцияга тушгани айтилган.
Ўзбекистоннинг айни ширкатлари аввалроқ АҚШ Молия вазирлигининг санкциясига тушган эди. Ўтган йили АҚШ Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic фирмасини санкциялар рўйхатига киритган.
Россия ҳарбий саноатини қўллаш
Европа иттифоқига кўра, санкцияларнинг навбатдаги пакетига 87 та ширкат киритилган. Бу ширкатлар "экспорт назоратидан қочиш ва Россиянинг ҳарбий ва/ёки мудофаа саноати базасини қўллаб-қувватлаш учун AҚШда ишланган буюмларни сотиб олиш ёки сотиб олишга уринган”.
Уларнинг икки мақсадда қўлланувчи товарлар ва илғор технологияларни сотиб олиши чеклаб қўйилди.
11-санкциялар пакети асосан савдо, транспорт ва энергетика соҳаларини қамраб олади. Унда Евроиттифоқ, жумладан:
- РФга қурол-яроғ ишлаб чиқариш учун зарур яна 15 тоифадаги бутловчи қисмларни экспорт қилишни;
- Россияга двигатели сиғими 1.9 литрдан юқори бўлган янги ва минилган машиналар, шунингдек электромобиллар ва гибрид автомобиллар экспорт қилишни;
- cанкция қўлланган товарлар ЕИдан ташқарида ишлаб чиқарилмаслиги учун уларга оид интеллектуал мулк ҳуқуқлари ёки тижорат сирларини учинчи мамлакатларга бериш, сотиш ёки уларни лицензиялашни;
- Россиядан келаётган тиркама ва ярим тиркамаларни ЕИ ҳудудига киритишни;
- “Дўстлик” нефт қувурининг шимолий шохчаси орқали Россия нефти Германия ва Польшага етказиб берилишини;
- Россия нефтини қайта юклаш билан шуғулланувчи кемалар ҳамда Россиядан нефт ташиш чоғида “кузатув навигация тизимларини ўчириб қўядиган” кемаларнинг ЕИ портларига киришини тақиқлаб қўйди.
Бир манзилда уч ширкат
Alfa Beta Creative МЧЖ - Ўзбекистондаги фаолиятини 2022 йилда бошлаган. Оrginfo.uz сайтида келтирилишича, ширкат фаолият тури офис қурилмалари ва жиҳозларини улгуржи cотиш. Устав капитали 2 миллион сўм.
Ширкатнинг 100 фоиз улуши Ҳайдарий Светлана Каримовнага тегишли. Озодлик бу аёл билан боғланишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.
GFK LOGISTIC ASIA МЧЖ эса Ўзбекистонда 2018 йилда иш бошлаган. Ўзбекистондаги очиқ манбаларга кўра, бу ширкат асосан логистика хизматларини кўрсатади:
- Мултимодал юк ташиш
- Транспорт хизматлари: ҳавода юк ташиш
- Транспорт хизматлари: йўловчиларни автомобилда ташиш
- Транспорт хизматлари: темир йўл орқали юк ташиш
- Юк божхона декларацияларини расмийлаштириш хизматлари
- Юк ташиш ва бошқа транспорт-експедиция хизматлари
- Юк ташиш учун автохизматлар
Оrginfo.uz сайтида келтирилган маълумотга кўра, ширкат улушининг 80 фоизи Ключинская Юлия Александровнага, 20 фоизи Грабилин Олег Валеревичга тегишли. Устав капитали 200 миллион сўм.
Ҳар икки ширкат Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Алишер Навоий шоҳ кўчаси, 16a-уйда рўйхатдан ўтган. Озодлик Юлия Ключинская билан боғлана олмади, аммо Олег Грабилин билан қисқа гаплашишга муваффақ бўлди.
Грабилин бу ширкатнинг АҚШ ва Ервопа Иттифоқи санкцияларига асос бўлган айбловларни рад этди. Аммо, санкцияларга расмий муносабатини бир ҳафтадан сўнг билдиришини айтди.
Олег Грабилин 100 фоиз улушига эгалик қиладиган яна бир ширкат - Promcomplektlogistic ўтган йили АҚШ санкциясига тушганди. Бу ширкат ҳам Навоий кўчасидаги 16а-уй манзилида рўйхатдан ўтган. Устав капитали - 10 миллион сўм.
АҚШ Давлат Департаментининг 28 июнь куни эълон қилган баёнотида қайд этилишича, Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic хусусий корхонаси, Россиядаги ҳамкори - “Радиоавтоматика” ширкати санкцияга тушганидан сўнг ҳам бирга ишлашда давом этган ва ҳамкорининг “АҚШ санкцияларидан қочиш ҳаракатини фаол қўллаб-қувватлаган".
“Таъсирсиз" санкциялар
Европа Иттифоқи, агар учинчи давлат компаниялари Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишда давом этса, кейинги босқич - индивидуал санкцияларни қўллашидан огоҳлантирмоқда.
Бу ҳолда Россияга экспорти тақиқланган товарлар ва технологиялар санкцияларни бузишга уринган давлатларга ҳам экспорт қилинмайди.
Бундан ташқари, ЕИ бошқа турдаги индивидуал чораларни қўллаши мумкинлигини билдирган, аммо бу борада бошқа тафсилотлар ҳозирча матбуотга маълум эмас.
Аммо, Promcomplektlogistic ширкатига яқин манбанинг Озодликка айтишича, ўтган йили санкциялар рўйхатига тушганидан буён ширкатнинг ишида ҳеч қандай жиддий ўзгариш, жумладан чеклов сезилгани йўқ.
Айни пайтда, GFK LOGISTIC ASIA ширкати ҳам дунёнинг турли давлатлари билан логистик амалиётларини бемалол давом эттиряпти, дея таъкидлади манба.
Шу билан Ўзбекистонда санкцияларга учраган ширкатлар сони 3 та бўлди ва ҳар учала ширкат Тошкентда айни манзилда фаолиятини давом эттирмоқда.
Украинага босқини ортидан, Россия мислсиз санкциялар остида қолди ва юзлаб ғарб ширкатлари, савдо уйлари, ишлаб чиқариш гигантлари Россияни тарк этди. Шунингдек, Россия билан олди-бердини ҳам тўхтатди.
Аммо, Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёда Россияга санкцияларни айланиб ўтишда кўмаклашаётган ширкатлар сони ортмоқда.
Россияга Ўзбекистондан параллел импорт
Eurasianet нашрининг ёзишича, Ўзбекистондан бораётган параллел импорт Россияга “Chevrolet” автомобиллари оқимини таъминламоқда.
Россиянинг ҳукумат газетаси “Российская газета”нинг 26 июнь кунги хабарига кўра, Chevrolet Дамас етти ўриндиқли микроавтобуслари ҳам Қозоғистондан ва ушбу автомобиллар лицензия асосида йиғиладиган Ўзбекистондан олиб келинмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Марказий Осиёда йиғилган бошқа Chevrolet моделлари ўтган йилдан Россияда фаол сотила бошлаган, 2023 йилги “Дамас» автомобиллари эса жорий нархда тахминан 11 600 долларга сотилмоқда.
Ушбу автомобилларга лицензия берувчи General Motors ёки GM Украинада уруш бошланганидан кейин Россиядан чиқиб кетган эди.
Ўзбекистонда автомобиль йиғувчи UzAuto Motors компанияси ҳам кейинчалик ўз маҳсулотларини Россияга етказиб беришни тўхтатганини маълум қилган эди.
Ўзбекистоннинг Spot.uz бизнес порталига кўра, шундан сўнг Россиянинг Chevrolet дилерлик марказларида эҳтиёт қисмлар танқислиги сезила бошлаган. Асосан параллель импорт тизими орқали бу инқироз олди олинган, бунда рус компаниялари қулай ташқи бозорлардан норасмий равишда автомобиль сотиб олиб, мамлакатга олиб кира бошлаган.
Россия билан ошиб бораётган савдо
Россиянинг Украинага босқини бошланган 2022 йилнинг февраль ойидан буён Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо ҳамкорлиги икки баробарга ошиб Россия Ўзбекистоннинг биринчи ташқи савдо ҳамкорига айланди.
Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 9 миллиард доллардан ошган, бу эса олдинги йиллардагидан 23 фоизга кўпдир. Бунда Ўзбекистондан Россияга товарлар экспорти ҳажми 47 фоизга ошгани кузатилди.
Аммо, айнан қандай маҳсулотлар Россияга экспорт қилинаётган ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 2022 йилдан буён бу борадаги маълумотларни эълон қилмаётир.
Бундан ташқари, БАА, Бразилия, Германия, Ҳиндистонга ҳам экспорт кўлами ошган, аммо конкрет қандай маҳсулотлар сотилгани ҳақида аниқ расмий маълумотлар йўқ.
Форум