Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:43

Хитой ОАВлари: Тожикистонда 800 мингдан ортиқ бева аёл бор


Хитой веб-сайтидаги тожик аёлларига бағишланган мақола.
Хитой веб-сайтидаги тожик аёлларига бағишланган мақола.

Хитойнинг машҳур веб-сайтларидан бири Тожикистондаги бева аёллар статистикасини эълон қилди. Тожикистондаги демографик вазиятга бағишланган таҳлилий мақола жорий йилнинг май ойида, Эмомали Раҳмоннинг Пекинга ташрифидан кейиноқ интернетда пайдо бўлди ва бошқа маҳаллий ОАВларда кўчириб босилди. Расмий Душанбе мақолага муносабат билдиргани йўқ.

25 май куни Хитойнинг Sohu (搜狐网) ахборот сайти Тожикистонда 800 мингдан зиёд бева аёл борлиги ҳақида ёзди. “Тасаввур қила оласизми, 9 миллион аҳоли яшайдиган Тожикистонда 800 мингдан ортиқ бева бор экан! Сўрашингиз мумкин: уларнинг эрлари қаерда?” дея бошланади мақола.

Муаллиф ахборот манбаларини кўрсатмаган ҳолда, “статистикага кўра, мустақилликдан сўнг Тожикистонда аҳоли сезиларли даражада камайган бўлса-да, бевалар сони кескин ошган”ини иддао қилади.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботларида мамлакатдаги бева аёллар сонига доир маълумот йўқ. Аёллар ва оила ишлари қўмитаси Озодлик радиоси сўровига жавобан бунақа маълумотларга эга эмаслигини билдирди. Тожикистон ОАВлари оилавий ажримлар статистикасини тез-тез эълон қилиб туради, бироқ, Озодликнинг давлат идораларидаги манбалари бева, турмушга чиқмаган ёки ажрашган аёллар бўйича алоҳида статистика юритилмаслигини айтишмоқда.

Экспертлар фикрича, барча эрсиз аёлларни бева деб атамаслик керак. “Тожикистонда эркаклари хорижга ишлагани кетиб, йиллаб уйига келмайдиган оилалар оз эмас. Лекин улар хотинларига пул жўнатишни канда қилишмайди, бинобарин бунақа аёлларни бева деб бўлмайди. Уларга қолса ўқиш ёки ишни деб кеч эрга тегадиган қизлар ҳам “бева”. Бундай мисоллар жуда кўп ва уларнинг бари Хитой сайтида чиққан статистикани шубҳа остига қўяди”, дейди эксперт Саодат Олимова.

Sohu, шунингдек, СССР парчаланганидан сўнг Тожикистонда “ички уруш бошланиб, оқибатда кўплаб эркаклар мамлакатни тарк этган”ини урғулайди. “Сўнгра иқтисодий муаммолар туфайли тожик оилаларидаги қолган эркаклар чет элга ишлагани кетишди. Улар қайтиб келишмади ва СМС-хабар йўллаш билан никоҳ ришталарини узишди”, деб ёзади муаллиф.

Тожикистондаги фуқаролар урушида тахминан 150 минг киши ҳалок бўлган ва уларнинг аксари – уйланишга улгурмаган ёш йигитлар эди. Аёллар ташкилотлари олиб борган суриштирув ва демография статистикасига кўра, фуқаролар уруши йилларида 25 мингдан зиёд аёл бева қолган. 1995 йил февралда тожик қочқинлари билан ишлаган ташкилот ҳам шу рақамни келтирган эди. Мамлакатда тинчлик ўрнатилиб, қочқинлар қайтганидан сўнг вазият ўзгарди. “Тожикистонда ёлғиз аёллар сони бошқа постсовет республикалар, масалан, Россия ва Қирғизистондагига нисбатан анча кам”, дейди Саодат Олимова.

Хитойнинг Sohu (搜狐网) ахборот сайти “Тожикистонда ҳукм сураётган оғир демографик вазият” ҳақидаги таҳлилий мақоласини президент Эмомали Раҳмон жорий йилнинг майида ХХРга келиб-кетганидан сўнг бир оз вақт ўтиб эълон қилди. Тожикистон раҳбари ўшанда Хитойга расмий ташриф билан борган, шунингдек Сиань шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё” саммитида иштирок этганди.

“Тожик бевалари”га бағишланган мақола Хитойнинг бошқа ОАВларида ҳам улашилди.

Тожикистон ҳукумати мақолага ҳануз муносабат билдирган эмас.

Хитой ОАВлари илгари ҳам тожик аёллари ҳақидаги мақолаларида шубҳали маълумотлардан фойдаланган. 2021 йилда “Озод тўлқин” (网易-Wangyi) вебсайти Тожикистонда 200 та фоҳишахона мавжудлиги ва уларда 14 минг нафар “тунги капалак” ишлаши тўғрисида ёзган эди. Мақола муаллифи Жиянг Шен Яна (蒋沈杨) интим хизматлар нархлари 15 юань ёки 20 сомоний (тахминан 2 доллар)дан 1000 сомоний (қарийб 100 доллар)гача эканини қайд этган. “Тожикистонда кўчаларда, бар ва ресторанларда, тунги клублар ва сауналарда фоҳишалар хизматидан фойдаланиш мумкин”, дея қўшимча қилган муаллиф.

Мақоладан яна бир иқтибос келтирамиз: “Марказий Осиё мамлакатларидан бири бўлмиш Тожикистонда гўзал аёллар жуда кўп. Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг мамлакатда фуқаролар уруши бўлгани сабабли, статистикага кўра, бугунги кунда бир эркакка 5 аёл тўғри келади. Боз устига, иқтисодиёт заифлиги ҳам фоҳишалар кўпайишига замин яратмоқда”.

OzodNazar: Ўзбекистон камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибасини қўлламоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:57 0:00

Тожикистон расмийлари Хитой сайти эълон қилган маълумотларни тасдиқламаганлари каби, инкор ҳам этишмади. Танфуруш аёлларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмайди, бироқ 2018 йилда тожик масъул идоралари фоҳишалик билан шуғулланувчи қарийб 6 минг аёлни рўйхатга олган эди. Ўшанда жамоатчи фаоллар ва аёллар ҳақлари ҳимоячилари ҳукумат статистикасини шубҳа остига олган. Хусусан, Тожикистон ноҳукумат ташкилотлари коалицияси раҳбари Гулжаҳон Бобосидиқова Озодлик билан суҳбатда “рақамлар атай жуда ошириб кўрсатилган”ини таъкидлаган.

Саодат Олимова Хитой матбуотидаги бу каби мақолалар хитой эркакларида ижтимоий онгни шакллантириш учун қасддан уюштириляпти, деб ҳисоблайди.

“Хитой ОАВлари нега бунақа мақолаларни чиқаради, биласизми? Энг аввало, ХХРда аёллар жуда камлиги сабабли аксар эркаклар бўйдоқлиги учун. Гап шундаки, Хитой яқин-яқинларгача “Бир оилага бир бола” сиёсатини юргизди. Яъни ҳар бир оилага биттадан ортиқ фарзанд кўриш тақиқланди ва, табиийки, аёллар ёлғиз фарзанди ўғил бўлишини истаб, ҳомиласи қиз бола эканини билганида олдириб ташлашди. Натижада юз миллионлаб хитой эркаклар уйланиш имконидан маҳрум бўлди. Бунақа мақолалар Тожикистонга хавф солади, чунки хитойликлар онггида “Тожикистон бизга асқатади, у ерда бева аёллар ва фоҳишалар кўп экан”, деган тасаввур ҳосил қилиши мумкин”, - дейди Озодлик суҳбатдоши.

Форум

XS
SM
MD
LG