Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:07

Товламачиликда айбланиб қамоққа олинган Олимжон Ҳайдаров очлик эълон қилди


Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг кўчада ҳибсга олингани айтилади.
Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг кўчада ҳибсга олингани айтилади.

29 июль куни Қўқон шаҳрида қамоққа олинган ўзбекистонлик ижтимоий фаол, таниқли блогер Олимжон Ҳайдаров ҳибсхонада очлик эълон қилганини билдирди.

Олимжон Ҳайдаров “подстава”, яъни уюштирилган ва тўқилган айблов билан ҳибсга олинганини қисқа телефон сўзлашувида укасига айтишга улгурган.

Шу куннинг ўзида жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди Олимжон Ҳайдаров “товламачилик”да гумонланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳақида Олий суд матубот хизмати хабар берди.

Блогерни яхши билган ва таниган ижтимоий тармоқ фаолларининг ёзишича, Олимжон Ҳайдаров ҳукумат фаолиятидаги камчиликларни очиқ ва рўйи-рост танқид қилгани ортидан, қамоққа олинган бошқа блогерлар сингари унга ҳам бу айблов уюштирилган.

Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидовнинг Телеграм каналида эълон қилишича, Олимжон Ҳайдаров қамоққа олиниб, Қўқон шаҳар ИИБ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган:

“Бугун жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида Қўқон шаҳар прокурорининг Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган О. Х. (1989 йилда Россия Федерациясида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, муқаддам судланмаган)га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди.

Суднинг 2023 йил 29 июлдаги ажрими билан Қўқон шаҳар прокурорининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, О. Х. га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди”.

Олимжон Ҳайдаровнинг укаси Салимжоннинг Озодликка айтишича, акаси у билан қисқа телефон сўзлашувида, унга нисбатан “подстава” бўлганлигини айтган:

“Кеча акам телефон қилди, бир минутча гаплашдик. Мени “подстава” қилишди, дейишди. Бир танишим билан турганимда келишиб, қўлимни қайириб ўша пулни ушлатишди, деди. Шунча гаплаша олдик, холос. Кейин адвокат орқали менга етказди, “шунақа ноҳақлик бўлгани учун очлик эълон қилдим, дебди”, - деди Салимжон.

Унинг айтишича, акаси ҳозир Қўқон шаҳар ИИБ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда ва у билан кўришишга рухсат берилмаган.

Олимжон Ҳайдаровнинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқни жунбушга келтирди.

Блогерни яхши билган ва унинг фаолиятидан хабардор бўлган ижтимоий тармоқ фаолларининг ёзишича, Олимжон Ҳайдаровнинг ўзи, сўнгги пайтларда фаол блогерларни товламачилик айби билан қамоққа олинаётгани учун, унинг ўзи доим бошқаларни огоҳлантириб келган.

Бобир Мукаддамов
Бобир Мукаддамов

Блогер Мусанниф Адҳам, Олимжон Ҳайдаров “доимги сценарий” асосида қамоққа олинганини ёзди:

Мусанниф Адҳам
Мусанниф Адҳам

Блогер Санжар Саид Ўзбекистонда сўз эркинлиги, судларда адолат таъминланиши йўлида ҳаётини хатарга тикиб фаолият кўрсатиб келаётган Олимжоннинг кимдандир пул талаб қилишига ишонмаслигини ёзади.

Санжар Саид
Санжар Саид

Жамиятшунос Қобил Дўсов эса блогернинг ҳисбга олинишини навбатдаги “спектакл” деб атайди:

“Ғазаб тиғини олса арбоблар,

Буюк мужрим кабидур бегуноҳлар..

Олимжон Хайдаров билан фирибгарлик сув билан мой каби бир-бирига зиддир. Шахсан мен бу спектаклга ишонмайман ўртоқлар.

Муаммо бу каби репрессив қилиқлар билан эмас, сиёсий плюрализм технологиялари асосида ҳал қилинади азизлар”.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бу ҳолатни “жамият учун хавотирли сигнал” деб атайди:

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабарига кўра, “фуқаро О.Х. жорий йилнинг 12 июн куни “Қўқон Истиқлол” савдо комплексида норасмий савдо фаолияти билан шуғулланган тадбиркорларнинг ишончига кириб, уларда норозилик кайфиятини уйғотиш орқали, савдо комплексларидаги реконструкция ишлари бўйича салбий мазмундаги мақолаларни ўзига тегишли ижтимоий тармоқ каналларига жойлаштирган.

Қўшимча равишда, блогер “Қўқон Истиқлол” савдо комплекси МЧЖ расмийларидан товламачилик йўли билан моддий маблағ ундиришга уриниб, ўзи томонидан тайёрланган “Қўқонда ҳуқуқий демократик бошқарувми ёки шаръий бошқарувми?” номли салбий мазмундаги мақолани интернет тармоқларида тарқатмаслик эвазига, 10 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан талаб қилиб, ундан умумий қийматда 7,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, қўшимча 2.500 АҚШ долларини олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”.

Ижтимоий тармоқларда амалдорларни танқид қилиб келган, инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани иддао қилинган судларда иштирок этиб, уларни ёритиб келган Олимжон Ҳайдаров унинг ҳам бошига шундай кун тушиши эҳтимоли борлигини билдириб, ўтган йили эълон қилган постларидан бирида бундай “билдирги” қўйган эди:

“Охирги вақтлардаги айрим постларим сабаб устозимдек кўрган бир яқин ака «Олимжон, бироз эҳтиёт бўлинг, Сатторида бўлгани каби сизга ҳам номардлик қилишмасин» деб насиҳат қилди.

Ўйлаб қолдим, шундай қилишармикан деб.

Фикримча ундай эмас, Фарғонада маҳаллий ҳокимликдагилар, амалдорлар медиага, ОАВга, блогерларга анчайин тоқатли.

Аллоҳни Қадари, тақдиримиз аввалдан аниқ белгиланган бўлса, буни ўйлашдан бирор наф бормиди?

Аллоҳни Қадарига, нимаики берса розиман, Алҳамдулиллаҳ деб қабул қиламан, иншаАллаҳ.

Шундай бўлсада, расмий ўлароқ билдириб қўяй дедим:

Мен ҳар қандай психотроп моддалар истеъмолидан йироқман, на истеъмол қиламан, на сотаман, на олиб юраман, буни шаръий жиҳатдан ҳаром деб биламан(ҳатто нос ёки сигарет ҳам чекмайман), кўчада юрганимда ёнимда совуқ қуроллар олиб юрмайман, қонун билан тақиқланган турли оқимлар, ташкилотлар билан алоқам ҳам тоқатим ҳам йўқ, уларга алоқадор маълумотлардан фойдаланмайман, сақламайман, тарқатмайман, виртуал молиявий операцияларга аралашмайман, улардан фойдаланмайман, Конституцион тузумни на куч билан, на мафкуравий кураш билан алмаштирмоқчи эмасман, одатда жамоат тартибини бузмайман, ҳар қандай ҳуқуқ тартибот органларининг (фақат) қонуний талабларини сўзсиз бажараман.

Ёлғон ахборот тарқатмаганман, тарқатмайман, давлат ёки хизмат вазифасини бажараётган хоҳ давлат ходими бўлсин, хоҳ фуқаро бўлсин уларни ишларига халақит бермаганман, қаршилик кўрсатмаганман, кўрсатмайман, ҳукумат вакиллари ва фуқароларни обрўсизлантирмаганман, обрўсизлантирмайман.

Бирор қизни(жувонни, кампирни) зўрламаганман, зўрламайман, одатда бировни ҳақорат қилмайман, тамагирлик ва фирибгарликдан йироқман, кимгадир туҳмат ёки кимнидир ҳақорат қилмаганман, жинсий қарашим гетеросексуал, гомосексуализм(ЛГБТ)га қаршиман, порнографик материаллардан фойдаланмайман, сақламайман, бировга жўнатмайман, жамоат жойида намойишкорона уят ишлар қилмайман, на онлайн на офлайн қимор ўйинларини ўйнамайман, ўйнашга тарғиб қилмайман”.

Форум

XS
SM
MD
LG