Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:42

Давлат айбловчиси журналист Мавжуда Мирзаевага 6 йил қамоқ жазоси сўради


Журналистлар Мавжуда Мирзаева ва Хуршид Далиев
Журналистлар Мавжуда Мирзаева ва Хуршид Далиев

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судида ўтаётган ёпиқ маҳкама жараёнида давлат айбловчиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг туҳмат, ҳақорат ва товламачилик моддалари билан судланаётган журналист Мавжуда Мирзаевани 6 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

5 сентябрь куни ўтган томонлар музокара ҳақида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Фейсбук саҳифасида хабар берди.

Ташановга кўра, Шайхонтоҳур тумани прокурорининг катта ёрдамчиси Г. Бердиқиличева Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаевани 3 йил давомида профессионал касбий фаолият билан шуғулланишни тақиқлаб, уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш билан жазолашни сўраган.

“Аммо иш куни ниҳоясига етгани боис прокурорнинг музокараси чала қолди. Яъни давлат айбловчиси жазони қай тартибда ўташ масалаларидаги фикрини навбатдаги мажлисда сўрайди”, дейди Ташанов.

Kompromatuzb иши деб аталаётган мазкур маҳкамада Human.uz сайти асосчиси ва раҳбари Хуршид Далиев, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ва “Ўзбекнефтгаз” ширкати матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов, шунингдек, фуқаро Аҳмадилло Аҳмаджоновлар туҳмат, ҳақорат, товламачилик, жиноий даромадларни легаллаштириш сингари айблов билан судланмоқда.

Судланувчилар шу йилнинг 24 январида қамоққа олинган ва ДХХнинг "Гвардейский" номи билан билинган тергов изоляторида сақланиб келмоқда.

“Kompromatuzb иши” юзасидан шу пайтга қадар 10 дан ортиқ гумондорлар ҳибсга олинган. Ҳозирда мазкур иш бўйича айбланувчилардан 5 нафарининг исми жамоатчиликка маълум.

Булар — Human.uz таҳририяти директори Хуршид Далиев (1984 йилда Андижон вилоятида туғилган), Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева (1973 йилда Андижон вилоятида туғилган), «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов (1983 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган), Аҳмадулло Аҳмаджонов (2002 йилда Андижон вилоятида туғилган, кейинчалик эҳтиёт чораси тилхатга алшатирилиб, озод қилинган — Озодлик) ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги собиқ бошлиғи Афзал Ирматовлардир.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, жиноят иши қўзғатилган 2023 йилнинг 3 январидан буён жиноят иши доирасида 200 дан ортиқ шахслар гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари собиқ вазири Нозим Ҳусанов, Ҳукуматнинг бошқа аъзолари, Олий Мажлис депутатлари журналистлар, блогерлар ва жамоат бирлашмалари раҳбарлари бор.

Айблов хулосасига кўра, Х. Далиев ва бошқалар "товламачилик йўли билан молия муассасаларини реклама ва бошқа ижтимоий роликлар кўринишида Human.uz ва бошқа сайтларда чиқишлар қилишга мажбурлаган".

Айбланувчилар мазкур молия муассасалари ва бошқа идораларнинг ходимлари билан алоқа ўрнатиб, уларнинг касбий фаолияти ва шахсий сирларига оид маълумотларни қўлга киритиб, улардан товламачилик воситасида фойдаланишгани иддао қилинади.

Ҳозирга қадар судланувчилар ёки адвокатларининг ушбу айбловлар юзасидан берган кўрсатмалари жамоатчиликка маълум эмас. Жиноят ишининг ДХХ томонидан қўзғатилгани, тергов ва маҳкама атрофидаги махфийлик маҳаллий журналистлар ва жамоатчиликда хавотирларни пайдо қилган.

XS
SM
MD
LG