Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:28

HRW қамоқдаги қорақалпоқ фаоли Тажимуратовнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирди


Даулетмурат Тажимуратовга Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилган ва 16 йилга қамалган.
Даулетмурат Тажимуратовга Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилган ва 16 йилга қамалган.

Human Rights Watch Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида 16 йилга қамалган Даулетмурат Тажимуратовнинг хавфсизлигини таъминлашни Тошкентдан сўрамоқда.

Аввалроқ Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров 18 сентябрь куни Навоий вилоятидаги колонияда у билан учрашганини маълум қилганди.

Майоровнинг таъкидлашича, колония ходимлари Тажимуратовга муносиб тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортмоқда. Тажимуратовнинг батафсил кўрикдан ўтказиш ва муносиб тиббий ёрдам бериш қонуний талаблари бажарилмаяпти, деди Майоров.

Адвокат, шунингдек, мижози ташқи дунёда бўлаётган ҳар қандай жараёндан бутунлай бехабар қолдирилаётганини айтди. Хусусан, унга на радио эшитиш, на қамоқхона кутубхонасидан фойдаланиш, на босма матбуотни ўқиш учун имкон берилмоқда. Адвокатга кўра, Тажимуратов бир одамлик камерада ёлғиз сақланмоқда.

“Қоидага кўра, у меҳнат ҳуқуқига эга ва иш билан таъминланиши керак, лекин бу ҳуқуқ ҳам унга рад этилган. Уни меҳнатдан ёки бошқа маҳкумлар билан мулоқотдан маҳрум этиш қонунда тақиқланган, лекин булар унга қўшимча жазо сифатида ижро ҳокимияти томонидан қўлланилмоқда”, - дейди Майоров. Адвокатнинг баёноти ижтимоий тармоқлар ва YouTube видеохостингида эълон қилинган.

Сергей Майоров ҳуқуқбонлар билан суҳбатда ҳибс шароити Тажимуратовнинг соғлиғига жиддий таъсир қилаётганини, у сезиларли даражада вазн йўқотганини айтди.

HRW Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман Тожимуратов, ҳар қандай маҳбус каби, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазодан ҳимояланиш, шунингдек, бошқа асосий ҳуқуқлар, жумладан, муносиб озуқа ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидламоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти қайд этишича, Ўзбекистон ҳукумати маҳкумнинг жазони ўташ даврида унинг хавфсизлиги учун жавобгардир. Ўзбекистон ҳукумати Тажимуратов ҳибсда зарар кўрмаслигини ва бошқалардан ноқонуний равишда ажратилмаслигини таъминлаши керак.

“Тожимуратов ҳибсда сақланмаслиги керак. Унинг ягона "айби" Конституцияга [Тошкент томонидан] таклиф қилинган, агар қабул қилинса, Қорақалпоғистонни суверен мақомидан маҳрум қиладиган тузатишларга қарши тинч намойиш қилишга чақирганидир”, деб ёзади Ритман.

Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан ҳукум Нукус воқеалари бўйича Бухорода шу йилнинг 31 январида якунланган судда ўқилган эди. Судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Илк суд бўйича 16 судланувчининг шикоятларини апелляция тартибида кўриб чиқиш шу йил 5 июнида якунланган. Олий суд ажримига кўра, Даулетмурат Тажимуратовга белгиланган 16 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилган, 8 нафар судланувчининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган, 6 нафар судланувчининг эса жазо муддати қисқартирилган.

Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари ўтган йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган эди. 1 ва 2 июль кунлари кузатилган норозиликлар чоғида, расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

XS
SM
MD
LG