Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:21

Тоқаев илк бор Шинжонга ташриф буюрди


Айни кунларда Хитойда расмий ташриф билан бўлиб турган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Шинжон-Уйғур мухториятига борди.

Бу 2019 йилдан буён Қозоғистонга раҳбарлик қилаётган сиёсатчининг мухтор ҳудудга илк ташрифидир.Оқўрда матбуот хизматига кўра, Тоқаев Урумчида Шинжон-Уйғур автоном райони Компартияси партия қўмитаси котиби Ма Синжуй билан учрашиб, “минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари”ни муҳокама қилади.

Халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари Хитойда 2017 йилдан буён уйғур, қозоқ, қирғиз каби ислом динига эътиқод қилувчи туркий миллатлар вакиллари “қайта тарбиялаш” лагерларида ноинсоний муносабат ва қийноқларга солинган ҳолда сақланаётгани ҳақида бонг уриб келади.
Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабарида Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ма Синжуй учрашувида Шинжондаги этник қозоқлар ҳолати муҳокама этилиши қайд этилмаган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Хитой ҳукумати Шинжон ўлкасидаги бир миллиондан зиёд мусулмонларни тергов ва маҳкамасиз “қайта тарбиялаш” лагерларида тутқун сифатида ушлаб турибди.

Human Rights Watch Шинжонда “инсониятга қарши жиноятлар” содир этилмоқда деб ҳисоблайди. Хитой маъмурияти бу айбловни рад этади.

Расмий Пекин сиёсий лагерларни “касбий тайёргарлик марказлари” деб атаб, кўрилаётган чораларни “экстремизмга қарши кураш” важи билан изоҳлаб келади.

Остона Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятидаги сиёсати юзасидан расмий муносабат билдирмаган, аммо шинжонлик қозоқлар Қозоғистонга “дипломатик каналлар орқали” қайтарилаётганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG